22 жумадул аввал 1446
Mуҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон (12)

Пайғамбар алайҳиссаломнинг тураржой, бозор ва бошқа жойларни тартибга келтириш ва  лойиҳалаштиришга боғлиқ бўлган дунёвий илмларининг комиллиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам манзиллар ва ҳовлилар қурилишини тартибга келтириш, лойиҳалаштириш ишларига аҳамият берардилар. Манзилларни кўча, йўловчи, қўни-қўшни, масжид ҳаққига риоя қиладиган асосда лойиҳалаштириб, тартиблаш борасида ҳам чуқур илму маърифатлари бор эди. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам талабга жавоб берадиган қоидалар - масалан бир жойда қурилиш қилса бўладими ёки бўлмайдими шу каби қоидаларга ҳам риоя қилардилар. Мана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лойиҳаларига кўра ҳовлиларнинг ҳам ўзига хос ўрни, ҳаммомнинг ҳам бозорнинг ҳам ўзига муносиб ва лойиқ ўрни бордир. Баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишларни жорий қилишда ҳамда керакли нарсаларга йўналтиришда бевосита ўзлари қатнашардилар.

Ибн Саъд ўзининг «Табақот» китобида ривоят қилади: «Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада уй-жойлар, ҳовлиларни тақсимлаб бераётганларида, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга бугунги кундаги уйларининг лойиҳасини чизиб бергандилар».

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кенг, очиқ жойга чиқиб: «Мана бу жой ҳаммом учун нақадар яхши жой экан», деб айтдилар. Кейин ўша жойда ҳаммом қурилди. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳандислик, қурилиш ҳамда атмосферанинг шамолли томонлари борасидаги маърифатларига боғлиқдир.

Абу Довуд ўзларининг «Сунан»ларида ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алйҳи васаллам бир кишини лашкаргоҳга бориб: «Ким бирор маконни торайтирса ёки йўлни тўсса, ул учун жиҳод йўқдир», деб нидо қилишини тайинлаб юбордилар. Бунинг боиси, ўшанда саҳобалар маконларни торайтириб, йўлларни тўсаётган эдилар . Бундан маълум бўляптики, Пайғамбар алайҳиссалом ҳатто сафар чоғида чодирларни ўрнатишда ҳам тартиб-интизомни ёқтирардилар. Ана энди янги ерларни ўзлаштиришда, қурилажак биноларда тартибга риоя қилишни қандай қилиб ёқтирмаслари мумкин?

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иншоотларни тўғри қоидаларга мувофиқ бўлишини буюрардилар. Шунинг учун ҳам ул Зот алайҳиссалом қўшнининг ҳаққи тўғрисида сўраган кишига: «Уйингни унинг уйидан юқори қилиб юбормагин, чунки унга келадиган шамолни тўсиб қўясан, қозонингнинг ҳиди билан ҳам азият берма, мободо азият берадиган бўлсанг, унга ҳам овқатдан сузиб бер», деб айтганлар. Бошқа бир ривоятда эса: «Қўшнига келадиган шамолни фақат унинг изни ила тўсиб қўйса бўлади», деб айтганлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозор ўрнини танлаб берар, кўрсатма берар ва ҳатто ўзлари ҳам бошу қош бўлиб кузатардилар. Бир куни бозор ўрнини кўрганларида ул Зотга ёқиб қолди. Ўша жойга пиёда юриб бордилар ҳамда: «Бу бозорларингиз нақадар яхши экан, ундан бирор нарса камайтирилмасин», деб айтдилар. Бундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эски бозорга борганларида: «Бу жой сизлар учун бозор ўрни қилишга ярамайди», деб айтдилар. Сўнгра бошқа ўринга бориб, ўзларининг илиқ сўзларини айтдилар ва шу ерда бозор қуришга қизиқтирдилар. (Ибн Можа ва Табароний ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бозор ишларига шу қадар эътибор қаратардиларки, ўзлари бозорчиларнинг ҳолатларини кузатар, бозорда нималар бўлаётганини суриштирар ҳамда бу нарсага мукаммал риоя қилардилар. Бозорчилар отлиқ сотувчилардан таом сотиб олаётганларини билиб қолсалар, уларни бу ишларидан қайтарадиган кишини юборардилар. Гоҳида эса бозорчиларни ана шундай қилганлари учун таъзир берардилар. Имом Бухорий саҳиҳларида Ибн Умардан ривоят қиладилар: «Улар (бозорчилар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида таомни отлиқ сотувчилардан сотиб олардилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то отлиқ таом сотиладиган жойига етиб боргунича, бозорчиларнинг сотиб олган нарсаларини сотишларидан қайтарадиган кишини юбордилар».

Пайғамбар алайҳиссалом отлиқ сотувчиларни бозор ўрнига киришларидан олдин пешвоз чиқиб кутиб олишдан қайтарганлар, бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар мавжуд. Шаҳарлик киши саҳролик киши учун сотиб беришидан ҳам қайтарганлар. Баъзан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда бўлаётган нарсаларни кузатиш учун шахсан ўзлари қатнашардилар. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилади: Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уюм таом сотиб турган кишининг олдидан ўтиб, қўлларини ана шу таомнинг ичига киргаздилар. Шунда қўллари ҳўл бўлди. Кейин: «Эй таом эгаси, бу нимаси?», деб сўрадилар. Шунда у киши: «Ё Расулуллоҳ, унга ёмғир теккан эди», деди. Расулуллоҳ: «Сен ўша ёмғир  сувини инсонлар кўришлари учун таомнинг теппасига чиқариб қўйсанг бўлмасмиди?» деб танбеҳ бердилар, сўнгра: «Ким алдаса, бизлардан эмас», деб айтдилар. Имом Термизий бу ҳадисни ҳасан, саҳиҳ деб айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фатҳдан сўнг Саид ибн Саид ибн Осни Макка бозорига, Умар розияллоҳу анҳуни эса Мадина бозорига ҳакам қилиб тайинлагандилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозор ишига эътибор беришларига мисол, ул Зот тарозибонларни назорат қилар ва адолатли, мурувватли бўлишга буюрардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:«Бозорчиларнинг нарсаларини ўлчаб берадиган тарозибон бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Оғирлигини ўлча ва тарози палласини оғирроқ қил», деб айтдилар. Бу гапларининг маъноси хурмони ўлчаганда, хурмо турган паллани зиёда қилиб бер деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорларда моллар, таварларнинг таъминлашга, уларни кўпайтириш, ривожлантиришга аҳамият берардилар. Албатта, бундай эътибор қилишлари бозорларда таварларни қўлга киритиш онсон бўлиши ҳамда нарху наволар қимматлашмаслиги учундир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жалб қилувчи ризқланувчидир. Иҳтикор қилувчи[1]лаънатлангандир», деб айтганлар. (Ибн Можа ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни айрим касб эгаларидан огоҳлантирардилар қачонки, уларнинг ёлғон ва ғирромлик ишлатаётганларини билсалар. Бу борада Пайғамбар алайҳис салом: «Инсонларнинг ёлғончироғи бўёқчи ва заргарларидир», деб айтганлар. Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилиб, «Фатҳ» номли китобда «Бу исноди музтариб бўлган ҳадисдир», деб айтган. Имом Аҳмад ва бошқа ровийлар ҳам мазкур ҳадисни ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олди-сотди, тижорат, бирор иш қилиш ҳамда турли касблар билан шуғулланиш мақсадида бозорларга чиқишга қизиқтирардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларига фақирликдан шикоят қилиб келган кишини ўтин теришга қизиқтириб: «Мана бу водийга боргин-да, бирор ўтинни ҳам тиконни ҳам қолдирмай тергин. Менинг олдимга эса ўн кундан кейингина келасан», деб айтдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай қилишлари ўтин териш меҳнатига ундаш ҳамда қизиқтириш демакдир.

Бир куни Саъд ибн Оъиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўқчилликдан шикоят қилиб келдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тижорат билан шуғулланишга буюрдилар. Шундан кейин Саъд ибн Оъиз бозорга чиқиб озгина акатсия пўстлоғидан сотиб олди, кейин уни сотиб фойда кўрди. Бу ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берганида ул Зот алайҳиссалом бу ишида бардавом бўлишига буюрдилар. Саҳобий бу тижоратида бардавом бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш йигитларни савдо-сотиқ билан шуғулланаётганларини кўриб қолсалар, уларга Аллоҳ таолодан барака тилаб, дуо қилиб қўярдилар, улардан хурсанд бўлиб,   шижоатлантирардилар. Бир куни Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг олдидан ўтиб қолдилар. Абдуллоҳ ибн Жаъфар ёш йигит бўла туриб, тижорат билан шуғулланарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, унинг савдосига барака ато эт», деб дуо қилиб қўйдилар. Омирийнинг ривоятида Абдуллоҳ ибн Жаъфар: «Биз ёш йигитчалар эдик, бозорда ишлардик», деб айтганлар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бозорга эътибор беришларига мисол, ул Зот бозорларда олди-сотди билан шуғулланадиганларни тижоратчилар, деб номлагандилар. Ҳолбуки уларни илгари самасирлар – даллолчилар деб аташарди. Ибн Можа Қосс ибн Абу Изорадан ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида самасирлар - даллолчилар, деб номланардик. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг олдимиздан ўтиб қолдилар ва бизларни ундан кўра гўзалроқ исм ила номлаб: «Эй тижоратчилар жамоаси, албатта, савдо-сотиққа ёлғон ва қасам сўзлар аралашади, шунинг учун ҳам сизлар унга садақани қўшинглар», деб айтганлар, Табароний мазкур ҳадисга қуйидаги қўшимчаларни зиёда қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни тижоратчилар деб номлаганларнинг энг биринчиси эдилар».  Бу ҳадисни Имом Термизий ҳам ривоят қилиб, «Тижоратчилар ва уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай номлашлари ҳақидаги боб» деб айтганлар.

Савдогарларни ўша вақтларда арабларнинг урфида симсор – (даллол) дейилишидан кўра тижоратчи деб аталиши шарафлироқ саналарди. Тижоратчи деб аталишининг шарафли томони шундаки, эҳтимол, ўша вақтларда самасирлар, деб солиқ йиғувчиларга нисбатан ишлатиларди ёки бу исм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида нуқсонли кишиларга нисбатан айтиларди.

Яна ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг комил маърифатларидан бири тикувчиликни билишларидир. Саййидамиз Оиша онамиз розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларини қилардилар, кўпинча тикиш билан машғул бўлардилар».

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий маърифатларининг комиллиги – ул Зот бурни кесилган кишига тиллодан бўлган бурунни ясаб олишга буюришларидан ҳам очиқ-ойдин намоён бўлади. Бу ҳақда Абу Довуд «Сунан»ларида ривоят қиладилар:««Килоб» куни Арфажа ибн Саъднинг бурунлари кесилиб кетганида, кумушдан бурун ясаб олади. Шунда бурунларидан бадбўй ҳид кела бошлайди. Буни билган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тиллодан бурун ясаб олишга буюрадилар». Имом Термизий «Сунан»ларида айтадилар: Кўплаб аҳли илмлардан ривоят қилинганки, саҳобалар тишларини тилло билан маҳкам қотирардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсага ишора қилиб: «Тиллонинг хусусияти сасиб, бадбўй ҳид чиқармасликдир», деб айтганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани, у ерда ўсадиган дов-дарахтлар ва ўсимликларни кесишни ҳаром, деб эълон қилганларида, Аббос розияллоҳу анҳу: «Заргарларимиз учун керак бўлган, томларимизга шифо бўладиган изхир бундан мустасноми?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ: «Изхир бундан мустасно», деб рухсат бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини ўз ҳунарини гўзал ва пухта бажараётганини кўриб қолсалар, ўша ишни бу ҳунар эгасига топширардилар ҳамда ўша ҳунари борасида барчага машҳур бўлгунига қадар шижоатлантириб турардилар. Мана, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам Қойс ибн Толқ ал-Ҳанафийни саҳобалар билан масжид қурилишида қатнашиб, лой қориш ишини гўзал ва моҳирлик ила бажараётганини кўриб қолдилар. Шунда лой қориш ишини Қойсга топширадилар-да: «Лойни унинг яқинига қўйинглар, чунки у бу ишни яхшироқ билади», деб айтдилар. Қойс ибн Толқнинг ўзи бу воқеа шундай ҳикоя қилади: «Мен Мадина шаҳрига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг қурилишида саҳобалар билан ишлаётган эдилар. Мен лой қориш ишини яхши билардим. Тезда белкуракни олиб, лойни қорий бошладим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вааллам эса менга қараб: «Бу Ҳанафий деганлари лой қориш борасида уста экан-у», деб айтдилар. Бошқа бир ривоятда Қойс ал-Ҳанафий ҳақида Пайғамбар алайҳис салом: «У лой қоришда устароғингиздир», деб айтганлар.

Ибн Рушднинг «Ал-Баён ват таҳсил» номли китобида Имом Моликдан, шунингдек Каттонийдан нақл қилиб айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қабрнинг олдида тўхтаб турдилар, қабр ғиштлари ёмон терилганини кўриб қолдиларми, уни тузатиб қўйишга буюрдилар ҳамда: «Албатта, Аллоҳ таоло бандасининг ўз ишини гўзал ва пухта бажаришини яхши кўради», деб айтдилар».

[1] Ҳамма таварларни сотиб олиб манаполияга айлантириш.

09:13 / 10.07.2015
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...