22 жумадул аввал 1446
Макка томон отланиш

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тайёргарлик кўриш ҳақида амр бердилар. У Зот бу ишни сир тутиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Ҳотиб ибн Абу Балтаъа исмли киши Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келган эди. Бу саҳобий Бадр уруши иштирокчиларидан бўлган. Маккада унинг бола-чақаси ва мол-дунёси қолганди. Ўзи Қурайш қабиласидан бўлмай, уларга дўст тутинганлардан эди. Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, бизнинг хабаримизни улардан беркитгин», деб дуо ҳам қилдилар. Ҳотиб ибн Абу Балтаъа эса Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғазотни қасд қилганликлари ҳақида хат ёзиб, бир аёл киши орқали Қурайш қабиласига юборди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дуоларини қабул айлаб, бунинг хабарини у Зотга билдирди. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом ва Миқдодларни чақириб, «Тезда йўлга отланинглар, сизларга бир боғ дуч келади, у ердан бир аёлни топасизлар, унда хат бор. Ўша хатни олиб, қайтинглар», дедилар. Учовлон от чоптириб, боққа етиб бориб, аёл кишини топишди ва «Хатни чиқар!» дейишди. Аёл «Менда хат йўқ», деди. Шунда учовлон хатни қидириб бўлса ҳам топишларига ишора қилиб, «Ё хатни чиқарасан, ё кийимларингни ечасан!» дейишди. Ноилож қолган аёл хатни соч турмаклари орасидан чиқариб берди. Учовлари хатни олиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига боришди. Қарашса, Ҳотибнинг мушрикларга ёзган хати экан. Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Ҳотиб, бу нима?» дедилар. Шунда Ҳотиб: «Илтимос, шошилманг, мен сизнинг ғолиб келишингизни яхши билардим. Мен Қурайш аъзоси эмасман, бошқа муҳожирларнинг Маккадаги қариндошларини ҳимоя қиладиган кишилари бор. Мен ҳам Маккадаги яқинларимни насабдан бўлмаса-да, бошқа бирор йўл билан ҳимоя қилиш йўлини ўйлаган эдим. Буни кофирлигим учун ёки диндан қайтиб, муртад бўлганим учун қилганим йўқ», деди. Пайғамбар алайҳиссалом «Тўғри айтдинг», деб уни кечирдилар. Ана ўшанда Аллоҳ «Мумтаҳана» сурасининг аввалги оятларини тушириб, бу масаладаги ўз ҳукмларини баён қилди: «Эй иймон келтирганлар! Агар Менинг йўлимда жиҳод қилиб ва розилигимни сўраб чиққан бўлсангиз, Менинг душманларимни ва ўзингизнинг душманларингизни валий тутманглар. Сизлар уларга дўстлик қиласизлар, улар эса сизларга келган ҳаққа батаҳқиқ куфр келтирдилар. Роббингиз бўлмиш Аллоҳга иймон келтирганингиз учун Расулни ва сизни ҳайдаб чиқарурлар. Сиз уларга дўстлик қилиб сир айтурсиз. Мен эса нимани махфий тутганингизнию нимани ошкор қилганингизни жуда яхши билурман. Сизлардан ким буни қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашибди». Саккизинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан чиқиб, Макка томон йўл олдилар. У Зотнинг лашкарлари ўн минг кишидан иборат эди. У Зот юриб бориб, Марриз Заҳрон номли жойга тушдилар. Қурайш бўлаётган ишлардан бехабар эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда унинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган эди. Йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга амакиваччаси Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб дуч келган эди, у Зот ундан берган озорлари ва қилган ҳажвлари туфайли юзларини ўгириб олдилар. У бўлса бу ҳақда Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. Али унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юз томонларига ўтиб, у Зотга Юсуфнинг акалари Юсуфга айтган: «Аллоҳга қасамки, ҳақиқатан, Аллоҳ сени биздан устун қилди. Биз эса хатокорлардан бўлдик», деган гапларини айтишни ўргатди. У ўшандоқ қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилсин. У раҳмлиларнинг раҳмлироғидир», оятини тиловат қилдилар («Юсуф» сураси, 91–92-оятлар). Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолибнинг Исломи гўзал бўлди. У мусулмон бўлганидан кейин ҳаё қилиб, бирор марта ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошини кўтариб қарамади.

13:42 / 18.04.2012
Аввалги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...