Мўъта жангидан қайтиб келаётган лашкар Мадинаи Мунавварага яқинлашганда одамлар уларни кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиқа бошладилар. Кутиб олувчиларнинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари улов миниб борар эдилар. Биринчи бўлиб ёш болалар олдинга интилдилар. Шунда у Зот одамларга қараб: «Ёш болаларни кўтариб олинглар! Менга Жаъфарнинг ўғлини беринглар!» дедилар. Одамлар Жаъфар розияллоҳу анҳунинг ўғли – Абдуллоҳни олиб келдилар. У Зот уни олиб, олдиларига ўтирғизиб олдилар. Мусулмонлар Ислом лашкарининг шонли зафарларига ўрганиб қолишган эди. Шунинг учун ҳам Мўътадаги уруш уларга Ислом лашкарининг мағлубияти бўлиб кўринди. Улар қайтиб келаётган жангчилар устидан тупроқ сочиб: «Қочқоқлар! Аллоҳнинг йўлида қочдинглар!» деб бақира бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Улар, иншааллоҳ, каррорлар – қайта ҳужум қилиш учун чекинувчилардир», дедилар. Дарҳақиқат, Мўъта жангида иштирок этган саҳобалар қочқоқ эмас эдилар. Улар ўзлари уч минг киши бўлишларига қарамай, ўша замоннинг энг кучли икки юз мингли аскарига тенг келган эдилар. Ўша аёвсиз жангда саҳобалардан фақатгина ўн икки киши шаҳид бўлган эди, холос. Кофирлардан қанча ўлганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биргина Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг кофирлар бошини узиш билан машғул бўлган тўққизта қиличи синган эди ўша жангда. Бунинг устига, шунча тўс-тўполоннинг ичида мусулмонлар анчагина ўлжаларни ҳам қўлга киритган эдилар. Мўъта жанги мусулмонларнинг Арабистон ярим оролидан ташқарида араблардан бошқалар билан биринчи бор тўқнашуви эди. Бу жангда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари иштирок этмаган бўлсалар ҳам, унда нисбатан кўп одам бўлганлиги ва катта аҳамиятга эгалиги учун тарихчиларимиз уни ғазот деб номлаганлар. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этмаган урушнинг сария деб аталиши ҳаммага маълум.