Қайсар бу мактубни олгач: "Муҳаммаднинг қавмидан бирон кишини топиб келинг, ундан Муҳаммад ҳақида сўраб кўрайлик", деди. Шу кунларда Абу Суфён шериклари билан Шомда савдо-содиқ қилишаётган эди. Қайсарнинг одамлари уни подшонинг ҳузурига таклиф этишди. Абу Суфён ҳамроҳлари билан Қуддусга келиб ҳукмдорнинг ҳузурига ташриф буюрди. Қайсар таржимон орқали улардан қайси бирининг насаби пайғамбар алайҳис-саломга яқинлигини сўради. Абу Суфён Абу Маноф жамоасидан бўлгани учун: "Унга ҳаммадан кўра мен яқинман", деб жавоб берди. Қайсар уни ўзига яқин турғизиб, қолганларни орқага чекинтирди ва Абу Суфённинг ҳамроҳларига: "Мен ўзини пайғамбар ҳисоблаган Муҳаммаднинг қандай одамлиги ҳақида сўраб билиш учун Абу Суфённи олдинроққа турғиздим. Агар у ёлғон гапирса, ҳижолат чекманг деб сизларни орқага олдирдим", деди. Шундан кейингина подшоҳ билан Абу Суфён ўртасида қуйидаги савол-жавоб бўлди:
— Муҳаммаднинг насл-насаби қандай?
— Олий насаб.
— Муҳаммаддан илгари орангиздан пайғамбарлик даъвосини қиладиган бирон кимса чиққанми?
— Йўқ.
— У пайғамбарлик даъвосини қилишдан илгари ёлғончилиги учун юзи қаро бўлганми?
— Йўқ.
— Унинг ота-боболари орасида подшолик қилганлари борми?
— Йўқ.
— Унга эргашганлар юқори табақа кишидарими ё паст табақа вакилларими?
— Паст табақалар.
— Унга эргашганларнинг сони кўпайяптими ёки озайяптми?
— Кўпайяпти.
— Унга эргашганлар орасида Исломни ёқтирмай диндан қайтганлари борми?
— Йўқ.
— Муҳаммад бирон марта ваъдасига бевафолик қилганми?
— Йўқ. Ҳозир у билан шартнома тузганмиз. Бу шартномани бузадими-йўқми билмайман.
— У билан урушдингларми?
— Урушдик.
— Ким ғолиб чиқди?
— Баъзан у, баъзан биз ғалаба қозондик.
— У сизларни нималарга даъват этади?
— Фақат биргина Оллоҳга ибодат қилишга, унга ҳеч нарсани шерик келтирмасликка, ота-бобомизнинг динини ташлашга, намоз ўқишга, садақа беришга, иффатли бўлишга, ваъдага вафо қилишга, омонатга хиёнат қилмасликка ундайди.
— Муҳаммаднинг насаби олий дединг, пайғамбарлар шундай олий насаб бўлишади. Ундан илгари ҳеч ким пайғамбарлик даъвосини қилмаган экан, мабодо шундай кимса бўлганда Муҳаммад унга тақлид қиляпти, дейиш мумкин эди. У илгари ёлғончилик билан одамларни лақиллатиб, юзи қора бўлмаган экан, демак бундай одам Худога ҳам каззоблик қилмайди. У ота-бобосининг тахтини талашаётган экан десам, авлодидан подшоҳ чиқмаган экан. Унга эргашувчилар қуйи табақа вакиллари дединг, пайғамбарга ҳамиша паст табақа кишилари эргашади. Уларнинг сони ортиб боряпти дединг, аҳли имон кўпайиши турган гап. Унга эргашганлар орасида диндан қайтганлар йўқ экан, имон одамларнинг қалбига сингиганда шундай бўлади. Жангу жадалда гоҳ сизлар, гоҳ мусулмонлар ғолиб келганини айтдинг, пайғамбарлик шу тарзда синалади, алалоқибат улар ғолиб чиқишади. Унинг намозга, садақа беришга, иффатли бўлишга, ваъдага хиёнат қилмасликка, омонатга кўз олайтирмасликка буюрганини айтдинг, бу пайғамбарларга хос фазилатдир. Муҳаммаднинг ҳақиқий пайғамбар эканига ишонч ҳосил қилдим. Биз кўпдан бери кутган одам дунёга келибди, лекин уни сизлардан чиқади деб сира ўйламаган эдим. Агар айтган гапларинг рост бўлса, Муҳаммад мана шу икки оёғим турган жойни ҳам забт этади. Унинг ёнига ўзим боришга ҳаракат қиламан.
Абу Суфён гувоҳлик беришича, Қайсарнинг ён-верида турганлар бирдан шовқин-сурон кўтаришган. Подшоҳ қурайш вакилларига чиқиб кетишни буюрган. Қайсарнинг саройини тарк эта туриб, Абу Суфён: "Абу Кабша ўглининг довруғи Бану асфар подшоҳини ҳам қўрқитиб юборди", деди.
Қайсар Ҳимс шаҳрига келиб, Румнинг катта арбобларини ҳузурига йиғди-да, саройнинг эшикларини тамбалатди. Шундан кейингина аъёнларига юзланиб: «Эй румликлар! Тўғри йўлни топишни ва подшоҳлигингиз барқарор бўлишини истасанглар Муҳаммад пайғамбарни эътироф этинглар!" деди. Бу гапни эшитган сарой аъёнлари худди қафасга тушиб қолган ёввойи эшаклардек ўзларини эшикка уришди, бироқ чиқиб кетолмай талвасада уёқдан-буёққа зир югура бошлашди. Қайсар таклифи уларнинг нафратига учраганини кўргач: "Мен бу гапни ўз динингизда мустаҳкаммисиз ёки йўқми синаш учун айтган эдим", деди. Сарой аъёнлари енгил тортиб, унга таъзим бажо келтиришди. Қайсар подшоликни Ислом динидан ортиқ билди, бу билан пайғамбар алайҳис-салом айтганларидек фуқаросининг гуноҳини устига олди. Шунга қарамай, Қайсар расулуллоҳнинг элчисини иззат-икром билан кузатди.