Мушрикларни шу қадар ваҳима босган эдики, уларнинг лашкарбошиси Абу Суфён орамизга душман қўшилиб қолмасин, деб ҳаммани қўл ушлашиб юришга буюрди ва биринчилар қатори туясининг жиловини еча бошлади. Қочишни лашкарбошининг ўзи бошлаб бермоқчилигини кўрган Сафвон ибн Умайя унинг йўлини тўсиб: «Ҳаммага бошлиқ бўла туриб жуфтакни ростлаб қолмоқчимисан?» деди. Ўз қилмишидан уялган Абу Суфён чекинишни буюрди. Мусулмонлар ҳужум қилиб қолмасин, деган хавотирда Холид ибн Валид бошчилидаги бир гуруҳ сарбозга сафнинг орқасини қўриқлаб боришни буюрди. Шу билан Аллоҳ таоло мусулмонларни араб мушриклари билан яҳудийлардан таркиб топган катта қўшиннинг ҳужумидан асраб қолди, агар Парвардигор уларга илтифот ва марҳамат кўрсатмаса, вазият кескинлашиб, кўп одамнинг ёстиғи қуриши муқаррар эди.
Зулқаъда ойида юз берган бу воқеа Қуръони каримдаги Аҳзоб сурасининг 9 − 13-оятларида ҳақли равишда яратганнинг неъмати деб аталади: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланглар! Ўшанда устингизга лашкар бостириб келган эди, биз уларга бўрон ва сизларга кўринмайдиган қўшин (фаришталарни) юбордик. Аллоҳ сизларнинг қилган ишларингизни кўриб турди. Ўшанда улар юқоридан ҳам, пастдан ҳам (бостириб) келган, (қўрқувдан) кўз олдингиз қоронғилашиб, ўпкангиз бўғзингизга тиқилиб қолган. Аллоҳ ҳақида ҳар хил хаёлларга борган эдингиз, шу жойда мўминлар синалган ва қаттиқ саросимага тушган эди. Шу лаҳза мунофиқ ва дилларида кудуратлари борлар Аллоҳ ва унинг Пайғамбари бизга қуруқ ваъдаларни беришган экан, дейишарди. Шу аснода улардан бир гуруҳи: «Эй ясрибликлар, бу ерда турмай қайтиб кетинглар», дерди. Улардан яна бир гуруҳи уй-жойимиз очиқ-сочиқ (қолган), деб рухсат сўрашди. Уларнииг уй-жойи очиқ-сочиқ эмас, фақат (қочиб қолишнигина) кўзлашган».