22 жумадул аввал 1446
Меҳрибон бўл, дўст бўл, юмшоқ муомалада бўл

Суюкли Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга панд-насиҳат қилдилар. Улар мени, эй бебаҳо қизалоғим, сиз иккингизга меҳрибон, мулойим бўлибгина қолмай, балки сизларни ўпиб, бағримга босишимга даъват этдилар. Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Сўнгра ўша кишининг ўғли келди. Ҳалиги киши ўғлини ўпиб, тиззасига ўтқазди. Бир оздан сўнг унинг қизи келди ва у қизини ёнига ўтқазди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «У икковини баробар кўрмайсанми? » дедилар.[1]

Дарҳақиқат, нима учун қизи ҳам акаси сингари хурсанд бўлиши учун юзидан ўпиб, бошқа тиззасига ўтқазиб олмасин. Ақроъ ибн Хобис ҳам Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирганда Ҳасан билан Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишди. У Зот иккисини ўпиб қўйганларида Арқоъ: «Менинг ўнта фарзандим бор, улардан ҳеч бирини ўпган эмасман», дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан ғазабланиб, бу нарса унинг қалбида меҳрнинг озлигидан деб санадилар ва: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни четлаштирган бўлса, мен сенга нима ҳам қилиб бера олардим», дедилар.[2]

Сен -чи, эй қизалоғим? Сени ўпган чоғимда нимани хис қилдинг?  Бу ўпични мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ўпаман ва сени ҳам, эй ўғилчам, у Зотнинг амрларига бўйсунуб ўпаман. Ва ота-она ҳам ўз фарзандларини ўпич билан суғоришади.

Аллоҳ қалбларига жойлаган бу меҳр ва мулойимлик сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саҳоватлиси ва фазилатлисини қандай баҳолашларига бир назар солгин. У Зот: «Қурайш аёллари ёш болага меҳрибонликда ва  эрининг молига омонатдорликда араб аёлларининг энг яхшисидирлар», деб айтадилар Яъни аёл киши ўзининг фарзандларига меҳрибонлиги сабабли аёлларнинг энг яхшиси бўла олади.[3]

У  Аллоҳнинг йўлидадир

Эй ўғилчам, бир ўйлаб кўргин, сизлар ҳам, эй қизларим, бир мулоҳаза қилиб кўринглар: отангиз сизларни таомлантириш, кийинтириш, таълим олишингиз учун пул тўлаш, агар бетоб бўлсангизлар, даволаш ва сизларга ўйинчоқлар сотиб олиш ҳамда керакли бошқа нарсаларни олиб бериши,шунингдек, ўзининг ва барчамизнинг ризқимизни топиш учун ишлаб қанчалик чарчашини биласиз?

Бироқ отангиз, эй суюклиларим, бу иши учун Аллоҳдан катта ажр олишини билади. Шу боис у ўз ишида тиришиб, ҳаракат қилиб ишлайди ва топганини сизларга сарфлайди. Бунинг эвазига Аллоҳдан ажр умид қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши сарфлайдиган динорининг энг афзали ўз оиласига сарфлагани ҳамда Аллоҳнинг йўлида уловига ва биродарларига сарфлаган диноридир», деб марҳамат қилганлар.[4]

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен учун Абу Саламанинг болаларига инфоқ қилишимда ажр бўладими? Мен уларни шундай холларига ташлаб қўёлмайман. Ахир улар менинг ҳам болаларим−ку», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга қанча инфоқ қилсанг, шунча ажр оласан», дедилар.[5]

Энди сен отангнинг иши ҳақида нима дейсан? Агарда сен уни чарчаганини сезсанг, унга нима дейсан?

[1] Бухорий ривояти

[2] Бухорий ривояти

[3] Бухорий ва Муслим ривоятлари

[4] Муслим ривояти

[5] Муттафақун алайҳ

07:42 / 02.05.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...