Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Савол: Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари нечта бўлган? Агар битта бўлган бўлса, бошқа аёллари қаерда яшашган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамду лиллаҳи ваҳдаҳ, вассолату вассаламу ъала ман ла набийя баъдаҳ. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Набавий Масжид қурилганида, масжид ёнига иккита уй ҳам қўшиб қурилган эди: бири Оиша онамизга, иккинчиси Савда онамизга. Кейинчалик у Зот бошқа оналаримизга уйланганларида уларга ҳам алоҳида уйлар қуриб берилган. Бир вақтда тўққизта аёллари бўлгани учун оналаримизнинг уйлари ҳам тўққизта бўлган. Бу уйларнинг асосий қисми масжид биносининг шарқий деворига ёпиштириб, хом ғишт ва хурмо шохларидан қурилган, яъни сиз қиблага қараб турганингизда чап тарафингизда бўлади. Мана шу уйларда ҳам ваҳийлар нозил бўлган.
(Муҳаммад Баҳоуддин ибн Зиё Маккий Ҳанафийнинг «Тарихи Маккатал мушаррафати вал Масжидил Ҳаром», (130 – 131-бетлар) ва Ибн Ражабнинг «Латоифул маъориф» (8/4) китобларидан фойдаланилди).