20 жумадул аввал 1446
Асирларни қутқариб олиш. Фидя

 

Мутталиб ибн Абу Вадоа Саҳимий мушрикларнинг тақиқлашига қарамай яширинча Мадинага келди-да, тўрт минг дирҳам тўлаб отасини қутқариб олди. Шундан кейин Қурайш мушриклари ҳар бир одам учун мингдан тўрт минг дирҳамгача товон тўлаб, ўз яқинларини асирликдан озод қилишди. Пули йўқ, лекин илмли одамлар мадиналик ўнта боланинг саводини чиқариб, тутқунликдан қутулиши мумкин эди. Абу Суфёнга товон тўлаб ўғлини қутқариб кетиш таклиф этилганда, у қатъиян рад этиб: «Мен ҳеч қачон ҳақ тўлаб ўғлимни қутқармайман. Унинг ихтиёри Муҳаммадда, нима қилса ўзи билади», деди. Шундан кейин бу ёвуз кимса Каъба зиёратига борган Саъд ибн Нуъмон Ансорийни тутиб олиб, қамаб қўйди. Расулуллоҳ Абу Суфённинг ўғлини Саъд билан алмаштиришга мажбур бўлдилар.

Асирлар орасида Пайғамбар алайҳиссаломнинг куёви Абул Осс ибн Рабиъ ҳам бор эди. Мусулмонлар билан мушриклар ўртасида зиддият кучайган пайтда маккаликлар ундан Расулуллоҳнинг қизи Зайнабни қўйиб юборишни талаб қилишди. Абул Осс иймонга келмаган бўлса-да: «Менинг қўядиган хотиним йўқ. Қурайшда унга тенг келадигаи яхши хотин топилмайди», деган эди. Зайнаб эрини асирликдан қутқариш учун тўй куни онаси Хадижа бўйнига тақиб қўйган марваридни отасига юборди. Ҳам Хадижани эслаб, ҳам қизининг чорасиз аҳволига ачиниб кўнгли бузилган Расулуллоҳ саҳобаларга: «Абул Оссни қўйвориб, марваридни қизимга қайтариб берсанглар, бўлармикин», дедилар. Саҳобалар розилик беришди. Пайғамбар алайҳиссалом Зайнабнинг Мадинага кўчиб келишига рухсат бериш шарти билан Абул Оссни озод қилдилар. Орадан кўп ўтмай, Зайнаб Мадинага етиб келди. Макка фатҳ этилиши арафасида Ислом динига кирган Абул Оссга Зайнаб аввалги никоҳи бўйича қайтариб берилди.

Суҳайл ибн Амр фасоҳатли нотиқ бўлгани учун мусулмонларни ҳақоратлаб кўп озор етказган эди. У асирга тушганда Умар ибн Хаттоб: «Эй Расулуллоҳ, ижозат беринг, Суҳайлнинг икки тишини суғуриб олай, токи сизни ёмонлаб гапиролмайдиган бўлсин», деди. Расулуллоҳ: «Мен бировнинг аъзосига зарар етказиб, майиб қилмайман. Золимлик қилсам, Пайғамбар бўлишимдан қатъий назар Аллоҳ мени ҳам шу кўйга солади. Келажакда Суҳайл Исломнинг фойдасига сўз айтса, ажаб эмас», дедилар. Микроз ибн Ҳафис нотиқ учун тўланадиган ҳақ миқдорини келишгач, Суҳайл озод этиладиган, лекин то товон пули келгунча Микроз гаровда қилган башоратларини рўёбга чиқарди. Сарвари олам вафот этганларидан кейин маккаликларнинг бир қисми бошқа араблар каби диндан қайтмоқчи бўлганда, Суҳайл ўрнидан турди-да, Худога ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруд ўқиди ҳамда йиғилганларга хитоб этиб: «Эй халойиқ! Кимки Муҳаммадга ибодат қилмоқчи бўлса, у киши оламдан ўтди. Кимки Аллоҳга ибодат қилишни истаса, у тирик, худо абадий барҳаёт! Зумар сурасининг 20-ояти эсингиздами? Аллоҳ: «Сен ҳам албатта ўласан, улар ҳам ўлиши аниқ», дейди. Бундан ташқари Оли Имрон сурасининг 144-ояти айнан сизлар ҳақингиздадир: «Муҳаммад бор-йўғи бир пайғамбар, ундан аввал ҳам талай пайғамбарлар ўтган. У оламдан ўтса, ёки ўлдирилса, дарров иймондан қайтасизларми?» Худо ҳақи, мен аниқ биламанки, Ислом дини худди қуёш нуридек ер юзига тарқалади. Абу Суфёнга алданманглар, у Исломнинг ҳақ дин эканини жуда яхши билади, фақат ҳасадгўйлиги туфайли унга қарши туради. Роббингизга таваккал қилинг! Аллоҳнинг дини кенг тарқалади. Аллоҳнинг сўзи ҳақ. Аллоҳни ёқлаган кишига яратганнинг ўзи мадад беради. Худо ўз динига қувват ато этади. Яратган эгам сизларни бирлаштиргани учун ҳаммадан фазилатли Абу Бакрни Пайғамбар алайҳиссаломнинг халифаси қилиб сайладингиз. Бу билан Ислом дини янада кучга киради. Кимки диндан қайтиб, муртад бўлар экан, шартта калласини оламиз».

Бу гап аросатда юрган одамларни сергаклантирди, ҳақиқий мусулмонларнинг иймонини янада мустаҳкамлади. Суҳайл ҳақида айтилган фикр Расулуллоҳнинг мўъжизаларидан биридир.

Валид ибн Валидни Холид билан Ҳишом қутқариб олишди. Валид Маккага қайтиб келгач, мусулмон бўлди. Унга: «Товон тўланмасидан олдин иймон келтириб қўя қолсанг, бўлмасмиди?» дейишганда, «Одамлар қўрққанидан Исломга кирибди, дейишмасин деб атай шундай қилдим», дея жавоб берди. Унинг Ислом динига кирганидан ғазабланган қариндошлари Мадинага кетишига йўл қўйишмади, Расулуллоҳ Каъба зиёратига келганларида Валид пайт пойлаб у кишиинг ёнига қочиб кетди.

Бадр урушида мушрикларнинг аъламдори бўлган Соиб ибн Язид Ислом оламининг мўътабар имомларидан Шофеий Муҳаммад ибн Идриснинг бобокалонидир.

Тутқун Ваҳобнинг отаси Умайр қурайшларнинг шаётинларидан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга кўп азият етказган эди. Кунларнинг бирида Сафвон ибн Умайя билан Бадр жангида бошларига тушган мусибатларни эслаб ўтиришганда Умайр дардини тўкиб солди: «Агар бировдан қарздор бўлмаганимда, мендан кейин бола-чақамнинг ҳоли не кечаркин, деган ташвиш қийнамаганда, Мадинага бориб, Муҳаммадни ўлдириб, асирликда қийналаётган ўғлимни қутқариб келардим», деди. Сафвон: «Ундай бўлса, қарзларингни мен тўлайман, бола-чақангнинг ҳолидан хабар олишга сўз бераман», деди.

Умайр қиличига заҳар суви бериб, Мадинага йўл олди. Бир тўда мусулмонлар билан суҳбатлашиб ўтирган Умар қилич осиб келган Умайрга кўзи тушиб: «Манави Аллоҳнинг душмани бўлган ит яхши ният билан келмаган», деди-да, дарров Пайғамбар алайҳиссаломга хабар юборди. Расулуллоҳ Умайрни ҳузурларига олиб келишни буюрдилар. Умар душманнинг қиличидан тутганча ичкарига бошлаб кирди. Пайғамбар алайҳиссалом уни қўйиб юборишни буюрдилар ва Умайрни яқинроқ келишга таклиф этдилар. Умайр яқинроқ келиб: «Эртангиз хайрли бўлсин!» деди. Расулуллоҳ: «Парвардигори олам сенинг саломингдан яхшироқ саломни ўргатди», дедилар ва унинг нима мақсадда келганини сўрадилар. Умайр: «Қўлингизда банди бўлиб ётган ўғлим учун келдим, унга мурувват қилинглар», дея ўтинди. «Ундай бўлса, нега қилич кўтариб келдинг?» деб сўрадилар Пайғамбар алайҳиссалом. «Худо урсин бу қилични, кунимизга ярамади-ку», деди Умайр. «Ростини айт, нима мақсадда келдинг?» дея қайта сўрадилар Расулуллоҳ. «Айтдим-ку, асир ўғлимни қутқаргани келдим», деди Умайр. «Ёлғон гапиряпсан, — дедилар Расулуллоҳ. — Сен Сафвон билан тош устида ўтириб, мени ўлдиришга қасам ичдинг. Сафвон қарзингни тўлашга ваъда бериб, қутқу солди». Эси оғиб қолган Умайр: «Сенинг нуқул осмондан келишингга, ваҳийларингга ишонмаган эдим, лекин бу гапларни қандай билдинг? Ахир биз гаплашган ерда Сафвон иккаламиздан бошқа бирон тирик жон йўқ эди-ку», деди. Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга: «Қариндошингиз Умайрга Қуръон билан диний аҳкомларни ўргатиб, ўғлини қўйиб юборинглар», деб тайинладилар. Умайр Маккага қайтиб боргач, мусулмон бўлганини эълон қилди.

Абу Азиз ибн Умайрни онаси тўрт минг дирҳам тўлаб кутқариб олди.

Пайғамбар адайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб Бадр жангига мажбуран қатнашган эди. Шу боис товон тўлашдан бош тортди. Лекин Расулуллоҳ: «Душман сафида бўлганинг учун ҳам қариндошинг Уқайл иккаланг товон тўланмагунча озод этилмайсизлар», дедилар. Улар товон тўлаб озод бўлишди. Кетиш олдидан: «Мени қурайшларнинг орасида бир умр косаси оқармайдиган гадо қилиб қўйдинг», дея ёзғирди Аббос. «Бекорларни айтибсан,— дедилар Расулуллоҳ. — Сен Бадрга келишдан олдин Уммул Фазлга жуда кўп мол-мулк қолдириб, қайтиб келсам, оламан, мабодо ўлиб кетсам, сенга бўла қолсин, демабмидинг?». Аббос буни ҳеч ким билмаган эди-ку, деб довдираб қолди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз қариндошига ён босмай қилган муомаласи энг адолатли ҳукмдир. У киши Аббоснинг жангга мажбуран чиққанини билсалар-да, барибир, афв этмадилар. Ваҳоланки, ҳеч вақоси йўқ камбағалларни кечириб, асирликдан озод қилиб юбордилар. Бу чинакам исломий адолатнинг мумтоз намунасидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мусулмонларга адолатли ва ростгўй бўлиш таълимини бериб, Нисо сурасининг 135-оятида: «Эй мўминлар, ўзингиз, ота-онангиз ё қариндош-уруғингизнинг зарарига гувоҳлик бериш лозим бўлса-да, Аллоҳни назарда тутиб, гувоҳликда одил бўлинглар», дейди. Мана шу исломий ахлоқ намуналарини Пайғамбар алайҳиссалом асирларга муносабатда намоён этдилар.

Шоир Абу Узза Жумаҳий Маккада яшаётганларида Расулуллоҳни ҳажв қилиб, кўп азият етказган эди, асирга тушгач: «Менинг бола-чақали, камбағал одамлигимни биласан, раҳм қилиб, қўйиб юборгин», деб ялинди. Пайғамбар алайҳиссалом илтифот кўрсатиб уни қўйиб юбордилар.
10:29 / 13.04.2012
Аввалги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...