Пайғамбар алайҳиссалом ҳижрий олтинчи йилнинг Зулқаъда ойида Ҳудайбиядан Мадинаи Мунавварага қайтиб келдилар. Зулҳижжа ва Муҳаррам ойлари ўтиб, Софар ойида Хайбарни фатҳ қилдилар. Еттинчи ҳижрий йилнинг Зулқаъда ойида, яъни роппа-роса бир йилдан сўнг Ҳудайбияда иштирок этган саҳобалар билан бирга умрага отландилар. Зул Ҳулайфа деган жойдан эҳром боғлаб, қурбонликларини ҳам ҳайдаб олдилар. Ривоятларда келишича, ўшанда Расулуллоҳнинг ўзлари олтмишта туя олиб борган эканлар. Ҳаммалари бир бўлиб, «лаббайка»ни айтиб, йўлга тушдилар. Марриз-Заҳрон деган жойга яқинлашганларида Муҳаммад ибн Саламани от ва қуроллар билан олдинга жўнатдилар. Буни кўрган мушриклар «Расулуллоҳ орадаги ўн йилгача уруш қилмаслик аҳдини бузиб, бизга ғазот қилиб келаётир», деб ўйлаб, қўрқувга тушишди ва бу хабарни Макка аҳлига етказишди. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам Марриз-Заҳронга келиб, ҳарамнинг белгилари кўринадиган жойга тушдилар ва қурол-аслаҳаларини Ботну Яъжаж деган жойга юбориб, ўзлари аҳдномада шартлашилганидек, қиличларини қинида сақлаган ҳолда Маккага қараб юрдилар. Улар йўлда юриб бораётганларида Қурайш томонидан юборилган Микраз ибн Ҳафс исмли киши келиб: «Эй Муҳаммад! Биз сени аҳдни бузасан, деб ўйламаган эдик», деди. Расули акрам алайҳиссалом: «Нега бундай деяпсан?» дедилар. У: «Бизнинг устимизга силоҳ, найзалар билан келдинг», деди. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Ундай бўлгани йўқ, биз уларни Яъжажга юбордик». Ибн Ҳафс: «Биз сени яхшилик ва вафо билан таниган эдик», деди. Пайғамбаримиз бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамага кириб борганларида мушрикларнинг раҳбарлари уларни кўришга тоқат қила олмай, шаҳардан ташқарига чиқиб кетдилар. Қолганлар эса – эркак-аёл, ёш-яланг, қариялар ва болалар йўл четига, томларнинг устига чиқиб, томоша қилиб ўтирдилар. Саҳобалар Пайғамбаримизнинг атрофларида «лаббайка»ни баралла айтиб, кириб келишди. Расули акрам алайҳиссалом эса Ҳудайбия куни минган туялари – Қасвони минган ҳолларида она шаҳарлари Маккага дохил бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ал-Ансорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг туяларини юганидан тутиб: «Муҳаммад Расули бўлган Зот исми билан, Динидан ўзга дин йўқ бўлган Зот исми билан!» деб бошланувчи қасидани ўқиган ҳолда келар эдилар. Имом Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саҳобалар билан Марриз-Заҳронга келиб тушганларидаёқ Қурайшийлар «Очликдан тинкалари қуриб қолибди-ку», деб гап тарқатишган эди, шунда саҳобалар «Миниб келган ҳайвонларимиздан сўйиб, гўштини еб, шўрвасини ичиб олсак, эртага анавиларнинг олдида тетикроқ турармидик», деб қолишди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ундай қилманглар, қолган овқатларингизни тўплаб, менга олиб келинглар», дедилар. Жамлаб келдилар. Расули акрамнинг шарафлари ила Аллоҳ таоло у таомга барака берди. Тўйиб ейишди, ортиб қолганидан идишларини тўлдириб олишди. Сўнгра Расулуллоҳ юриб кетдилар. Каъбага яқинлашганларида қурайшликларнинг Ҳижри Исмоил тарафдан ўзларини кузатиб турганларини кўрдилар-да, саҳобаларга: «Анави қавм сизда заифлик кўрмасин», деб ридоларини қўлтиқлари остига қисиб, Ҳажарул асвад рукнини истилом қилдилар ва паҳлавонларча катта-катта қадам ташлаб, бошқача юриш қилиб кетдилар. Ямон рукнига келиб, қурайшликларнинг кўзидан узоқлашганда оддий юриш қилдилар. Уч тавофни шундай тарзда, қолганини оддий юриш ила қилдилар. Ушбу амал худди шундай тартиб билан суннат бўлиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамада уч кун туриб, сўнгра Мадинаи Мунавварага қайтдилар.