«
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларида Кисро Ануширвоннинг мустаҳкам саройи зилзила ва момоқалдироқ туфайли ёрилиб, ўн тўртта айвони қулаб тушган, Форс империясидаги мажусийларнинг минг йилдан бери ўчмай келаётган «муқаддас олов»лари ўчиб қолган ва Сова кўлининг суви ерга сингиб кетиб, унинг атрофидаги черковлар қулаган», деган ривоят бор. Бу ривоятнинг исноди ҳақида уламоларимиз нима дейишади?
Имом Заҳабий «Ас-сийратун набавия» китобида (1/12) бу ривоятни: «Мункар, ғариб», деган.
Ибн Асокир: «Бу ривоят ғарибдир, ҳужжатга ярамайди», деган.
Аллома Ибн Касир «Ал-бидоя ван ниҳоя» китобида (2/329): «Бу ривоятнинг асли-асоси йўқ», деган.
Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда Мулла Али Қорининг «Ал-маснуъ фи маърифатил ҳадисил мавзуъ» китоби таҳқиқида (18-бет) ва доктор Абдул Муътий Қалъажий Имом Байҳақийнинг «Далоилун нубувваҳ» китоби таълиқи-изоҳида (1/129): «Бу ривоят саҳиҳ эмас», дейишган.
Доктор Маҳдий Ризқуллоҳ «Ас-сийратун набавия фи зовъил масодирил аслия диросатан таҳлилия» китобида (112-бет):«Бу ривоят саҳиҳ йўллар билан собит бўлмаган», дейди.
Шайх Холид Абду Раҳмон имом Мовардийнинг «Аъломун нубувваҳ» китоби изоҳида (271-бет):«Кучсиз-қониқарсиздир, ҳужжатга ярамайди», деган.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий: «Фиқҳус сийра» китобида: «Кучсиз-қониқарсиз», дейиш билан мазкур маълумотни тасдиқламаган.
Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий «Ар-раҳиқул махтум» китобида (61-бет): «Бу ривоятларнинг бирорта ҳам собит исноди йўқ. Ўша халқларда тарихнавислик кучли бўлганига қарамасдан, уларнинг тарихида бу воқеалар тилга олинмаган», дейди.
Доктор Акрам Зиё Умарий «Ас-сийратун набавия ас-саҳиҳа» китобида: «Мазкур ривоятнинг ровийлари ичида Яъло ибн Имрон Бажаллий ва Махзум ибн Ҳониъ Махзумий каби мажҳул-номаълум шахслар бор бўлиб, уларнинг таржимаи ҳолларини топа олмадим», деган.
Абдул Азим ЗИЁУДДИН