22 жумадул аввал
1446
Ҳудайбия натижалари
Сиртдан қараганда Ҳудайбия сулҳи мусулмонлар фойдасига бўлмаганга ўхшаб кўринади. Юзаки қараладиган бўлса, кўплаб машаққатлар тортиб, Маккага яқинлашиб қолганда орқага қайтиб кетишни ҳеч қачон ғалаба деб бўлмайди. Буни саҳобаларнинг сулҳга бўлган муносабатларидан ҳам кўриш мумкин. Ҳатто ўша ҳодиса иштирокчилари ҳам «Ҳудайбия сулҳи»ни фатҳ деб тушунмаганликлари ҳақида ривоятлар бор. Баъзи ривоятларда айтилишича, «Ҳудайбия сулҳи»нинг фатҳ эканлиги Пайғамбар алайҳиссалом баён қилиб бергунларига қадар баъзи саҳобаларга тушунарсиз бўлган.
Байҳақий қилган ривоятда Урва айтадики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳудайбиядан қайтаётганларида саҳобалардан бири:
«Бу фатҳ эмас. Байтуллоҳдан йўлимиз тўсилди, қурбонликларимиз ҳам тўсилди, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам Ҳудайбияда тўхтаб қолдилар», деб айтди. Бу гап Пайғамбаримизга етиб борганида Зот алайҳиссалом:
«Бу бўлмағур гап. Шубҳасиз, бу энг улуғ фатҳдир. Мушриклар сизни ўз юртларидан илтимос ила қайтаришди, сиздан сулҳ сўрашди, омонликда бўлишга рағбат билдиришди, сизларни қанчалик ёмон кўришлари маълум эди. Аллоҳ сизларни улар устидан зафарга эриштирди, сизларни соғ-саломат, ажр-савобга эга бўлган ҳолда қайтишга муваффақ қилди. Бу улкан фатҳдир. Мен чақириб турганимга қарамасдан, қочиб қолганингиз – Уҳуд кунини унутдингизми? Ҳам юқори тарафдан, ҳам паст тарафдан душман ўраб, жонингиз халқумингизга келиб қолган Аҳзоб уруши кунини унутдингизми?» дедилар. Шунда мусулмонлар:
«Аллоҳ ва у Зотнинг Расули ростгўйдирлар, у энг улуғ фатҳдир. Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, биз сиз айтган нарсаларни ўйлаб кўрмабмиз», дейишди.
Ҳақиқатда, Ҳудайбия сулҳи улкан фатҳ бўлганлиги, балки кўп қиррали фатҳ бўлганлиги кейинчалик маълум бўлди:
1. «Ҳудайбия Ислом даъвати учун фатҳ бўлди, Исломда бундан улуғроқ фатҳ бўлган эмас», дейдилар салаф уламоларимиз. Бунгача қаерда бўлсалар, урушга йўлиқар эдилар. Сулҳ тузилиб, уруш тўхтагандан сўнг одамлар бир-бирларидан эмин бўлдилар. Бир-бирлари билан учрашиб, ўтиришиб, гаплашиб-тортишадиган бўлдилар. Озгина ақли бор одам бундай суҳбатлардан кейин Исломни қабул қилар эди. «Ҳудайбия сулҳи» билан Макканинг амалий фатҳи орасида ўтган икки йил мобайнида ундан аввалги ўн тўққиз йилдагига қараганда кўпроқ одам Исломга кирди. Эсингизда бўлса, Ҳудайбияда иштирок этганларнинг сони бир минг тўрт юз эди. Икки йилдан сўнг, Макка амалий фатҳ қилинганида ўн минг киши қатнашди. Уларнинг ичида Холид ибн Валид ва Амр ибн Оссга ўхшаш улкан фотиҳ саҳобийлар ҳам бор эдилар.
2. Ҳудайбия сулҳи Ислом ерларининг кенгайишига ҳам сабаб бўлди. Аввал ҳамма куч-эътибор мушрикларга қаратилган эди. Сулҳ тузилиб, уларнинг ёмонлигидан омонда бўлинганидан сўнг яҳудийлар билан ҳисоб-китобни жойига қўйишга имкон пайдо бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом Шомнинг йўлидаги Хайбар номли жойдан Ислом учун доимий хавф-хатар бўлиб турган яҳудийларни чиқаришга муяссар бўлдилар. У ерларни фатҳ қилиб, ўлжаларни фақат Ҳудайбияда иштирок этганларга бўлиб бердилар.
3. Бу сулҳ мусулмонлар билан мушриклар орасини «фатҳ қилди» – очди. Авваллари мушриклар Исломни ва мусулмонларни ҳеч тан олмас эдилар. Бундан бир йил илгари Макка мушриклари атрофдан одам тўплаш мақсадида Мадинага бостириб боришган, бу билан мусулмонларни ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўйишган эди. Қурайш қабиласини йўлбошчи деб биладиган бошқа араб қабилалари ҳам бундан қаттиқ таъсирланган эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом умрага бирга боришга чақирганларида улардан ҳеч ким қўшилмаган. Аксинча, улар, мусулмонлар бу сафардан соғ қайтмайдилар, деб ўйлаган эдилар. Мунофиқлар эса бундан ҳам ёмонроқ гумонларга боришган эди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмонларга нусрат берди. Сулҳ тузилиб, қурайшликлар Пайғамбар алайҳиссаломни ва ҳақ дин бўлган Исломни тан олишди. Мусулмонларни ўзларига тенг деб эътироф этиб, уларга илтимос билан мурожаатда бўлишди. Ҳеч шубҳа йўқки, бу воқеа Ислом тарихидаги энг улкан фатҳ эди. Шу боисдан ҳам бу фатҳни Қуръони Карим «Равшан фатҳ» деб номлади.
4. Ушбу улуғ ҳодисадан кейин бошқа қабилалар ва жамоалар ҳам мусулмонларга ҳурмат назари билан қарай бошладилар. Уларга аввал қўшилмаган аъробийлар узр айтиб кела бошлашди. Мадинаи Мунавварадаги мунофиқларнинг ҳам овозлари пасайиб қолди. Турли тарафлардан араб қабилалари ўз вакилларини Пайғамбаримиз ҳузурларига юборадиган бўлдилар.
5. Шу билан бирга, Ҳудайбия қалбларни ва нафсларни ҳам фатҳ қилди. Кишилар Ислом учун барча фидокорликка тайёр ҳолга келдилар. Бунга дарахт остидаги Ризвон байъати мисол бўла олади.
Буларнинг ҳаммаси улкан ютуқ ва буюк фатҳ эди.
20:48 / 26.06.2020
2343
Аввалги мақола
Абу Жандал гуруҳи
Мақолалар
2446
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар