22 жумадул аввал 1446
Форс Кисросига юборилган мактуб
Ўша пайтда Форс империяси дунёни ларзага солган икки давлатнинг  бири эди. Форслар доимий равишда румликлар билан дунё ҳукмронлигини талашиб келар эдилар. Бу икки буюк империя орасида доимий равишда урушлар бўлиб турарди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг даврларида Форс империяси бошида Хисрав иккинчи Абрувез турар эди. Унга милодий 590 санада отаси Хисрав биринчининг қатлидан кейин тож кийдирилган эди. Янги Кисрога (Форс подшоҳи шундай аталар эди) қарши Баҳром ва Анҳузумлар бош кўтардилар. Хисрав иккинчи Византия императори Морикосдан ёрдам сўради ва унинг ёрдамида тахтни қайта эгаллади. Милодий 612 санада Хисрав Морикоснинг ўчини олиш учун Византияга ҳужум қилиб, катта муваффақиятларга эришди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Хисрав иккинчининг даврида Форс империясининг энг кучга тўлган, равнаққа эришган, кенг тарқалган даври бўлди. Шунинг учун ҳам Хисрав иккинчи «Абрувез» – «Музаффар» лақабини олган эди. У энг бешафқат, ўзбилармон ва уддабурон подшоҳлардан эди. Хисрав иккинчи ҳойи ҳавасга берилган, айш-ишратга, бойликка муккасидан кетган одам эди. Тахтга ўтирганига ўн уч йил тўлганида унинг саккиз юз саксон миллион тиллоси бор эди. Бошқа бойликлари ҳам шунга мос эди. У ўттиз етти йил подшоҳлик қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Кисрога Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий розияллоҳу анҳу орқали юборган мактубларининг матни қуйидагича эди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Муҳаммад Расулуллоҳдан Форснинг улуғи Кисрога. Ҳидоятга эргашганга, Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирганга, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, менинг одамларнинг барчасига ҳаёт бўлганларни огоҳлантириш учун Аллоҳнинг элчиси эканлигимга шаҳодат келтирганга саломлар бўлсин. Мусулмон бўл, саломат бўлурсан. Агар бош тортсанг, мажусийларнинг гуноҳи сенга». Ушбу мактубнинг маъноси билан танишган Кисро уни парчалаб ташлади ва: «У менинг қулим бўлиб туриб, менга мактуб ёзадими?!» деб бақирди. Бу гап Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда: «Аллоҳ мулкини парчаласин», дедилар. Кисро ўзининг Ямандаги ҳокими Бозонга у Зотни олиб келишни амр қилди. Бозон эса Бобавайҳ деган одамни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. У келиб, уЗотга: «Подшоҳларнинг подшоҳи Кисро Бозон подшоҳга мактуб йўллаб, сени олиб келгани одам юборишга амр қилди. У сени олиб кетиш учун мени юборди», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Кисрога ўғли Шерувайҳни душман қилди. У отасини ўлдирди», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қабул бўлди, айтганлари ўнгидан келди. Хисрав иккинчи ўғлининг амрига биноан, хору зор қилиб ўлдирилди. Шерувайҳ ҳам отасидан кейин олти ойгина яшади, холос. Тўрт юз йил давру даврон сурган Сосонийлар империяси тез суръатларда парчалана бошлади. Шерувайҳдан кейин тўрт йил ичида ўнта подшоҳ бўлди. Охири келиб Яздажирнинг даврида, милодий 638 санада бу империя мусулмон фотиҳлар оёғига йиқилди.
12:27 / 18.04.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...