23 жумадул аввал 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва уларнинг даражалари
 

Пайғамбаримизнинг асҳоби

ва уларнинг даражалари

«Асҳоб» сўзини изоҳлашда турли фикрлар ўртага қўйилган. Кўпчиликнинг қаноатига кўра, Расули акрам алайҳиссаломнинг юзларини кўрган, суҳбатларида бўлган эркак мусулмонга «саҳобий», аёл мусулмонга «саҳобия», буларнинг кўплигига эса «асҳоб» дейилади.

Вадо ҳажида Пайғамбаримиз билан бирга Каъбани тавоф этган, Арофатда Расули акрамнинг Видо хутбаларини эшитган асҳобнинг сони бир юз йигирма тўрт минг эди. Ҳолбуки, ҳазрат Ийсо алайҳиссаломга ишонган ва эргашган ҳаворийлар ўн икки балиқчигина эди, холос. Булардан Яҳудо - Шамъун кейинчалик Пайғамбарга хиёнат қилган, ҳазрат Ийсони қўлга олмоқчи бўлган яҳудийларга пора эвазига Пайғамбарнинг жойини айтиб берган эди1.

1. Муҳожирлар

Расули акрамнинг амр ва рухсатлари билан Макка фатҳидан олдин маълум муддатга Мадинага кўчиб борган маккалик мусулмонларга «муҳожир» дейилади.

Илк ҳижрат этган Абу Салама эди. Охирида муҳожир бўлган эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ҳазрат Аббос бўлдилар.

2. Ансор

Мадинада маккалик муҳожирларга ёрдам берган мадиналик мусулмонларга эса «ансор» номи берилгандир.

3. Муҳожирлар ва ансордан

бошқа асҳоб

Абу Суфён билан ўғиллари каби Макка фатҳидан кейин Мадинада жойлашиб олганлар учинчи тоифа асҳобга киради. Булар муҳожир ҳисобланмайдилар2, лекин «муаллафи қулуб» номини олгандирлар («Ўлжаларнинг тақсими» бобига қаранг).

Муҳожирлар сўзсиз ансордан фазилатлидирлар. Бироқ илк ансор охирги муҳожирлардан янада фазилатлидир.

Муҳожирларнинг юксак фазилатларини Қуръони карим маълум қилгандир3.

Қуръони карим муҳожирлар билан бирга ансорни ҳам мадҳу сано этгани ҳолда мусулмонларнинг Мадинада мунофиқларга ҳам дуч келганини кўрсатиб бергандир4.

Ибн Таймия дедиларки: «Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа уламо муҳожирлар орасида бирор мунофиқ бўлмаганлигини, лекин Исломиятнинг Мадинада зуҳуридан сўнг ансорнинг баъзи қабилаларида нифоқ кўринганлигини айтдилар»5.

«Табақот − Тарожими аҳвол» китобларини ёзган Ислом тарихчилари Пайғамбаримизнинг асҳобини ўн уч табақага ажратадилар:6

Биринчи табақа − бу табақага ҳазрат Хадижадан ҳазрат Умаргача Ислом динини қабул қилган маккалик мусулмонлар кирадилар. Хадижа, Зайд, Али, Абу Бакр каби бу табақа вакиллари биринчилардан бўлиб Исломга кириш шарафига муяссар бўлишди. Бу илк мусулмонларнинг ўттиз тўққизинчиси ҳазрат Ҳамза, қирқинчиси ҳазрат Умар эдилар. Булар Сафода ҳазрат Арқамнинг уйида тўпланишар, Расули акрам билан яширинча учрашишар, дарс олишар эдилар. Ҳазрат Умар ҳам ана шу уйда иймонга келдилар. Илк мусулмонларнинг сонини қирққа чиқардилар.

Асҳобнинг бу илк табақадан ўнтаси: ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Абдурраҳмон, Абу Убайда ҳаётликларида жаннатий бўлганликлари Расули акрам томонларидан муждаланганлиги учун «Ашараи Мубашшара» номи билан шуҳрат қозонишди.

Булардан илк тўрттасига «Чаҳор ёри гузин» (танланган тўрт дўст) дейилган. Икки аввалгисига (Абу Бакр билан Умарга) эса «шайхайн» номи берилгандир. Бироқ Хулафои Рошидийн бештадир (ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва Ҳасан).

Иккинчи табақа − ҳазрат Умар мусулмон бўлганларидан сўнг Ислом динини қабул қилган асҳоб.

Учинчи табақа − Расули акрамнинг рухсатлари билан Маккадан Ҳабашистонга кўчиб борган асҳоб эди7. Булар икки гуруҳдир. Биринчи Ҳабаш ҳижратига қўшилганлар ўн олти киши бўлиб, булардан тўрттаси аёл; иккинчи Ҳабаш муҳожаратига иштирок этганлардан ўн уч нафари аёл ўлароқ, жами тўқсон кишилик асҳоб эди.

Тўртинчи табақа − Макканинг шимолида, Ақоба тепалигида Расули акрам билан биринчи учрашувдаёқ Ислом динини қабул қилган олти кишидан иборат илк мадиналик мусулмонлар.

Бешинчи табақа − биринчи мулоқотдан бир йил сўнгра Ақобада Расули акрам билан иккинчи марта учрашиб, аввалгилар сафида ҳазрат Пайғамбарга байъат қилган мадиналик ўн икки мусулмон. Бошлиқлари Зарора ўғли Асъад эди. Булар мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларини тамсил этардилар.

Олтинчи табақа − иккинчи мулоқотдан бир йил кейин яна Ақобада Расули акрам билан учинчи дафъа учрашиб, кейингилардан бўлиб Пайғамбаримизга байъат этган мадиналик етмиш беш мусулмондир. Ораларида икки аёл ҳам бор эди.

Еттинчи табақа − катта Мадина ҳижрати сирасида, Расули акрам жаноблари Қубода эканликларида Маккадан Мадинага ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар.

Саккизинчи табақа − Маккалик муҳожирлар ва мадиналик ансордан Бадр ғазотида иштирок этган Бадр асҳоби (асҳоби Бадр), улар жами уч юз ўн уч киши эди. Буларнинг саккизтаси мазаратига биноан изнли эдилар. Бадр асҳобидан олтмиш тўрттаси муҳожир, қолганлари ансордан эди.

Тўққизинчи табақа − Бадр ғазоти билан Ҳудайбия сулҳи орасида Маккадан Мадинага ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар.

Ўнинчи табақа − Ҳудайбия муоҳадаси асносида «Шажараи Ризвон» дейилувчи бир дарахт остида Расули акрамга«Ризвон байъати» ёки «Ҳудайбия байъати» дейилувчи байъатни берган минг беш юз ёхуд бир минг олти юз кишилик мусулмон қофиласи эди.

Ўн биринчи табақа − Ҳудайбия муоҳадаси ва Макка фатҳи орасида Мадинага ҳижрат этган маккалик муҳожирлар.

Ўн иккинчи табақа − Макканинг фатҳи куни Исломга кирган маккалик мусулмонлар.

Ўн учинчи табақа − ҳаётдаликларида Расули акрам ҳазратларини кўрган мусулмон болалари.

Пайғамбаримизнинг асҳоби шараф, фазилат ва мазийят жиҳатдан ҳам даражаларга айрилади. Бутун асҳобнинг энг фазилатлиси, суннийларга кўра, Шайхайн (Абу Бакр билан Умар); шиийларга кўра Али, сўнгра Хулафои Рошидийн; кейин Асҳоби Бадрнинг боқийяси (қолган қисми); ундан кейин Асҳоби Уҳуднинг боқийяси; ундан кейин Байъати Ризвон асҳобининг боқийяси; ундан сўнг Макка фатҳидан олдин мусулмон бўлганлар; энг охирида Макка фатҳида мусулмон бўлган асҳоб8.

Булардан ташқари, Мадина масжидининг бир бурчагида жойлашган суфада ётиб юрган «Софа - Суффа асҳоби» ҳам бор эди. Буларг «Асҳоби Суффа» дейиларди. Абу Ҳурайранинг ривоятига кўра, Асҳоби Суффа етмишдан ортиқ эди. Булар асҳобнинг фақирлари, Расули акрамнинг ётиб дарс олувчи талабалари эди. Расули акрам Мадинадан ташқарига бирор муаллим ёки воиз юбормоқчи бўлсалар, Асҳоби Суффа ичидан танлаб юборардилар («Мадина даври солномасининг таснифи»бўлимига қаранг).

Изоҳлар

1. «Қиссаси Анбиё»1-жилд, 42-бет; «Миръотул ибар», 1-жилд, 165-бет; «Зубдатул қисас», 1-жилд, 35-бет.,

2. «Қиссаси Анбиё», 4-жилд, 403-бет.

3. Бақара, Оли-Имрон, Нисо, Анфол, Тавба, Наҳл, Ҳаж, Нур, Ҳашр суралари. «Асри Саодат», 1-жилд, 156-бет.

4. Нисо, Тавба, Анфол, Аҳзоб ва Ҳадид каби Мадинада нозил бўлган сураларда булар ҳақида муфассал бир тарзда баҳс этилади («Асри Саодат», «Пайғамбаримизнинг асҳоби», 1-жилд, 161-бет).

5. «Асри Саодат», «Пайғамбаримизнинг асҳоби», 1-жилд, 163-бет.

6. Сирри Пошо. «Орифул милал», 37-бет.

7. «Миръотул ибар», 5-жилд, 299-бет.

8. Проф. Исмоил Ҳаққи Измирли, «Усули фиқҳ», 67-бет.

 
10:30 / 20.07.2015
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...