Пайғамбар алайҳиссаломнинг юқорида баён этилган улуғ ишлари, гўзал сийратлари (таржимаи ҳоллари, турмуш тарзлари ҳамда босиб ўтган йўллари), беқиёс илмлари, фавқулодда ақл-заковатлари, хушмуомалаликлари, ростгўйликлари ҳамда юксак камолотларию бетакрор фазилатлари ҳақида мулоҳаза юритган одам у кишининг чин пайғамбарлигига, даъватларининг тўғрилигига заррача шубҳа қилмайди. Шундай мулоҳазакор кишилар фавқулодда мўъжизалар талаб қилмасданоқ мусулмон бўлишган. Шундай кишилардан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Салом: «Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келганда юзига бир қарабоқ ёлғончи эмаслигини билдим», дейди.
Имом Муслим ривоят қилишича, Зимод исмли киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келганда, у Зоти муборак: «Барча ҳамду сано Аллоҳга хос, Аллоҳни мадҳ этамиз ва Аллоҳдангина мадад сўраймиз, Аллоҳ ҳидоят этган одамни йўлдан уриш мумкин эмас, Аллоҳ адаштирган одамни эса ҳидоят қилиб бўлмайди. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳеч илоҳ йўқ, унинг шериги ҳам йўқдир, Муҳаммад унинг бандаси ҳамда элчисидир», деганларида Зимод ғоят мутаассир бўлиб: «Шу гапларингни яна бир такрорлагин. Айтганларинг айни муддао бўлди, қўлингни бер, мен байъат қиламан», деган.
Расулуллоҳ Уммон подшосини динга даъват этганларида ҳукмдор: «Худо ҳақи, мени уммий Пайғамбарга эргашишга ундаган нарса у одамларни бошлаган яхши ишларга, аввало, ўзи амал қилиши, уларни қайтарган ёмон ишлардан олдин ўзи тийилиши бўлди. У ғалаба қозонса, ортиқча қувониб кетмайди, мағлубиятга учраса,умидсизликка тушмайди. Ваъдасига вафодор, ҳамиша сўзининг устидан чиқади, мен унинг пайғамбарлигига шоҳидман», деган.
Аллоҳ таоло Исломнинг ҳақ дин эканини исботлаш учун Пайғамбар алайҳиссаломни жуда кўп мўъжизаларга муяссар этган. Сарвари олам барча пайғамбарлар орасида мўъжизалари кўп, далил-исботлари кундек равшан Зотдирлар. Сизни хурсанд қилиш ва эътиқодингизни мусаҳкамлаш учун кўпгина саҳобалар ривоят қилишган ва муҳаддислар саҳиҳ китобларида баён этган айрим мўъжизаларни баён этамиз. Гапимизни бу мўъжизаларнинг энг ойдини ва буюги бўлмиш Қуръони Каримдан бошлаймиз.
Қуръоннинг ўзида ҳайратомуз мўъжизалар кўп. Биз шартли равишда уларни тўрт туркумга ажратамиз:
Биринчиси: Қуръони Карим мундарижасининг бойлиги, сўзларнинг сермазмунлиги, фасоҳатлилиги, ғоят ихчамлиги, араблардаги сўз ўйинидан устун туришидир. Арабларда сўз санъати тараққий этган бўлиб, уларнинг тили бошқа халқларникига нисбатан илму ҳикматларга бой, кишини ҳайрону лол қолдирадиган даражада ўткир ва лўнда эди. Аллоҳнинг бу марҳамати арабларнинг табиатига сингиб кетган эди. Уларнинг одатдаги нутқи ҳам санъаткорона бир руҳ билан суғорилган бўлиб, сўз орқали кўзлаган мақсадларига эришар, мушкул аҳволга тушганда ҳам, жанг майдонларида рақиб билан юзма-юз келганда ҳам сўз маҳоратини ишга солишар, асло беҳуда гап гапиришмасди; бировларни мақташса ҳам, ҳажв қилишса ҳам, дўстлик изҳор этишса ёки койишса, барибир, айтилган сўз сеҳрдек таъсир кучига эга бўларди; сўз дурдоналарини маржондек териб, ақлларни лол этишар, қийинчиликларни бемалол енгишар, кин-адоватларни аритиб юборишар ёки аксинча баттар кучайтиришар, қўрқоқларни ботир, номи чиқмаганларни оламга танитишар, таниқли кимсаларни тупроққа тенг қилишарди. Саҳройи арабларнинг тили соф, лўнда, кескин, тантанавор бўлиб, улар ўта самимий ва жозибали сўзлашар эди.
Қисқа ва чиройли гапирувчи шаҳарликлар ортиқча такаллуфни билмайдиган енгилтабиат эди. Хоҳ саҳройи бўлсин, хоҳ шаҳарлик, барибир, арабларнинг тили бой ва жарангдор эди. Улар ўз мақсадини жуда равшан баён этишарди; тилнинг турли услуб ва усулларини яхши билишар ва моҳирона қўллашар, ҳар қандай ишда сўз санъати намоён бўлар, наср ва назм усуллари баробар истифода этиларди. Мана шундай имконга эга бўла туриб улар Аллоҳ томонидан нозил этилган ва ботил нарсалар таъсир қилмайдиган Қуръонга — сўз санъатининг энг юксак намунасига тақобил туришга ожизлик қилишди. Қуръоннинг оятлари пухта, сўзлари кескин бўлиб, бадиияти ақлларни ҳайратга солар, фасоҳати барча сўз санъатларидан устун эди. Унда сўз санъатининг мукакаммаллиги ва такомили ўз ифодасини топган. Аллоҳ йигирма уч йил мобайнида сўз санъатининг турли соҳаларида юксак ютуқларга эришган араб халқига мурожаат этиб, Юнус сурасининг 39-оятида:
«Улар Қуръонни ўзи (яъни Муҳаммад) тўқиган дейишдими? Сен уларга: Аллоҳдан бошқа чақириш мумкин бўлган ёрдамчиларни чорлаб, агар ростгўй бўлсангиз, Қуръонга ўхшаш бирор калима тўқиб кўринглар, дегин». Бақара сурасининг 23-оятида: «Агар бандамизга нозил қилган Қуръонга шак келтирсангиз, чиндан ҳам ростгўй бўлсангиз, Аллоҳдан бошқа ёрдамчиларингизни чақириб, Қуръонга ўхшаш бирор сўзни тўқиб кўринг-чи», Исро сурасининг 88-оятида: «Инсонлар, жинлар йиғилиб, бир-бирига ёрдамлашса-да, Қуръонга ўхшаш (китоб) яратишолмайди», Ҳуд сурасининг 1-оятида эса: «Қуръондагидек тузилган ўнтагина сурани келтириб кўринг-чи, дегин», дейди.
Қуръон бу кимсаларни қаттиқ айбларди, уларнинг ақлсизлигини, мавқеларининг ночорлигини айтиб маломат ёғдирарди, бутларини, мушрик ота-боболарини койиб, уларга тегишли ер-сувни, шаҳар-қишлоқларини, мол-мулкларини мусодара қилишни дуруст ҳисобларди. Шунда ҳам улар Қуръон билан юзма-юз келиб, баҳслашишдан ўзларини олиб қочар, унга тенг келадиган китоб яратишдан ожиз эдилар. Лекин улар Қуръонни менсимай, ҳар хил иғволар тарқатиб, унга қарши туришар ва шу билан ўзларини ўзлари алдардилар. Улар: «Қуръон ўқилганда қаттиқ таъсир кўрсатадиган сеҳр-жодудан иборат бир китоб, қадимгилардан қолган чўпчаклар тўплами», дейишарди. Қуръон мўъжизаларидан бутуилай гангиб қолган бу кимсалар очиқдан-очиқ: «Бизнинг дилларимиз пардаланган, ҳеч нарса эм бўлмайди, қулоқларимиз том битган, сен билан бизнинг ўртамизда тўсиқ бор», (Фуссилат сураси, 5-оят.) «Қуръонга қулоқ солмаслик керак, уни ўқиётганда чалғитиб юбориш керак», (Фуссилат сураси, 41-оят.) дейишдан уялишмасди. Улар ожизу нотавонлигини тан олмай: «Агар истасак Қуръонга ўхшаган чўпчакларни биз ҳам тўқий оламиз», (Анфол сураси, 8-оят.) дея катта кетишарди. Аллоҳ таоло уларга жавобан: «Қуръондагидек гапларни сира ҳам туза олмайсизлар», (Бақара сураси, 24-оят) дейди. Чиндан ҳам Қуръонга ўхшаган мўъжизани барпо этишга ҳеч ким қодир эмас.
Мусайлимадек айрим нодонлар бунга уриниб кўрган бўлишса-да, алалоқибат шармандаси чиқди. Аллоҳ таоло уларни Қуръонга таарруз қила оладиган қувватдан маҳрум этди. Улар Қуръоннинг услуби ўзларининг гапириш услубларига ўхшамаслигини, бу фавқулодда илоҳий мўъжиза эканини била туриб, рад этишди. Қуръони Каримдаги Бақара сурасининг 179-оятида: «Қасос олинса, сизлар тирик қоласизлар» (қотил ўлдирилса, қон тўкишга журъат этадиган золимлар қолмайди, бошқалар бехавотир яшайди маъносида), Саъба сурасининг 51-оятида: «Уларни ваҳм босган, улар қочгани жой тополмай (юришганини) кўрасан, улар дўзахга яқин жойда ушланади», Фуссилат сурасининг 34-оятида: «Ёмонликка яхшилик билан тақобил тургин, шундай қилсанг, сенга адовати бор одам дўстингга айланади», Худ сурасининг 44-оятида: «Заминга, сувингни ют! Осмонга, сувингни тўхтат!» дейилди. Сув тортилди, Аллоҳнинг ҳукми ижро этилди. Кема Жудий тоғининг устида тўхтади. Зулм қилган қавм ҳалок бўлсин дейилди», Анкабут сурасининг 40-оятида: «Ҳар бир қавмни унинг қилган гуноҳи туфайли ҳалок этдик. Баъзисига тош ёғдирдик, баъзисини қаттиқ овоз билан ҳалок қилдик, баъзисини ерга юттирдик, баъзисини сувга ғарқ этдик; Аллоҳ уларга зулм қилмади, (аксинча) улар ўзларига ўзлари зулм ўтказишди» каби оятларнинг, умуман, Қуръондаги бошқа кўпгина каломларнинг устида фикр юритсак, Қуръоннинг ҳақиқат эканини, жумлалари қисқа, маъноси эса теранлигини, гапларининг чиройли тузилиб, сўзларнинг ўз ўрнида ишлатилганини, ҳар бир иборанинг тагида жуда кўп маънолар яширинганини, улардан фойдаланиб талай китоблар ёзилганини, турли ҳикматлар кашф этилганини англаш мумкин. Гарчанд Қуръондаги айрим қиссалар жуда кўп такрорланса-да, баён этилиш усули бўлакчалиги, сўзларнинг жарангдорлиги, жумлаларнинг ихчам ва сермазмунлиги билан алоҳида ажраб туради, шу боис бу такрор кишига асло зерикарли туюлмайди.
Иккинчиси: Қуръоннинг шаклан чиройли, бетакрорлиги, араб тили услубига ўхшамайдиган бошқа бир услубда яратилганлигидир. Ислом динидан аввал ҳам, кейин ҳам бундай услуб дунёга келган эмас. Унинг ўхшашини ўйлаб топишга ҳеч ким эришолмади, Қуръоннинг услуби арабларни ҳайрону лол этди, сўзга чечан араблар хоҳ насрда, хоҳ назмда, хоҳ қофияли сўз ўйинида бўлсин, Қуръондагидек услубни ўйлаб топишолмади. Қуръон фасоҳат жиҳатдан ҳам, услуб жиҳатдан ҳам мўъжиза бўлиб, араблар ҳар иккала жиҳатдан унга тақобил туришга қодир эмасди.
Учинчиси: Қуръондаги бўлғуси ишлар ҳақида олдиндан берилган хабарлардир. Қуръон «Улар мағлубиятга учрагандан кейин бир неча йил ўтгач, ғолиб бўлишади», дейилади. Ёки Саф сурасининг 10-оятида «Аллоҳ Ислом динини барча динлардан устун қилади», дейилади. Нур сурасининг 55-оятида эса: «Аллоҳ орангиздаги иймон келтирган ва яхши ишларни амалга оширган кишиларни ҳам улардан аввал ўтганларни ер юзига ҳукмрон қилгандек, албатта, ҳоким этажагини, улар танлаган динни эса мустаҳкамлаяжагини ва уларнинг қўрқувини омонликка айлантириб беражагини ваъда қилди». Наср сурасининг 1-2 оятларида: «Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба етиб келган пайтда одамларнинг гурос-гурос Ислом динига киришганини кўрасан» дея ишонтирилади. Юқоридаги оятларда баён этилган башоратлар айнан рўёбга чиқди: румликлар форслар устидан ғалаба қозонишди, одамлар гурос-гурос Ислом динига киришди, мусулмонларнинг замини кун сайин кенгаяверди, бир томони Ғарбдаги Андалусия (Испания) нинг чекка ўлкаларигача, Шарқда Ҳиндистоннинг энг ичкарисигача, Шимолда турклар юртигача, Жанубда Суданнинг барча шаҳар, қишлоқларигача кенг қулоч ёйди.
Парвардигори олам Ҳижр сурасининг 10-оятида: «Биз чиндан ҳам Қуръонни нозил қилдик ва уни, албатта, асраймиз», деган ваъдаси, Худога шукрки, чиндан ҳам амалга ошди. Аллоҳ таолонинг Маккада нозил бўлган Қамар сурасининг 45-оятида: «Мушриклар жамоаси мағлуб бўлиб, орқага чекинади», деган ваъдаси кейинчалик Бадр ғазотида амалга ошди. Бу оят эса Маккада нозил бўлган эди. Тавба сурасининг 14-оятида: «Мушриклар билан урушинглар, Аллоҳ сизларнинг қўлингиз орқали уларни жазолайди», дейилган.
Мунофиқларнинг ва яҳудийларнинг сир-асрори, ёлғончиликлари ҳақида хабар берилиб, фош этилади; Масалан, Қуръондаги Мужодала сурасининг 8-оятида бу кимсалар ҳақида: «Улар ўзича бу сўзимиз учун нега Аллоҳ бизга азоб бермайди, дейишади», дейилади. Шунингдек Оли Имрон сурасининг 154-оятида: «Сенга ошкор этмайдиган сўзларини кўнгилда пинҳон тутишади», дейилади. Нисо сурасининг 46-оятида эса «"Яҳудийлар орасида сўзларнинг ўрнини ўзгартириб юборадиганлари ҳам бор. Улар: «Эшитдик, лекин бўйсунганимиз йўқ, (сен бизга) қулоқ сол, (биз сенга) қулоқ солмаймиз, дейишади. Динни масхаралаш учун «роино» сўзини тилларини айлантириб, бузиб талаффуз этишади», дейилади.
Тўртинчиси: Қуръонда ўтмишдаги ном-нишонсиз ётган умматлар, изсиз йўқолган шариатлар ҳақида маълумот берилади. Илгари бу қиссаларни аҳли китобларнинг умрини илм-маърифатга бағишлаган улкан олимларигина билишарди, Муҳаммад алайҳиссалом эса бундай қиссаларни асли қандай бўлса, шундайлигича айтиб берардилар. Насоро ва яҳудий олимлар у кишининг ҳикояси ростлигини эътироф этишарди. Расулуллоҳ бу маълумотларга ўрганиш орқали эришмаганлар. Пайғамбар алайҳиссалом уммий эдилар, мактаб кўрмаганлари, на ўқиш, на ёзишни билишлари, илм-урфон билан шуғулланиш имконига эга бўлмаганликлари насоро ва яҳудийларга яхши маълум эди. Аҳли китоблар Расулуллоҳдан аввал ўтган пайғамбарларнинг қиссалари, оламнинг яратилиши ва илгариги муқаддас китобларда ёзилган нарсалар ҳақида кўп нарсаларни сўраб-суриштиришар, бу саволларга Қуръон орқали жавоб бериларди, сўровчилар бу жавобларни рад этишолмас, уларга қойил қолмай иложлари йўқ эди. Шунингдек бирон кимса бу жавобларни муқаддас китобларга хилоф келадиган жойи борлигини айтган эмас. Ҳатто уларни койиб, Оли Имрон еурасининг 93-оятида: «Агар ростгўй бўлсангиз, Тавротни келтириб ўқиб кўринглар», дегин» дейилганда ҳам уни инкор этишолмаган.
Аллоҳнинг Бақара сурасидаги 94-ояти орқали аҳли китобга мурожаати улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари ростлигини билажагини кўрсатиб турибди: «Жаннат бошқа кишиларга эмас, фақат сизларгагина хос экан, агар ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилиб кўринглар-чи». Бу кимсалар сира ҳам ўлишни истамаслиги Бақара сурасининг 95-оятида аниқ-равшан баён этилади: «Улар ўз қилмишлари туфайли асло ўлимни орзу қилишмайди». Бу кимсалар лоақал тил учида бўлса-да, ўлимни орзулашганини биров эшитган эмас. Ваҳоланки, улар Пайғамбар алайҳиссаломни ёлғончига чиқаришни жуда ҳам исташарди. Расулуллоҳ Нажрон насороларини ўз гапларининг ростлигига қасам ичишни буюрганларида бош тортишган эди.
Қуръон инсон сўзи эмаслигининг яна бир исботи шуки, Аллоҳнинг оятларини эшитган киши қаттиқ мутаассир бўлади; мушрикларга эса Қуръон тингламоқ машаққатли туюлар, тўғрироғи эшитишдан қўрқишарди. Шу боис Пайғамбар алайҳиссалом: «Ёқтирмаган кишиларга Қуръон машаққатли туюлади», деганлар. Бу энг одил ҳукмдир. Мўмин одам Қуръон ўқиганда мутаассир бўлиши Аллоҳнинг каломига иштиёқини янада кучайтиради, иймонини мустаҳкамлайди. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 23-оятида: «Қуръонни эшитганда худодан қўрққанларнинг баданига титроқ югуради, улар Парвардигорнинг раҳмат-мағфиратини эслаганида титроғи босилиб, хотиржам бўлишади», дейди. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 21-оятида эса: «Агар Қуръонни бирон тоққа нозил этганимизда, Худодан қўрққанидан тоғнинг, албатта, бош эгиб ёрилиб кетганини кўрар эдинг», дейди. Қуръони Каримнинг қиёматгача боқий бўлиши ҳам унинг мўъжизаларидан биридир. Парвардигори олам уни ўзи асраяжагига кафолат бериб, «Биз чиндан ҳам Қуръонни нозил этдик ва муқаррар уни асрайгаймиз», деган ҳамда: «Қуръонга ҳеч қайси жиҳатдан ботил юзланмайди», дея уқтирган.
Аввал ўтган пайғамбарларнинг мўжизалари ўз замонасидаёқ барҳам топиб, бизгача уларнинг фақат хабарларигина етиб келган, холос. Қуръон эса то ҳануз завол топмай енгилмас бир қудрат намунаси бўлиб турибди. Ҳар бир асрда сон-саноқсиз тилшунос олимлар, уста нотиқлар, машҳур ёзувчилар ўтган, уларнинг орасида даҳрийлари, Исломга очиқдан-очиқ душманлик кайфиятидагилари ҳам бор эди. Бундай шахслар Қуръонга тақобил турадиган бирон нарса кашф этишолгани йўқ, лоақал тилга олишга арзигудек икки оғиз жумла тузиб, Худонинг каломига тузатиш киритишолмади ҳам. Бунга уриниб кўрганлар эса чорасиз қолиб, алаллоқибат мағлубиятини шармандаларча тан олишга мажбур бўлишган. Бу бобни Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қуръони Карим ҳақидаги муборак ҳадисларини келтириш билан якунлаймиз:
«Аллоҳ нозил қилган бу Қуръон яхши ишларга ундагувчи, ёмон ишлардан қайтаргувчидир, аввалги пайғамбарларнинг йўли ва ибратидир. Қуръонда сизлар ҳақингизда, ўтган умматлар тўғрисида ва келажакдаги ишлар хусусида хабарлар бор, сизларнинг орангиздаги ишларни ҳал этгувчи ҳукмлар бор. Қуръон кўп такрорлангани ва кўп истифода этилгани билан эскириб қолмайди, Қуръоннинг мўъжизалари тугамайди. Қуръон ҳазил эмас, ҳақ. Қуръон билан гапирган одам тўғри гапирган бўлади. Қуръон билан ҳукм қилган одам одил ҳукм қилган бўлади; Қуръонга таяниб урушган одам зафар қучади, Қуръонга биноан ҳукм чиқарган одам тўғри йўл тутган бўлади, Қуръонга амал қилган одам савоб топади, Қуръонни маҳкам ушлаган одам тўғри йўлга йўлланади. Қуръондан бошқа нарсадан ҳидоят кутган одамни Аллоҳ адаштиради, Қуръондан бошқа нарса билан ҳукм чиқарган одамни Аллоҳ ҳалок этади. Қуръон ҳикматлар зикридир, равшан нурдир, тўғри йўлдир, Аллоҳнинг тийран риштасидир, шифобахш малҳамдир. Қуръоннинг ҳукмини маҳкам тутган одамни у асрайди, унга эргашган одам нажот топади. Қуръонда тузатиш лозим бўлган қинғирлик йўқ. Қуръон ҳақиқатдан йироқ кетмайди, шу боис айблашга, таъна-маломатга учрамайди».
Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан яна бири ойнинг иккига бўлиниши эди, бу воқеани юқорида батафсил баён этганимиз учун ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна бир мўъжизалари бармоқлари орасидан сув чиққани ва унинг барокати билан сувнинг кўпайганидир. Бу ғаройиб воқеани Анас, Жобир ҳамда ибн Масъуд каби кўпгина саҳобалар ривоят қилишган. Анас: «Расулуллоҳни аср намозига озгина вақт қолганда учратдим. Одамлар таҳорат олиш учун сув тополмай зир югуриб юришарди. Расулуллоҳ таҳорат олинадиган бир идишни олиб келиб, ичига қўлларини тиққан эдилар, бармоқлари орасидан сув қайнаб чиқа бошлади. Расулуллоҳ таҳоратга шу сувдан олишни буюрдилар. Одамлар бирин-кетин келиб, идишларини тўлдириб кетаверишди», дея ҳикоя қилади. Ундан таҳорат олганларнинг сони қанчалиги сўралганда: «Уч юзга яқин одам эди», деб жавоб берган.
Ибн Масъуд: «Биз Расулуллоҳ билан бирга эдик, ичишга сувимиз қолмади. Шунда Расулуллоҳ бор сувни йиғиб келишни буюрдилар. Биз сувларни йиғиб келганимизда у киши бир идишга қуйиб, қўлларини тиққан эди, бармоқлари орасидан сув чиқа бошлади», деб эслайди. Жобир: «Худайбия ғазотида одамлар ташналикдан қаттиқ қийналишди. Расулуллоҳнинг олдида сув тўла кичкинагина меш бор эди. Одамлар:«Шу мешдагидан бошқа сув қолмади», деб зорланишди. Расулуллоҳ мешга қўлларини қўйган эдилар, бармоқлари орасидан худди булоқдек сув қайнаб чиқа бошлади», дея ҳикоя қилади. Жобир ўша ғазотда бир ярим минг одам қатнашганига гувоҳлик беради. Айни шу воқеани кўпгина саҳобалар ривоят қилишган. Бунча одам жам бўлган жойда бирон кишининг ёлғон тўқиб чиқариши мумкин эмас, бордию ёлғон айтилган тақдирда бутун вужудига ростгўйлик сингиб кетган саҳобалар уни шу заҳоти рад этиши муқаррар эди. Бу воқеаларни айтганлар жуда кўп одамларни гувоҳ келтиришади, номлари зикр этилган саҳобалар эса уларнинг ҳикоясини инкор этишмайди.
Расулуллоҳнинг шарофатлари билан сув отилиб чиқиши, у кишининг қўл теккизишлари ёки дуо ўқишлари билан сувнинг кўпайиши ҳам мўъжиза. Муоз ибн Жабал Табук газотида шунга ўхшаш ғаройиб воқеа юз берганини ҳикоя қилади: «Саҳобалар бир жойга келишса, булоқнинг суви ҳаддан ташқари оз бўлиб, тошлар орасида йилтираб турган экан. Саҳобалар сувни галма-гал ҳовучлаб олишган, то яна сув йиғилгунча кутишган. Расулуллоҳ булоқда бет-қўлларини ювган заҳоти булоқнинг кўзи очилиб, биқирлаб қайнай бошлаган, одамлар ташналиги қонгунча ичишган, уловларини суғоришган. Ибн Исҳоқ гувоҳлик беришича, сувдан худди чақмоқ чаққандек қарсиллаган овоз чиқиб турган. Расулуллоҳ: «Эй Муоз, Худо умр берса, бу ерларнинг боғ-бустонга айланганини кўрасан», деб башорат қилганлар. Бу хусусда Табук ғазоти бобида батафсил тўхталдик. Баро билан Салама ибн Акваълар Расулуллоҳнинг дуолари шарофати туфайли Ҳудайбиядаги булоқ суви кўпайганлигини ривоят қилишади. Абу Қатода ривоят қилади: «Бир сафарда одамлар Расулуллоҳга ташналикдан шикоят қилишди. Расулуллоҳ сопол обдаста сўраган эдилар, мен дарров топиб келдим. Расулуллоҳ уни қўлтиқларига қисиб, жўмрагини оғзиларига тутиб, дам солдиларми ёки бирон бошқа нарса қилдиларми, билмадим, шариллаб сув туша бошлади. Одамлар ташналигини қондириб, идишларини тўлдириб олишди. Разм солиб қарасам, сопол обдаста мен келтириб берганимда қандай бўлса, шундайлигича турибди. Лекин шу кичкинагина идиш етмиш икки одамни сув билан таъминлади.
Турли жой ва турли вақтларда юз берган бундай воқеаларни саҳобалар кўп ривоят қилишади. Ровийлар ростгўй, ишончли одамлар бўлишгани учун бу гапларнинг чинлигига заррача шубҳа йўқ.
Расулуллоҳнинг биргина ҳаракатлари ва дуолари билан озиқ-овқатнинг барокатли бўлиб кетгани ҳам у кишининг мўъжизаларидандир Талханинг ривоят қилишича, Расулуллоҳ Анас қўлтиғига қисиб келган бир нечта арпа нон билан етмишдан ортиқ кишини тўйдирганлар. Пайғамбар алайҳиссалом нонларни майда ушатиб, Аллоҳ рози бўладиган дуоларни ўқиб, дам солганлар.
Жобирнинг ривоят қилишича, Хандақ ғазотида Расулуллоҳ уч килограмга яқин арпаю битта улоқчанинг гўшти билан минг одамга етадиган овқат тайёрлатганлар. Жобирнинг айтишича, ўша куни одамлар тўйиб кетганидан овқат ортиб қолган, ҳатто ортган хамирдан нон ҳам ёпишган. Пайғамбар алайҳиссалом хамир билан қозонга дам солишлари туфайли ҳамма нарсага беадад барака кирган. Абу Айюбнинг ривоят қилишича, у Расулуллоҳ билан Абу Бакр иккалаларига лойиқ овқат пиширган. Пайғамбар алайҳиссалом мана шу овқатни бир юз саксон кишига етказганлар. Шунга ўхшаш воқеаларни Абдураҳмон ибн Абу Бакр, Салама ибн Акваъ, Абу Ҳурайра, Умар ибн Хаттоб, Анас ибн Молик каби саҳобалар ҳам ривоят қилишади.
Ёғочнинг Расулуллоҳни соғиниб нола қилгани ҳам у Зоти муборакнинг мўъжизаларидандир. Жобир ибн Абдуллоҳ: «Масжиднинг хурмо ёғочидан қилинган устуни бор эди. Расулуллоҳ шу устунга суяниб хутба ўқирдилар. Минбар ясалиб, хутба минбарда ўқиладиган бўлгач, устун худди жонли ҳайвондек нола қилганини эшитганмиз», дея ҳикоя қилади. Анаснинг ривоят қилишича, устуннинг фарёдидан масжиднинг деворлари зириллаб кетган. Саҳлнинг айтишича, бу овозни эшитган одамлар ўзларини тутолмай йиғлаб юборишган. Мутталибнинг хотирлашича, устун тарс ёрилиб кетган. Расулуллоҳ келиб силаб қўйганларидан кейингина жимиб қолган. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бу устун Аллоҳнинг зикридан жудо бўлгани учун нола қилди. Худо ҳақи, агар уни ушлаб олмасам, устун то қиёматгача фарёд урар эди», деганлар. Расулуллоҳдан айрилганига чидолмай нола қилган устун у кишининг амрига биноан минбарнинг остига кўмилган. Бошқа саҳоба ва тобеинлар (саҳобаларни кўрганлар) шунга ўхшаш кўпгина ғаройиб воқеаларни ҳикоя қилишади.
Хаста ва майиб-мажруҳларни даволаганлари ҳам Расулуллоҳнинг ўзларига хос мўъжизаларидир. Уҳуд ғазотида Қатода ибн Нўмоннинг кўзи қинидан чиқиб кетди, Расулуллоҳ уни косасига солиб қўйишлари билан асл ҳолига келиб қолди. Зиқирид ғазотида Абу Қатоданинг юзига ўқ тегиб, жароҳатланди, Расулуллоҳ дам солиб қўйишлари билан дарров жароҳати тузалди. Терлама касалига чалинганда ибн Мулоиб Асинна дарров Расулулоҳга хабар юборди. Пайғамбар алайҳҳиссалом бир чимдим тупроққа дам уриб хабарчига тутқазганлар. Хабарчи Расулуллоҳ мени майна қилдилар, деган ўйда дили оғриб изига қайтган. Дарди оғирлашиб, иситмадан алаҳсираб ётган Асинна у олиб келган тупроқни оғзига солиши билан бирдан енгил тортиб, дарди ариган. Хайбар ғазотида ҳазрати Алинниг кўзи оғриганда, Расулуллоҳ ҳеч қандай дори-дармонсиз уни тузатиб юборганларини юқорида баён этиб ўтдик. Бундай ҳайратомуз воқеаларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Уларни Ислом оламидаги кўпгина мўътабар олимлар ривоят қилишгани учун қалбида иймони бор одамлар ҳеч иккиланмай ишонадилар.
Қилган дуоларининг ижобат бўлиши ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизаларидандир. Анас ибн Молик: «Онам Умму Сулайм, эй Расулуллоҳ, хизматчинг Анасни дуо қилгин, деб ўтинганида Сарвари олам, эй Аллоҳ, Анаснинг мол-мулки билан болаларини кўп ва баракотли қилгин, дея дуо қилган. Шунинг учун менинг молим ҳам, болаларим ҳам кўп. Бола-чақам билан невараларим юзга яқин», дея хотирлайди. Расулуллоҳ Абдураҳмон ибн Авфни ҳам мол-мулки кўпайишини тилаб дуо қилганлар. Абдураҳмон вафот этганда, тўрт хотинининг ҳар бирига саксон минг динордан мерос теккан. Абдураҳмон ибн Авф тиригида етти юз туядан иборат бир савдо карвонини мол-мулки, асбоб-анжоми, ҳатто туялари билан қўшиб садақа қилиб юборган.
Расулуллоҳ Муовияни ер юзида қудратли бўлишини дуо қилдилар. У халифалик мартабасига эришди. Расулуллоҳ Саъдга дуоси ижобат бўлишини тилаганлари учун у кимни дуо қилса, дуоси, албатта, ижобат бўларди. Расулуллоҳнинг Умар ибн Хаттоб орқали Исломга қувват беришини сўраб Худога илтижолари рўёбга чиққанини юқорида баён этдик. Пайғамбар алайҳиссалом Абу Қотадани: «Аллоҳ сенга нажот берсин, баданингдаги соч ва тукларингни баракотли қилсин», дея дуо қилдилар. Дуонинг шарофати билан Абу Қатода етмиш йил умр кўрди, дунёдан худди ўн беш яшар боладек навқирон бўлиб ўтди.
Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳга келажакда бўладиган ишларни аён этганлиги ҳаммага маълумдир. Ҳузайфа ривоят қилиб: «Расулуллоҳ бир жойда туриб то қиёматгача бўладиган ишларни бир-бир сўзлаб берганлар. Баъзилар бу гапларни эслаб қолишди, баъзи бировлар эса унутиб юборишди, Расулуллоҳ айтган ишларининг биронтаси юз берса, ҳамроҳлари худди анчадан бери кўрмаган таниш одамини учратгандек қувониб кетишарди. Расулуллоҳ то қиёматгача дунёга келиб фитна-фасодларга бош бўладиган уч юздан ортиқ одамнинг исм-шарифини ҳамда қабиласини бирма-бир тилга олган эдилар», дейди. Ишончли ҳадис китобларнинг муаллифлари ва ҳадис илмининг пешволари Расулуллоҳнинг душманлари устидан ғалаба қозонажаклари, Макка, Байтулмуқаддас, Яман, Шом ва Ироқларнинг фатҳ этилиши, тинчлик барқарор бўлиши шарофати билан аёлларнинг Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан хавфсирамай Ҳиродан Маккагача ёлғиз сафарга чиқишлари, Мадинанинг душманлар ҳужумига учраши, эртасигаёқ Хайбар Али қўмондонлигидаги қўшин томонидан фатҳ этилиши, умматлар Аллоҳнинг мадади билан дунёнинг кўп жойларини эгаллаб, ҳад-ҳисобсиз мол-дунёни қўлга киритишлари, Кисро, Қайсарнинг хазиналари бўлиб олиниши ҳақидаги башоратларни келтириб ўтишади. Уларнинг бир қисмини ҳамда Қураюнда зикр этилганларни биз ҳам ўз китобимизда айтиб ўтдик.
Пайғамбар алайҳиссаломга ёвуз кимсаларнинг суйиқасдлари, зиён-заҳматларидан асраш учун Аллоҳнинг кўрсатган илтифотлари ҳам Расулуллоҳнинг мўъжизалари сирасига киради.
Парвардигори олам Моида сурасининг 67-оятида ўз Расулига: «Аллоҳ сени одамларнинг душманлигидан асрайди», дейди. Тур сурасининг 48-оятида эса: «Раббингнинг ҳукмига сабр қил, сен бизнинг ҳимоямиздасан», дейилади. Зумар сурасининг 36-оятида эса:«Бандасига Аллоҳ кифоя эмасми?» дея таъкидланади. Ҳижр сурасиининг 95-оятида: «Биз сени масхара қилгувчиларнинг таъзирини бериб қўямиз», дейилади. «Сени Аллоҳнинг ўзи асрайди», деган оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ қўриқчиларига: бўлди, кетаверинглар, мени Аллоҳнинг ўзи асрайди, дея жавоб бериб юборганлар. Дусур Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлганда, яратган эгамнинг ўзи асрагани, Абу Жаҳлнинг жуда кўп суйиқасдларидан сақлагани, Мадинага ҳижрат қилган кунлари Аллоҳнинг Сарвари оламга илтифотлар кўрсатгани, йўлда Суроқа билан юз берган ҳодисани юқорида айтиб ўтдик.
Пайғамбар алайҳиссалом Маккада ашаддий душманлари орасида ўн уч йил яшадилар. Йигирма уч йил мобайнида бирон ғаним у кишига ҳеч қандай зиён-заҳмат етказолмади. То Ислом дини ғалаба қилиб, такомилга етгунча Аллоҳ таоло Сарвари оламни ўз ҳифзу ҳимоясига олиб асради. Бунинг учун яратган эгамизга ҳамд айтамиз ва шу билан унинг неъматларига эришажакмиз. Аллоҳ таоло кўп ҳамд айтувчилардан мурувватини дариғ тутмайди. Бу китобни сабр-тоқат билан ўқиб чиққанларни Аллоҳ таоло Расулуллоҳ алайҳиссаломга эргашувчилар сафидан жой олишини муваффақ этсин!
Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломни, у кишининг оиласини, саҳобаларини, дўстларини Аллоҳ таоло раҳмат қилсин! Омин!