22 жумадул аввал 1446
ПАЙҒАМБАР МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҲАҚИДАГИ БАШОРАТЛАР
Аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Таврот ва Инжилда зикр қилинмаган, деб даъво қиладилар. Шунинг учун у Зотни Пайғамбар деб тан олмайдилар. Чунки агар Пайғамбар бўлганида бошқа пайғамбар ва расуллар каби зикр қилинган бўлар эди дейдилар. Уларнинг бу шубҳаларига шундай жавоб берамиз: Биринчидан: Таврот ва Инжил қаерда? Яъни Мусо алайҳиссаломга нозил бўлган Таврот ва Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжил? Масалан, қадимги аҳд асли номаълум турли матнлардан иборат. Қолаверса, оссурияликлар Исроил давлатини вайрон қилганда бу матнларни ёқиб юборган. Бир неча авлод алмашгандан сўнг оғзаки меросга таянган ҳолда қайта ёзилган. Бу китоб Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий бўлиши мумкин бўлмайдиган нарсаларни ҳам ўз ичига олган. Тасния китобида келишича, (20/16) Парвардигорнинг Ўз тили орқали оммавий қирғинга буюради: «Парвардигор мерос қилиб берган халқларнинг шаҳарларида бирор тирик жонзотни қолдирмай, ҳаммаларини вайрон қилинглар. Масалан, хеттлар, умурийлар, канъонийлар, фарзийлар, ҳавиййлар ва ябусийларнинг шаҳарлари. Парвардигорингиз, илоҳингиз буюрганидек». Ишъиё китобида (13/16) келган маълумотларга кўра, Парвардигорнинг буйруғи билан ёш болалар ҳам сўйилишдан омон қолмаган: «Кўз ўнгларида ёш болалари тилка-пора қилинади, уйлари вайрон қилинади ва аёллари шарманда қилинади». Шунингдек, «Нашидул аншод» деб номланган китобда алоҳида жинсий бузуқлик ҳақида матнлар келган бўлиб, аслида улар Парвардигор тарафидан айтилган бўлиши мумкин эмас. Инжилга келсак, насронийларнинг ўзлари Исо алайҳиссаломга нозил бўлган асл Инжил йўқ бўлиб кетганини тан олади. Машҳур тўрт Инжил Исо алайҳиссалом кўтарилганларидан кейин ёзилган. Кўриб турибмизки, бу китобга инсон қўли тегиб, ўзгартирилган. Баъзи нарсалар тушиб қолган ва бошқа нарсалар қўшилиб қолган. Табиийки, тушиб қолган нарсалар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар бўлиб келишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. Иккинчидан: бир пайғамбарнинг ҳақиқий пайғамбар бўлиши учун ундан олдин келган самовий китобларда исми зикр қилинган бўлиши шарт эмас. Бунга далил шуки, Бани Исроилнинг катта пайғамбарларидан бири Мусо алайҳиссаломнинг исми у Зотдан олдин нозил бўлган самовий китобларда зикр қилинмаган. Учинчидан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Таврот ва Инжилда зикр қилинганларига далил шуки, у Зот пайғамбар бўлиб келганларида яҳудий ва насронийларга уларнинг муқаддас китобларида зикр қилинганлари ҳақида айтганлар. Инсонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари учун у Зот ростгўй эканликларига далолат қиладиган нарсаларни уларга айтар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ботил ва мавжуд бўлмаган бирор нарсани айтсалар, бу улар учун пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишларидан тўсадиган энг катта тўсиқ бўлар эди. Оқил инсон ҳеч қачон бундай қилмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар – ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Аъроф сураси, 157-оят). Тўртинчидан: Аҳборлар ва роҳиблардан ҳақни ботилдан устун кўрган мўминлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларни тасдиқлаганлар ва уларга гувоҳлик берганлар. Масалан, яҳудийларнинг энг катта аҳбори Абдуллоҳ ибн Салом, Ҳабашистон подшоҳи Нажоший, Адий ибн Ҳотам Тоий ва Салмон Форсийлар асли насроний бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган ва у Зотни тасдиқлаганлар. Олдин нозил бўлган китобларда келган башоратлар туфайли мусулмон бўлганлардан бири испаниялик руҳоний Инслам Турмидо (Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ат Таржумон) бўлиб, «Туҳфатул ариб фир радди аҳлис салиб», деган китобни ёзган (ҳ.823). Ҳозирги кунимизда бу башоратлар туфайли мусулмон бўлаётганлар жуда кўп. Улардан бири франциялик мутафаккир Морис Букайдир. Бешинчидан: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканликларини ёлғонга чиқарадиган ва инкор этадиган кимсалар у Зот ҳақларида келган башоратларни инкор қилишларига имкон йўқ. Шунинг учун улар бу башоратларни бошқаларга буриб юборадилар. Олтинчидан: Кейинчалик келадиган бу улуғ киши қиладиган ишлар, ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириши, ўзидан олдинги шариатларни бекор қилиши, душманлари устидан ғалаба қозониши, нуфузи бутун ер юзига тарқалиши, ҳатто у қурган давлат кенгайиб, ҳудудида қуёш ботмайдиган даражада катта бўлиши ва у Зотга эргашганлар кўплигидан уларнинг сон саноғи бўлмаслиги ҳақидаги хабарлар олдин нозил бўлган самовий китобларда бўлмаслигининг иложи йўқ. Фойдасиз ва арзимас бўлган ишларни ҳам ўз ичига олган муқаддас китоб қандай қилиб ер юзида ундан-да улуғроқ ва аҳамиятлироқ бўлмаган ишни эътиборга олмай, зикр қилмайди?! Еттинчидан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Таврот ва Инжилда келган башоратлар кўп бўлгани туфайли яҳудий ва насронийлар уларнинг барчасини йўқота олмаганлар. Бу башоратларнинг баъзисини ташлаб юборганлар. Улар бу башоратлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  Пайғамбар эканликларига далолат қилишини инкор этадилар. Лекин бу башоратларга яхшилаб эътибор берган киши улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканликларига аниқ далолат қилишини билади. Бу башоратлар ҳам эски, ҳам янги аҳдда кўп ўринларда келади. Улар ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига алоқаси борларидан баъзиларини келтириб ўтамиз.
  1. Матто Инжилида шундай келади (21/42): «Исо уларга: «Китобларда қурувчилар бино қуришда ташлаб кетган тош ҳақида ўқиганмисиз? У Парвардигор тарафидан бурчакнинг бошига қўйилади. Бу бизнинг кўзимизга ажиб бўлиб кўринади. Шунинг учун сизларга: «Аллоҳ таолонинг мулки сизлардан олиниб, мулкнинг самарасига амал қиладиган умматга берилади», дейман», деди».
Қурувчилар тарк қилган тош бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Қурувчилар у тошни Мусо ва Исо алайҳимуссалом даврларида қўйишни тарк қилдилар. Чунки пайғамбарлик бу икки пайғамбар билан ўз ниҳоясига етгани йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг ўша тош ўз ўрнига қўйилиши билан бино мукаммал бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам айнан мана шу башоратга мувофиқ келадиган ҳадисни айтганлар: «Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисоли, худди бир бино қурган кишига ўхшайди. Бино ниҳоятда чиройли ва гўзал. Лекин бурчакларидан бирида бир ғиштнинг ўрни қолиб кетган. Бино атрофини айланиб чиққан инсонларга манзур бўлади ва: «Эссиз, бир ғишт қолиб кетибди. Агар у ғишт ҳам қўйилганда бино мукаммал бўларди!» дейдилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ўша ғиштман, мен пайғамбарларнинг охиргиси бўлиб келдим», деб марҳамат қилдилар. Мана бу икки улуғ пайғамбарнинг сўзини бир токча ва бир масдардан чиқариб қўйган Аллоҳ таоло нақадар пок Зот! Исо алайҳиссаломнинг: «Аллоҳ таолонинг мулки сизлардан олиниб, мулкнинг самарасига амал қиладиган умматга берилади», деган сўзлари пайғамбарлик Исҳоқ алайҳиссаломнинг фарзандларидан Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларига ўтишига ишора қилади. Уммат эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари.
  1. Юҳанно Инжилида шундай келади (4/19-21): «Сомириялик аёл: «Ё саййид, кўриб турибман, сиз Пайғамбарсиз! Оталаримиз мана бу тоққа сажда қилар эдилар. Сизлар: «Қуддус шаҳрида сажда қилиш лозим бўлган жой бор!»− демоқдасизлар», деди. Исо унга: «Эй аёл! Менга ишон! Шундай вақт келадики, Парвардигор учун на бу тоғга ва на Қуддусга қараб сажда қиласизлар!»− деб жавоб берди”.
Бу қибланинг Байтул Мақдисдан Каъбага ўзгаришига очиқ ва равшан ҳолда далолат қилиб турибди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисга қараб намоз ўқир эдилар. Ўн бир неча ой шу тарзда ибодат қилдилар. Шундан кейин Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти нозил бўлди: «Гоҳо юзингни осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз. Албатта, китоб берилганлар уни Роббиларидан бўлган ҳақ эканини биладилар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир» (Бақара сураси, 144-оят).
  1. Юҳанно Инжилида шундай дейилади (14/30): «Масиҳ: «Энди сизларга ҳаргиз узоқ хутба қила олмайман. Чунки бу оламнинг Саййиди тезда келади», деди».
Оламнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ким бўлиши мумкин? Аллоҳ таоло у Зот билан пайғамбарликка муҳр босди. У Зотга ҳар замон ва маконга мос келадиган мукаммал шариатни ато қилди. Аллоҳ таоло у Зотнинг умматларини шариатга мустаҳкам амал қилган вақтларида бутун дунёнинг саййиди қилиб қўйди.
  1. Юҳанно Инжилида шундай дейилади (14/16): «Исо Масиҳ: «Одам фарзанди кетувчи ва ундан кейин Фориқлит сизларга сирларни олиб келувчидир. У сизларга ҳамма нарсани шарҳлаб, тушунтириб беради. Мен Унга гувоҳ бўлганимдек, У ҳам менга гувоҳ бўлади. Мен сизларга ўхшаш нарсаларни олиб келган бўлсам, У таъвилларни олиб келади», деди».
Юҳанно Инжилида шундай дейилади (16/5): «Мен кетмас эканман, Фориқлит келмайди. У келса, хато ишларни қилгани учун олам аҳлига танбеҳ беради. У ўзидан гапирмайди. У эшитади, сизларга гапиради, ҳақ ила бошқаради ва келажакда бўладиган ғайбий нарсаларнинг хабарини беради». Бу башорат Аллоҳ таоло қалбини ҳақ учун очган ва ҳақиқатни қабул қиладиган киши учун қуёшнинг порлашидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга очиқ ва равшан далолат қилиб турибди. Аллоҳ таоло кўзини кўр қилиб қўйган киши эса атрофидаги тоғлар парча-парча бўлиб кетса ҳам, иймон келтирмайди.
  1. Фориқлит сўзи «ҳамд», «ҳамд айтувчи» ва «мақталган» деган маъноларни англатади. Буларнинг барчаси Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига далолат қилади.
  2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа кимнинг шариати барча нарсани ўз ичига олган? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз»(Анъом сураси, 38-оят).
  3. Исо алайҳиссаломдан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ким Пайғамбар бўлиб келди?
  4. Масиҳ алайҳиссаломдан кейин олам аҳли хато қилгани учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ким танбеҳ берди?
  5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ким ўзидан гапирмай, фақат ваҳий қилинган нарсани гапиради? Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас» (Нажм сураси, 3-4-оятлар).
  6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ким инсонларни ҳақ ва адолат ила бошқарди? У Зот айтар эдилар :«Сизлардан олдингилар ҳалок бўлганига сабаб, аслзода киши ўғрилик қилса, унга жазо жорий қилмагани, заиф ва ночор киши ўғрилик қилса, унга жазо жорий қилганлари учун эди. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилганида ҳам унинг қўлини кесган бўар эдим».
  7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ким олдин бўлган ва келажакда бўладиган ғайбий хабарларни айтди?
  8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа қайси пайғамбар Масиҳ алайҳиссаломнинг пайғамбар, расул ва пок эканига гувоҳлик берди?
Эски аҳдда келган башоратлар:
  1. Тасния китоби (33/1): «Аллоҳ таоло Сийнода намоён бўлди, Соъирда чиқди ва Форон тоғларида маълум бўлди».
Бу башорат учта пайғамбарни ўз ичига олади. Мусо алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Аллоҳ таолонинг Тури Сийнода намоён бўлиши Мусо алайҳиссаломга нозил қилган ваҳийсига, Соъирда чиқиши Исо алайҳиссаломга нозил бўлган ваҳий ва Инжилнинг келишига ва Форон тоғларида маълум бўлиши эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳий ва Қуръонга ишора қилади. Чунки Форон тоғлари бу Макка тоғлари ҳисобланади. Бунга мусулмонлар ҳам, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам иттифоқ қилган. Қуръонда ҳам ушбу башоратни тасдиқлайдиган оятлар мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам. Ва Тури Сийно билан қасам. Ва мана бу, эминлик юрти (Макка) билан қасам(Тийн сураси, 1-3-оятлар). Аллоҳ таоло бу оятларда мазкур уч пайғамбар чиққан ўлкаларни зикр қилиб ўтди. Оятда: «Анжир билан қасам ва зайтун билан қасам», деб айтилгани ҳар иккиси униб ўсадиган ер, яъни Масиҳ алайҳиссалом чиққан муқаддас ер назарда тутилган. «Ва Тури Сийно билан қасам» ояти Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан гаплашган тоққа ишора қилади. У Зотнинг пайғамбарликлари мана шу ердан бошланган. «Ва мана бу, эминлик юрти (Макка) билан қасам» ояти эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келган Макка шаҳрига ишора қилади.
  1. Тасния китоби: «Мусо Бани Исроилга: «Фолбин ва мунажжимларга итоат этманглар! Парвардигор сизларга биродарларингиз ичидан менга ўхшаган Пайғамбарни юборади. Ўша Пайғамбарга итоат этинглар!»− деди».
Бу пайғамбар Исо алайҳиссалом эмас. Чунки у Зот «Биродарларингиз ичидан», деди. Бани Исроилнинг биродари бу Бани Исмоилдир. Бани Исмоилдан эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа пайғамбар юборилмаган. Бу Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларига далолат қиладиган яна бир нарса шуки, у Зот «Менга ўхшаган Пайғамбарни», дедилар. Мусо алайҳиссаломга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа пайғамбарнинг сифатлари тўғри келмайди. Ҳар иккилари ҳам қувват ва шижоат билан сифатланганлар. Ҳар иккилари ҳам Аллоҳ таолонинг душманлари билан жанг қилганлар. Ҳар иккилари ҳам алоҳида мустақил бир рисолатни олиб келганлар. Исо алайҳиссалом эса душманлар билан жанг қилмаган, Мусо алайҳиссаломнинг рисолатидан алоҳида мустақил рисолатни олиб келмаган ва душманлар устидан ғалаба қозонмаган, балки мағлуб бўлган.
  1. Таквин китоби (21/12): «Аллоҳ таоло Иброҳимга: «Ўғлинг Исмоилни катта уммат учун қиламан. Чунки у сенинг зурриётинг!»− деди».
Таквин китоби (16/8): «Бир фаришта Исмоил алайҳиссаломнинг онаси Ҳожар олдига келиб: «Қаердан келиб, қаерга кетяпсан?»− деди. Ҳожар бошидан ўтказган воқеаларни айтиб берди. Фаришта: «Ортинга қайт! Мен сенинг фарзандларинг ва зурриётларингни кўпайтираман, улар кўплигидан саноғини билиб бўлмайди. Сен ҳомиладор бўласан ва ўғил кўрасан, унга Исмоил деб исм қўяман! Чунки Аллоҳ сени зорланишинг ва оҳу нолангни эшитди. Фарзандинг (душман) инсонларга жонсараклик келтиради. Унинг қўли барчанинг устидан олий бўлади. Барчанинг қўли бўйсуниб, у томон интилади», деди». Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматидан бошқа Исмоил алайҳиссаломга мансуб қайси катта уммат бор?! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа кимнинг қўли барчанинг устидан олий бўлади ва барчанинг қўли зорлик ила у томон интилади?! Исмоил алайҳиссаломнинг қўли Исҳоқ алайҳиссаломнинг қўли устидан олий эмас эди. Балки Исҳоқ алайҳиссаломнинг қўли Исмоил алайҳиссаломнинг қўли устидан олий эди. Чунки пайғамбарлик ва раҳбарлик Исроил ва Ийсунинг қўлида бўлиб, улар Исҳоқ алайҳиссаломнинг ўғли эди. Демак, бу сўзлардан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам назарда тутилган экан. Шунингдек ,«Фарзандинг (душман )инсонларга жонсараклик келтиради», деган сўз ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга далолат қилади. У Зот: «Бир ойлик масофадан туриб (душманларга) қўрқув тушиши билан менга нусрат берилди», деганлар. Яъни Аллоҳ таоло у Зот бир ойлик масофада турган бўлсалар ҳам, душманлар қалбига қўрқув тушириб қўяди. Айни мана шу сўзлар Тавротда келган маълумотларга мувофиқ келади: «Фарзандинг (душман) инсонларга жонсараклик келтиради».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

улуғликларидаги сирлар» китоби асосида

Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади

08:58 / 19.09.2015
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...