22 жумадул аввал 1446
Абу Суфённинг узр сўраши

Ўша вақтда ширк жамоасининг бошлиғи бўлган Абу Суфён ибн Ҳарб Мадинаи Мунаввара томон йўлга чиқди. Шу билан бирга, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайнатаси ҳам эди. Ҳа, унинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари, мўминларнинг оналаридан бири эдилар. Шунинг учун ҳам Абу Суфён Мадинаи Мунавварага етиб боргандан сўнг қизи Умму Ҳабибанинг олдиларига кириб борди. У жигаргўшасиникида ўзини эркин ҳис қилиб, кира солиб, индамай, тўшаб қўйилган кўрпачага ўтирмоқчи бўлди. Шунда кутилмаган иш содир бўлди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо узоқ муддатдан бери кўришмай юрган оталарининг тагидан кўрпачани шошилиб, тортиб олдилар. Абу Суфён ҳайрон бўлиб:
«Ҳа, қизгинам, нима бўлди? Бу кўрпачани менга раво кўрмаяпсанми? Ёки мени кўрпачага раво кўрмаяпсанми?» деб сўради. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо:
«Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачалари! Сен мушриксан, нажассан! Сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрпачаларига ўтиришингни истамадим», дедилар. У:
«Аллоҳга қасамки, сенга мендан кейин ёмонлик етибди», деди.
Бу муомаладан ҳайратда қолган Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, сўзламоқчи бўлган эди, у зот унинг сўзларини эшитишни ҳам истамадилар. Кейин у Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга гапларини етказишини сўради. У киши «Мен бу ишни қилмайман», дедилар. Абу Суфён Умар, Али ва Фотима розияллоҳу анҳумларга ҳам илтимос қилди, бўлмади.
У ҳайрон бўлиб, нима қилишини билмай қолди. У Фотима розияллоҳу анҳога:
«Эй Муҳаммаднинг қизи! Сен ўзингнинг манави ўғилчангни одамларга омонлик беришга амр қилсанг-чи! Шунда у арабларнинг улуғи бўларди», деб, тетапоя бўлиб юрган Ҳасанни кўрсатди. Фотима розияллоҳу анҳо бу гапга жавобан:
«Менинг ўғлим ҳали бировга омонлик берадиган бўлгани йўқ. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши ҳеч ким ҳеч кимга омонлик бермас!» дедилар.
Паришонлиги янада зиёда бўлган Абу Суфён Ҳазрати Алига мурожаат қилиб:
«Эй Абул Ҳасан! Қийин аҳволда қолдим, менга маслаҳат бер», деди.
«Сенга фойда берадиган бирор нарсани кўрмаяпман. Лекин сен Бану Канонанинг саййидисан. Туриб, одамлардан омонлик сўрагин-да, ўз аҳлинг томон йўл ол», дедилар унга Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу.
Абу Суфён масжидга кириб:
«Эй одамлар! Мен одамлардан омонлик сўрайман», деди-да, туясига миниб, жўнаб қолди.

13:41 / 18.04.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...