22 жумадул аввал 1446
Биринчи бўлим. Яна ким сени унингдек яхши кўради

«ҲУББУН НАБИЙ» КИТОБИДАН ЮЛДУЗ КОМИЛ ҚИЗИ ТАРЖИМАСИ

Биринчи бўлим

Яна ким сени унингдек яхши кўради

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Қадрли болаларим, сизларга пок қалбли, қадри буюк, сизларни қаттиқ яхши кўрувчи киши ҳақида сўзлаб бераман. У сизларга муштоқдир ва сизларни кўриш орзусидадир. У мунис киши бўлгани учун, Аллоҳнинг барча махлуқларини, болалару катталар, бойлару фақирларни, қўйингки, барча инсонларни, ҳатто ҳайвонлар, қушлар ва жамододларни ҳам яхши кўради. Унинг раҳмат ва шафқати барча махлуқотни қамрай олади. Дарҳақиқат, У меҳр ва раҳматини у Зотни таниган ва танимаган барчага илтифот қилган Зотдир. Унинг қалбида нафрат, қасос ва тамага ўрин йўқ, ҳатто қаттиқ азият торттирган душманларига нисбатан ҳам. Балки у Зотнинг мурувват кўрсатиш ва кечиримли бўлиш табиатлари, ўзларига ёмонлик қилган кишиларга ҳам яхшилик қилишлари ҳаёти дунёда тутган йўллари эди.

Аллоҳ азза ва жалла у Зот ҳақларида: «(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат, биз Сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати жаннатга етказувчи) қилиб юбордик» (Анбиё, 107).

Энди уни танигандирсиз? Ундан ўзга ким ҳам бўлиши мумкин?

У Аллоҳнинг ўз махлуқлари учун ҳадя қилган раҳмати - Муҳаммаддир (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

Лекин ким у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам?! Улар ҳақида билишни истайсизларми? Сизларнинг тенгдошларингиз билан учрашуви ва уларга муаллимлик қилганлигини, шунингдек, у кишига бўлган муҳаббат болаларнинг қалбларида қандай жо бўлганини билишни истайсизларми?

Агарда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кимлигини билишга қарор қилган бўлсанг, яхши билгинки, эй менинг кичик ширинтойим, у сени кўрмасидан илгари ҳам яхши кўрарди ва ҳаққингга дуо қиларди. Балки, у сени кўришга муштоқ бўлгандир ва сени кўп машаққатлардан ҳимоялаб қўйгандир.

У сенинг ота-онангга, балки, қўшниларинг ёки бўлмасам муаллиминг ва барча сенга алоқадор бўлган кишиларга сен ҳақингда васият қилган!

Ота-онанг учун васият қилган баъзи нарсалар:

Қадрли меҳмон учун гўзал исм

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга, эй ўғилчам, сенга бир гўзал исм танлашимни васият қилиб, бу ишни сенинг олдингдаги менинг бурчим қилиб тайинладилар. Нима учун шундай бўлмасин?

Ахир бу исм билан ҳаётинг давомида чақирилишингни яхши биладилар. Энди мен сенга бир исмни қўйишни истаганимда, кулгили, масхаратомуз бўлмаган, маъноси ёқимли ва айтилиши енгил ва жарангдор бўлган исмни танладим.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинадики,  ҳазрати Фотима ўғил кўрган вақтларида у кишининг эрлари Али ибн Абу Толиб болага «Ҳарб» (маъноси «Уруш») деб ном қўймоқчи бўлган. Чунки Али одамлар уни «Абул Харб» деб чақиришларини истаган эди. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бошқа бир исм қўишни маъқул кўриб: «Ҳасан бўлақолсин»дедилар.

«Сен бу исм ҳақида нима дейсан? Сен «Ҳарб»нинг маъносини биласанми? Одамлар «Эй Ҳарб», деб чақиришадиган болани бир кўз олдингга келтириб кўргин- чи», деб уни қайтарадилар.

Сенчи, исминг ҳақида нима дейсан? Сен ҳам, эй қизалоғим, исминг ҳақида нима дейсан? Унинг маъноси нима?

Энди она фарзандини дунёга келганидан қанчалик хурсанд бўлганини ва қай тарзда ота-онаси унга исм танлашганини сўзлаб берадилар. Бунинг барчаси ота-онанинг бола учун чиройли исм танлашдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васиятларига лаббай деб жавоб берганларидандир.

Марҳабо, эй бебаҳо неъмат

Ҳабибим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга чақалоқ ўғилчам дунёга келгани муносабати билан «Бу − менга Аллоҳдан бўлган неъмат» деб билиб хурсанд бўлишимга васият қилганлар. Сен сабабли хурсанд бўлганимга Аллоҳ ажр беради. Чунки мен Аллоҳнинг менга берган неъматига севиндим ва унга рози бўлдим. Қиз фарзанд кўрсам ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари сабабидан хурсанд бўламан. Чунки у Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қизларни ёмон кўрманглар, чунки улар бебаҳо дўстдирлар. Агар қиз фарзанд туғилса, Аллоҳ азза ва жалла унга барака келтирадиган бир фариштани юборади. Фаришта эса: «Заифадан туғилган бир заифа, унга қаровчи то қиёматга қадар ёрдамлангандир», дейди», деганлар

Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанд қиз бола бўлгани сабабидан тириклайин тупроққа кўмилаётган ёки ўлдирилаётган бир замонда айтганлар. Яна улар:«Кимнинг учта қизи бўлса, уларни тарбияласа ва уларга раҳм қилса, сўнг уларга кафил бўлса, унга жаннат вожиб бўлибди», дедилар. Шунда у Зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар иккита қизи бўлса- чи?» дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар. Ровий айтадилар: Баъзи кишилар фикрлаб айтадиларки, агарда у одам: «Битта қизи бўлса -чи?», деб сўраганида эди, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, битта бўлса ҳам, деб айтаган бўлардилар, дейдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агарда ота боласига қараса ва уни хурсанд қилса, бир жонни қулликдан озод қилган савоби ёзилади», дедилар. Шунда Расулуллоҳга: «Эй Аллоҳнинг Расули, агарда уч юз олтмиш минг маротаба қараса- чи?» дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу Акбар», дедилар.

Отанг сенга қилган биргина назари эвазига битта қулни озод қилганнинг савобини олади. Бу жуда катта ажрдир. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғил бола ёки қиз бола бўлишингдан қатъи назар,дунёга келганинг учун хурсанд бўлишимга чақирдилар.

Она боласига у дунёга келганида қанчалик хурсанд бўлгани ва отаси уни қандай кўтаргани, унинг кичик жуссаси учун боболари ва акалари унга боқишни яхши кўрганликлари ҳақида ҳикоя қилиб беради.

(Болангизга гўдаклик ва болалигидаги воқеаларни гапириб беринг)

[1] Аҳмад, Табароний ривояти. Исноди ҳасан

[2] Табароний ривояти

[3] Аҳмад, Табароний ривояти. Исноди ҳасан

[4] Табароний исноди ҳасан деб ривоят қилганлар

07:41 / 02.05.2012
Аввалги мақола
ИСЛОМ ХАЛИФАЛИГИ
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...