21 жумадул аввал
1446
Пайғамбар алайҳиссалом хутбаларидаги[1] одобнинг комиллиги
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбалари – ислоҳот ишларини олиб борувчи барча даъватчи имомлар иқтидо қилиши, юксак одобларидан ўрнак олиб, ўзларини ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам тутган услубларидек идора қилишлари лозим бўладиган даражада намунали эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг қиладиган панду насиҳатлари эшитувчилар қулоқларига дона-дона, равон ҳолда киришига эътибор берардилар. Баланд жойда, юқори овозда, тик турган ҳолларида хутба қилардилар. Шунинг учун ҳам Мадинадаги масжидларига минбар ясатиб олгандилар. Муборак сўзлари қалбларнинг тўр-тўридан жой олишига аҳамият берганлари боис, ҳамма тушунадиган лафзлар, гўзал шаклдаги ёрқин маънолар, ифодали иборалар билан хутба қилардилар. Баъзан панду насиҳатлар эшитувчилар қалбларидан ўрин олмай, фақат қулоқларида қолиб кетишининг олдини олиш, аҳамиятли жойини билдириш мақсадида жумлаларни уч маротаба такрор эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбаларида қофияли сўзларни кўп ишлатмасдилар, балки қофиясиз, оддий сўзларни қўллардилар, гоҳ-гоҳида хутбаларида қофияли сўзлар ҳам учраб турарди. Чунки одатда доимий равишда қофияли сўзлаш ортиқча машаққат талаб қилади. Бунинг натижасида эса маънолардаги равшанлик, ойдинлик йўқолади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни малоллантириб қўйишдан сақланиб, хутбани чўзиб юбормасдилар. Чунки инсонлар қизиқишлик, фаоллик ила қулоқ тутганларида оладиган фойдаларини малолланган, зериккан ҳолларида ололмасдилар. Шунинг учун ҳам ул Зот алайҳиссалом: «Кишининг намози узун ва хутбаси қисқа бўлиши унинг заковатидандир», деб марҳамат қилардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбалари қисқа бўлишига қарамасдан ҳикмат, гўзал панду насиҳатларга бой эди. Зеро бундай хутбалар – инсонлар тилларида балоғатлилиги ва мўъжазлиги борасида достон бўладиган жумлалар, пур маъноли сўзлар билан тўлиб-тошган эди. Гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумадан бошқа кунлари вазиятдан келиб чиқиб, хутбаларини узайтирардилар. Дарҳақиқат, бир куни турдилар-да асрдан кейин хутбани бошлаб, то қуёш ботгунга қадар давом эттирдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбани Аллоҳга ҳамду сано айтиш билан бошлаб, кетидан шаҳодат калимаси Ла илааҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳни айтардилар сўнг: «Аммо баъд», дея бирор ҳикмат ё ваъз-насиҳатга ўтардилар. Баъзида панд-насиҳат қилаётган жойларида тўхтардилар-да масжидга кириб келган кишига лозим бўлган нарсаси ўтиб кетмасин, деб кўрсатма бериш учун унга қараб юзланардилар. Пайғамбар алайҳиссалом жума куни хутба қилаётган ҳолатларида бир киши масжидга кириб келди, шунда у Зот: «Эй фалончи, намозингни ўқидингми?» деб сўрадилар. У киши: «Йўқ, ўқиганим йўқ», деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ: «Туриб намозингни ўқи», дедилар. Сўнгра яна хутба қилишда давом этдилар. Гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбанинг маъносини тасдиқлаш мақсадида маънога мувофиқ ҳолда қўллари билан ишора қилардилар. Бир хутбаларида: «Мен билан Қиёмат мана шундай бўлган ҳолатда юборилдим», дея икки бармоқлари – кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига бирлаштирдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони зикр қилган ва У Зотга дуо вақтларида кўрсаткич бармоқлари ила ишора қилишганлари ҳам ривоят қилингандир. Баъзан ҳолатнинг тақозосига қараб, ул Зотда огоҳлантириш, ғазаб белгилари аниқ билиниб турарди. Баъзи вақтларда эса агар хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, ғазаблари шиддатлашарди, ҳатто аскарларни огоҳлантираётгандек бўлиб кетардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилмоқчи бўлган пайтларида қавмнинг ҳолатларига бир разм солардилар. Сўнг вазиятдан келиб чиқиб ваъз-насиҳат қилардилар. Риоя қилишмаётган бир яхшиликни қилишга буюрардилар ёхуд қилишларига оз қолган бир ёмон ишдан қайтариб огоҳлантирардилар.
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам » комил инсон) китобидан таржима қилинди.
[1] Ваъз, нутқ, панд-насиҳат.
04:35 / 27.10.2015
1574
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар