8 жумадис сони 1446
Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизалари

   Аввал таъкидлаб ўтилганидек, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.

  Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари У зотнинг Пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди.

   Шундоқ бўлса ҳам мазкур мўъжизалар У зотнинг ҳаётларида кўп марталаб содир бўлганини ҳамма таъкидлайди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам битилган. Қуйида ана ўша мўъжизаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

                                               У Зотнинг панжалари орасидан сув чиқиши

   Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

   «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Завроода саҳобалари билан турганларида у Зотга бир идиш келтирилди. Шунда у Зот қўлларини идишга солдилар. Бас, у Зотнинг панжалари орасидан сув чиқа бошлади. Қавм таҳорат қилди. Қатода айтди: «Мен Анасга: «Нечта эдинглар?»  дедим. «Уч юзта ёки уч юзта атрофида»,  деди».

   Икки шайх ривоят қилган.

   Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

   «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аср намози вақти бўлганда кўрдим. Таҳорат суви изланди. Уни топа олмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви келтирилди. Бас, у Зот ўша идишга қўлларини солдилар ва одамларга ундан таҳорат қилишга амр қилдилар. У Зотнинг панжалари орасидан сув чиқаётганини кўрдим. Бас, одамлар таҳорат қилдилар. Битталари ҳам қолмай таҳорат қилдилар».

   Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

   Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиқдилар. У зот билан саҳобаларидан баъзи кишилар бор эди. Йўлда кетаётганларида намоз вақти бўлди. Таҳорат қилгани сув топмадилар. Қавмдан бир киши бориб бир қадаҳда озгина сув келтирди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таҳорат қилдилар. Кейин тўрт бармоқларини қадаҳга чўздилар ва: «Туринглар, таҳорат қилинглар», дедилар. Бас, қавм хоҳлаганларича таҳорат қилдилар. Улар етмиштача эдилар».

   Бухорий ривоят қилган.

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбия куни одамлар чанқаб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кичик меш турарди. Бас, у Зот таҳорат қилдилар. Одамлар у Зот томон шошилдилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизларга нима бўлди?»  дедилар. «Ҳузурингиздагидан бошқа таҳорат қилишимизга ҳам, ичишимизга ҳам сув йўқ»,  дейишди. Бас, у Зот қўлларини кичик мешкоб ичига солдилар. Шунда панжалари орасидан худди булоқларга ўхшаб сув отилиб чиқа бошлади. Биз ҳам ичдик, ҳам таҳорат қилдик. «Неча киши эдинглар?»  дейилди. «Юз мингта бўлганимизда ҳам етар эди, ўн беш юзта эдик»,  деди.

   Бухорий ривоят қилган.

                                          У Зотнинг баракалари ила оз сувнинг кўпайиши

   Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто унда бир қатра ҳам қолдирмадик. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг четига ўтирдилар. Сўнгра сув сўрадилар. Кейин оғизларини чайиб туриб қудуққа пуфладилар. Бироз кутиб турдик. Сўнгра ичиб-ичиб сероб бўлдик. Уловларимиз ҳам сероб бўлдилар».

     Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

   «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. У Зот мени ўз олдиларидаги маркабга қўйдилар. Жуда ҳам қаттиқ чанқадик. Юриб бораётсак, бир аёл икки кўзанинг орасида оёғини осилтириб ўтирибди. Биз унга:

   — Сув қаерда? – дедик.

   — Сув йўқ, – деди у.

   — Сенинг аҳлинг билан сувнинг ораси қанча? – дедик.

   — Бир кечаю бир кундуз, – деди у.

   — Юр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига! – дедик.

   — Расулуллоҳ ким ўзи? – деди у.

   Биз уни ҳоли-жонига қўймай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларига олиб бордик. У бизга айтган гапларини у Зотга ҳам айтди. Фақат у Зотга етим болалари борлигини ҳам айтди. Бас, Расули акрам унинг икки кўзасини олиб келишга амр қилдилар ва қўллари ила уларнинг оғзини силадилар. Биз, қирқ чанқоқ киши, ичиб сероб бўлдик. Ўзимизнинг барча кўза ва мешкобларимизни тўлғазиб олдик. Туялар сувга тўйганидан ёрилиб кетай деди. Сўнгра у Зот: «Ўзингизда бор нарсаларни келтиринглар», дедилар. Биз у аёлга ўзимиздаги нон бурдалари ва хурмоларни жамлаб бердик. У ўз аҳлига бориб: «Мен одамларнинг энг сеҳргарига ёки улар даъво қилаётганидек, Пайғамбарга учрадим», деди.

   Аллоҳ ўша аёл сабабли ул кўчманчиларни ҳидоят қилди. У ҳам мусулмон бўлди. Қавми ҳам мусулмон бўлдилар».

   Иккисини Бухорий ривоят қилган.

                                                 Таомнинг қавмга етиб ортиб қолгунча кўпайтирилиши

   Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Толҳа Умму Сулаймга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. У Зотнинг оч эканликларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» – деди. «Ҳа», деди-да,Умму Сулайм  бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб, унинг бир тарафи ила нонни ўради. Сўнгра уни менинг қўлтиғимга қистириб туриб у(рўмол)нинг бир томони билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Мен бориб у Зотни масжиддан топдим. У Зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб индамай туравердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сени Абу Толҳа юбордими?» дедилар. «Ҳа»,  дедим. «Таом биланми?» дедилар. «Ҳа»,  дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга: «Туринглар»,  дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб хабарни айтдим. Абу Толҳа: «Эй, Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!»  деди. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ»,  деди Умму Сулайм. Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у Зотни бошлаб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Умму Сулайм ўзингда борини олиб кел»,  дедилар. Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, улар синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб, ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин: «Ўнтага изн бер»,  дедилар. Уларга изн берилди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у Зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берилди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг У зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берилди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг У зот: «Ўнтага изн бер», – дедилар. Уларга изн берилди. Бас, қавмнинг ҳаммаси тўйгунларича едилар. Қавм етмиш ёки саксон киши эдилар».

   Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хандақ қазилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қаттиқ очлик кўрдим. Аёлимнинг олдига бориб: «Сенда бирор нарса борми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қаттиқ очлик кўрдим», дедим. Бас, у менга ичида бир соъ арпа бор халта олиб чиқиб берди. Бизнинг бир дона кичкина совлуқчамиз бор эди. Мен уни сўйдим. У арпани янчди. Мен ишимни битирганимда, у ҳам ишини битирди. Мен у(қўй)ни декчага майдалаб солдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайтдим. Шунда аёлим: «Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга  бўлганларнинг ҳаммасини  олиб келиб, мени шарманда қилмагин», деди. Мен бориб у Зотга пичирлаб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кичкина ҳайвончамиз бор эди, сўйдик. Бир соъ арпани янчдик. Ўзингиз билан бир неча кишиларни олиб марҳамат қилинг»,  дедим.

   Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, аҳли хандақлар! Албатта, Жобир маросим қилибди. Тезроқ юринглар!»  деб баланд овозда чақирдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен боргунча декчангизни зинҳор туширмай ва хамирингизни нон қилмай туринглар», дедилар.

   Мен келдим. Мен билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамларни эргаштириб келдилар. Хотиним мени кўриши билан «Ундоқ бўлгур, бундоқ бўлгур!»  деди. Мен унга: «Сен айтганни қилдим»,  дедим. Аёлим у Зотга хамирни олиб чиқиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга туфладилар ва барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра декчамизни қасд қилдилар. Унга ҳам туфлаб туриб, барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир нон қилувчи аёлни чақиргин, сен билан у ҳам нон қилсин. Декчадан қуявер, уни туширманглар», дедилар. Улар мингта эдилар. Аллоҳ номи ила қасам ичаманки, батаҳқиқ, ундан тўйгунларича едилар ва қайтиб кетдилар. Декчамиз аввал қандоқ бўлса, худди ўшандоқ тўлиб турар ва хамиримиздан аввал қандоқ бўлса, худди ўшандоқ нон қилинар эди».

   Бухорий ривоят қилган.

   Абу Ҳурайра ёки Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Табук ғазоти бўлганда кишиларни очлик тутди. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, сувчи туяларни сўйиб, гўштини еб, мойини суртсак»,  дедилар. Бас, у Зот: «Ўшандоқ қилинглар»,  дедилар. Шунда Умар келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бундоқ қилсангиз, улов камаяди. Лекин Сиз уларнинг зодларидан ортиб қолганини келтиришга амр қилинг. Сўнгра унга  барака тилаб Аллоҳга дуо қилинг. Шояд, Аллоҳ  бир нарса қилса»,  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўп», дедилар-да, бир тери дастурхон келтиришларини сўрадилар. Уни олдиларига ёздилар. Сўнгра зодларининг ортиб қолганини келтиришга амр қилдилар. Бас, бир киши бир сиқим жўхори, бошқаси бир сиқим хурмо, яна бошқаси бир бурда нон келтира бошлади. Шундоқ қилиб тери дастурхонга озгина нарса йиғилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барака сўраб дуо қилдилар-да: «Идишларингизга олинглар», дедилар. Бас, улар идишларига олдилар. Ҳаттоки аскаргоҳда битта ҳам идиш қўймай тўлдирдилар. Тўйгунларича едилар ва ортиб ҳам қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳу ва аннии Расулуллоҳи», қай бир банда шу иккиси ила шак қилмаган ҳолида Аллоҳга рўбарў бўлса, зинҳор жаннатдан тўсилмас», – дедилар».

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таом сўради. Бас, у Зот унга ярим васақ арпа бердилар. Ҳалиги одам, унинг хотини ва уларнинг меҳмонлари уни (торозида) тортгунча еб турдилар. Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот унга: «Агар тортмаганингда ундан еяверар эдинглар, у тураверар эди», – дедилар».

   Иккисини Муслим ривоят қилган.

   Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир лагандаги таомни эрталабдан кечасигача еяверар эдик. Ўн киши турса, ўнтаси келиб ўтираверар эди»,  деди. «У мададни нимадан олар эди?»  дедик. «Нимадан ажабланасан?! Анави ердан бошқадан мадад олмас эди»,  деб осмонга қўли билан ишора қилди.

   Термизий ривоят қилган.

                                              У Зотнинг ҳузурларида таомнинг тасбиҳ айтиши

   Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни қўрқитиш деб ҳисоблайсизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Сув оз бўлиб қолди. Бас, у Зот: «Ортиб қолган сув бўлса, олиб келинглар»,  дедилар. Озгина суви бор бир идишни олиб келдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларини идишга киритиб туриб: «Муборак таҳорат сувига шошилинглар! Барака Аллоҳдан», дедилар. Батаҳқиқ, сувнинг у Зотнинг панжалари орасидан отилиб чиқаётганини кўрдим. Шубҳасиз,  ейилаётган таомнинг тасбиҳ айтаётганини эшитар эдик».

   Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Унинг лафзида: «Батаҳқиқ, таомни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ила ер эдик. Биз таомнинг тасбиҳ айтаётганини эшитар эдик», дейилган.

                                                 Оз хурмони кўпайтириб ҳақдорларга етказиш

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам вафот қилди. Унинг зиммасида қарзи бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Отам ўз зиммасидаги қарзни қолдирди. Менда унинг хурмосидан  чиқадиган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ. Унинг йиллар бўйи чиқаргани ҳам зиммасидаги қарзга етмайди. Мен билан борсангиз, ҳақдорлар менга қаттиқ тегмасалар»,  дедим. У зот мен билан хурмо хирмонларидан бир хирмон атрофида юрдилар-да, Аллоҳга дуо қилдилар. Кейин бошқасини ҳам шундоқ қилдилар ва унинг устига ўтириб олиб: «Уни ўлчаб олинглар», дедилар. Уларга ҳақларини тўлиқ қилиб бердилар. Яна уларга берган нарсаларича ортиб қолди».

   Бухорий ривоят қилган.

                                                Хурмо шохининг у Зотга зорланиши

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Масжиднинг шифти хурмо шохлари устига ёпилган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша шохлардан бири суяниб туриб хутба қилар эдилар. У Зотга минбар қилиб берилганда ва у Зот унга чиққанларида ҳалиги шохнинг ҳомиласига ўн ой тўлган туянинг овозига ўхшаш овозини эшитдик. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, унинг устига қўлларини қўйган эдилар, у жим бўлди.

   Бошқа бир ривоятда: «Жума куни бўлганда ва у Зот минбарга кўтарилганларида, хурмо бувак йиғлагандек овоз чиқарди», дейилган.

      Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

   Термизийнинг лафзида: «Бас, хурмо шохи урғочи туя зорлангандек зорланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тушиб уни ушлаган эдилар, сокин бўлди», дейилган».

                                                              Дарахтнинг у Зотга бўйсуниши

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб бориб кенг водийга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат учун кетдилар. Мен ортларидан бир идишда сув олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб, ўзларига тўсиқ бўладиган нарса кўрмадилар. Водийнинг четида икки дарахт кўриниб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бири томон юриб кетдиилар. Унинг шохларидан бирини тутиб туриб: «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», дедилар. Бас, у ул Зотга худди бурнидан ҳалқа ўтказилган туя ўз етакчисига эргашганига ўхшаб эргашиб кетди. У Зот бошқа дарахтнинг олдига келиб, унинг шохларидан бирини тутиб туриб: «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», дедилар. Бас, у ҳам ул Зотга эргашди. Икковларининг ўртасига етганда уларни улаб туриб: «Иккингиз, Аллоҳнинг изни ила, мени тўсингиз», дедилар. Улар бир-бирларига киришдилар. Жобир айтадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг яқиндалигимни сезиб қолиб узоқлашмасинлар деб, тезлаб у ердан кетдим. Ўтириб, ўзимга ўзим гапириб бир оз вақтни ўтказибман. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен томон келмоқдалар. Икки дарахт эса ажраб ҳар бири ўз ўрнига ўрнашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини қимирлатиб, бундоқ-бундоқ деганларини кўрдим. Сўнгра юриб олдимга келдилар ва: «Эй, Жобир, менинг мақомимни кўрдингми?»  дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ»,  дедим мен».

   Муслим ривоят қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

   
02:27 / 15.11.2016
Мўжизалар
У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ҒАЙБНИНГ КАШФ БЎЛИШИ
 Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни чиқиб маййитга ўқийдиган намозларини аҳли Уҳудга ўқидилар. Сўнгра минбарга қайтиб бориб: «Мен сизни...
22:20 / 26.06.2020 Батафсил...
Мўжизалар
ҒАЙБИЁТЛАРДАН ХАБАР БЕРИШЛАРИ
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир одам келиб, у Зотга фақирликдан шикоят қилди. Сўнгра бошқа бири келиб йўлтўсарликдан шик...
03:00 / 26.10.2016 Батафсил...
Мўжизалар
У ЗОТ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ДУОЛАРИНИНГ ТЕЗ ҚАБУЛ БЎЛИШИ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аҳли Мадинага қаҳатчилик етди. У Зот жума куни хутба қилиб турганларида бир киши ўрнидан туриб: «Эй...
03:00 / 24.10.2016 Батафсил...
Мўжизалар
ДАРАХТНИНГ У ЗОТГА БЎЙСУНИШИ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб бориб кенг водийга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат учун кетдилар. Мен ортларидан...
02:44 / 27.06.2020 Батафсил...