Пайғамбар алайҳиссаломга румликлар мусулмонлар билан урушишга тайёргарлик кўришаётгани ҳақидаги хабар етиб келди. Бу айни қаҳатчилик ҳукм сураётган, ҳаддан ташқари иссиқдан одамлар қандай жон сақлашни билмай қолган, тирик жоннинг ҳаммаси ўзини соя-салқинга урган, одамлар пишган мевалар билан жон сақлаётган кунлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларга жангга тайёргарлик кўришни буюрдилар. Душманга қўққисдан зарба бериш мақсадида аввалги ғазотларнинг вақти, борилажак манзили сир тутилар, ҳатто элчиларнинг сони ҳам аниқ айтилмасди. Бу сафар машаққатлилиги, йўл ҳаддан ташқари олислиги, ғанимнинг сони беҳад кўплиги ҳисобга олиниб, одамлар пухта тайёргарлик кўришлари учун мақсад ошкора айтилди. Маккага ва бошқа жойларга элчилар юборилиб, ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди.
Бойларга камбағалларни етарли озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш буюрилди. Усмон ибн Аффон бу ҳарбий юришга ўн минг динор пул, барча анжомлари билан уч юз туя, элликта от иона қилди. Бундан қувонган Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Аллоҳ, Усмондан рози бўлгин, мен ундан мингдан-минг розиман», дея дуо қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ тўрт минг дирҳамлик бор мол-мулкини худо йўлига атади. Пайғамбар алайҳиссалом ундан: «Бола-чақаларинга бирон нарса қолдирдингми?» деб сўраган эдилар. Абу Бакр: «Уларга Аллоҳ билан унинг Пайғамбарини қолдирдим», дея жавоб берди. Умар ибн Хаттоб мол-мулкининг ярмини келтириб топширди. Абдураҳмон ибн Авф юз уқия олтин, Аббос билан Талҳа ҳам бор бисотининг талай қисмини, Осим ибн Адий етмиш туя хурмо иона қилди. Аёллар барча зеб-зийнатларидан воз кечишди. Шариат аҳкомларини мукаммал эгаллаган етти фақиҳ келиб Пайғамбар алайҳиссаломдан сафарга чиқишлари учун керакли нарсалар беришларини ўтинишди. Расулуллоҳ уларга ёрдам беролмасликларини айтганларида фақиҳлар қўллари калталигидан ўкиниб, кўзлари жиққа ёшга тўлиб қайтиб кетишди. Улардан уч кишини Усмон, икки кишини Аббос, икки кишини Ёмин ибн Амр керакли нарсалар билан таъминлаб йўлга отлантиришди.
Барча тайёргарлик тугагач, Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада Муҳаммад ибн Масламани, оилаларига қарашга Али ибн Абу Толибни қолдириб, ўттиз минг кишилик қўшин билан йўлга чиқдилар. Абдуллоҳ ибн Убай бошчилигидаги бир талай мунофиқлар ғазотда қатнашишдан бош тортишди. Улар: «Муҳаммад иссиқда қийналиб, олисдаги румликлар билан урушмоқчи. Яхши қуролланган, ҳарбий жиҳатдан қудратли румликлар билан тўқнашишни ҳазил фаҳмлаяпти, шекилли. Саҳобалар улар билан ҳали жангга кирмай туриб, оёқ қўлига арқон тушиб банди бўлишади», дейишди, Мунофиқлар Пайғамбар алайҳиссалом билан саҳобалар ҳақида турли-туман бемаъни гапларни тарқатишдан уялишмади. Мунофиқларнинг алжирашларидан хабар топган Расулуллоҳ бу гапларнинг қанчалик рост-ёлғонлигини аниқлаб келишга Аммор ибн Ёсирни жўнатдилар. Мунофиқлар дарров ниқобини ўзгартириб Амморга: «Биз ҳазиллашиб, сўз ўйини учун ҳар хил гапларни гапирганмиз, лекин кўнглимизда ҳеч қандай хусумат йўқ», дейишди.
Жадд ибн Қайсга ўхшаш бир гуруҳ одам қўшиндан ажраб қолаётгани учун Пайғамбар алайҳиссаломга турли баҳоналарни рўкач қилиб, узр айтишмоқчи бўлишди. Улар: «Эй Расулуллоҳ, бизнинг қолишимизга ижозат беринг. Бизнинг эҳтиросимиз зўр, румликларнинг аёлларини кўрсак, ўзимизни тутолмай гуноҳ иш қилиб қўйишимиз мумкин», дейишди. Бир гуруҳ аъробийлар ҳам ўзларини ожизлигини ва йўл харажатига қурблари етмаслигини айтиб сафардан қолдирилишини ўтинишди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг талабини қондирдилар. Ўз узрини айтган мунофиқлар ҳам сафардан қолдирилди. Аллоҳ таоло бу ишлари учун Пайғамбар алайҳиссаломни койиб, Тавба сурасининг 43-оятини нозил қилди: «Аллоҳ сени кечирди. Рост сўзлагувчилар билан ёлғончиларнинг гапи аниқланмагунча (уларга) нега рухсат бердинг?» Шундан кейин Парвардигори олам ушбу суранинг 46-оятида мунофиқлар ҳақида бундай дейди: «Сендан фақат Аллоҳга, охират кунига ишонмайдиганлар ва дилларида шубҳаси борлар рухсат сўрашади. Улар ўз гумони билан аросатда юришади». Аллоҳ таоло мунофиқларнинг узри ёлғонлигини юқоридаги оятнинг давомида фош этади: «Агар уларнинг ғазотга чиқиш нияти бўлса, албатта тайёргарлик кўришарди, бироқ Аллоҳ уларнинг бу сафарда иштирок этишларини истамай қайтарди, уларга ожизу нотавонлар билан бирга қолинглар, дейилди. Мунофиқлар қолиб кетишганидан мусулмонлар хафа бўлмаслиги учун Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 4-оятида: «Агар улар сизлар билан бирга боришса, юрагингизга фақат ғулғула солишарди, фитна-фасод уруғини сочишга уринган бўлишарди. Орангизда уларнинг гапдонлари бор, Аллоҳ золимларни жуда яхши билади».
Мадинада Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя, Мирора ибн Робиъа ва Абу Хайсама сингари иймони мустаҳкам бир гуруҳ мусулмонлар қолдирилди. Пайғамбар алайҳиссалом Алини қолдирганларида мунофиқалар унинг устидан кулиб, ландовур, қўлидан иш келмайдиган бўлгани учун олиб кетишмади, дея гап тарқатишди. Бу гаплардан иззат-нафси ҳақоратланган Али Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, арз қилди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг гапларини эшитгач, мийиғларида кулиб: «Ҳорун пайғамбар Мусо пайғамбарга қанчалик яқин бўлса, сен ҳам менга шунчалик яқинлигингдан қувонмайсанми?» дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом бошчилигидаги қўшин йўлга тушди. Лашкарнинг катта байроғи Абу Бакр Сиддиққа тутқазилди. Расулуллоҳ умрларидаги энг сўнгги ғазотда аъламни Абу Бакр Сиддиққа тутқазиб, оилаларига қарашга Али ибн Абу Толибни қолдиришларида чуқур ҳикмат бор эди; бу нарсада Ислом давлатининг келажагига ишора, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига хос башоратлари яққол кўзга ташланарди.