Энди сизлар билан Абдуллоҳ ибн Равоҳа тарбиялаган бир етим бола − Зайд ибн Арқам ҳақида сўзлашамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратган Зайд у Зот билан яшади ва ғазотларда қатнашди. У биринчи бор Ҳандақ ғазотида иштирок этган. Ҳандақдан сўнг Мурайсиъ ғазоти бўлиб ўтди. Ўша ғазотда Зайд ёш бола эди. Бани Мусталиқ ғазотидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари Мурайсиъ сувида туяларини, отларини суғориш ва ўзлари ҳам ичишлари учун тушдилар.
Билганингиздек, эй суюклиларим, қудуқ чуқурдир. Челак эса унга тушади ва сувга тўлган ҳолда кўтарилади. Муҳожирлардан бўлган Жаҳжоҳ ибн Масъуд ал-Ғифорий сув ичиш учун қудуқга боради. Худди шу пайтда ансорлардан бўлган Синон ибн Вабр ал-Жуҳаний ҳам сув ичиш учун келади. Сув ҳусусида иккаласи талашиб қоладилар ва уларнинг ўртасидаги низо аланга олади. Бириси менга қўйиб бер, мен биринчиман, деса, бошқаси, йўқ, балки мен биринчиман, дерди.
Уларнинг орасидаги иш кучайгач, Жуҳаний: «Эй Ансорлар жамоаси», деб қичқиради. Шундан сўнг Жаҳжаҳ ҳам: «Эй муҳожирлар жамоаси», деб қичқиради. Саҳобалар ишга аралашгач, у тинчлик билан якун топади. Билдиларки, бундай ножўя ишлар мусулмонлар орасида амалга ошмаслиги керак. Нима ҳам бўларди агарда улардан бири биродарига биринчи сув ичишга қўйиб бериб, сўнг ўзи ичганида.Лекин ҳозирги кунда бундай ишларнинг натижаси нима билан тугайди?
Уларнинг орасидаги иш якун топди. Лекин у ерда бир мунофиқ бор эди. (Одамлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ўзини мусулмон кўрсатиб, улар билан намоз ўқийди ва ғазотларга чиқади. Аслида у на Аллоҳга ва на унинг Расулига иймон келтирмайди). Бу иши билан у фақатгина агар мусулмонлар ғолиб бўлсалар, уларнинг яхшилигига эга чиқади ва уларнинг ҳол ва ҳабарларидан воқиф бўлиб туради, холос. Бу мунофиқ киши Ибн Убай ибн Салулдир Ўшанда унинг атрофида баъзи мунофиқ кишилар ҳам бўлиб Зайд ибн Арқам уларни эшитиб ўтирган эди. Мунофиқ: «Сизлар бунинг гапини эшитдингизларми?» деди. У қандай қилиб «Эй муҳожирлар жамоаси» деб нидо қилишга ботина олди. Бу билан у нимани назарда тутди? Бу билан улар келиб, ўша ансорийни ўлдиришларини қасд қилганмиди? У билмайдимикин Мадинага суқилишиб, тиқилишиб келганларида биз уларга бошпана берган эдик. Шуни айтадилар-да «Итингни қанча боқсанг, ўзингни қопади», деб.Яъни биз уларга овқат бердик. Диёримизда ва шаҳримизда бошпана бердик. Энди эса заифликдан сўнг кучайишлари биланоқ бизни еб, ўлдиришади, деди. Сўнгра у лаънати: «Аллоҳга қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни (хорларни) қувиб чиқаради», деб қасам ичди.
У бу қасами билан агарда Мадинага қайтса тез орада ундан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларини чиқариб юборишни қасд қилганди. Яна у қавмига: «Сизлар бу нарсага ҳақлироқдирсизлар. Агарда сизлар қўлларингиздаги нарсани улардан тийсангизлар, уларга молларингиздан бермасангизлар ва диёрларингизда улар билан ўтирмасангизлар, тез орада улар бошқа шаҳарга жўнаб кетадилар. Сизлар то улар бошқа шаҳарга кўчиб кетмагунларича Муҳаммаднинг ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар», деди.
Буларнинг барчасини яна ким эшитаётган эди? Буларни Зайд ибн Арқам эшитмоқда. У нима қилади деб ўйлайсиз? Агарда сиз мана бундай сўзни эшитсангиз, нима қилардингиз?
Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди ва уларга бу хабарни етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Умар ибн Ҳаттоб бор эди. Зайднинг айтган сўзларини эшитгач, ғазабга минди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, Уббод ибн Бишрга буюринг у уни ўлдирсин», деди. (яъни, мунофиқ кишини ўлдирсин).
Дарҳақиқат, ибн Ҳаттоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ яхши кўрар ва ҳаттоки сўз билан бўлса-да бирон кишини уларга озор беришига тоқат қилолмас эди. Шундай бўлса-да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўлдирдиларми? Йўқ, эй суюклиларим. Нима учун?
У Зот алайҳиссалом бу ҳабарнинг ҳақиқати яширилиб, тафсилоти ўзгартирилиб мишмиш бўлиб тарқаб кетишидан қўрқдилар. Ҳеч қачон «Муҳаммад ёмон мунофиқ кишини ўлдирди», демайдилар. Яъни у Зот алайҳиссалом бу ҳақда бирон бир киши билиб қолиб «Муҳаммад ўзининг асхобларини ўлдиряпти», дейишидан чўчирдилар. Ҳа, у зоҳиран Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари сафида бўлса-да, аслида улардан эмасди. Агарда одамлар бу гапни айтадиган бўлсалар, у ҳолда одамлар Исломга киришдан қўрқиб қолишларидан хавфсирардилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умарга Мадинага қайтишларини жар солиб айтишини талаб қилдилар. Убай Ибни Салул айтган сўзларини Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганлигини билганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, қасам ичиб: Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен бундай деган эмасман. Бунақа сўзни гапирганим йўқ, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга берадиган жазоларидан қутилиб қолиш учун, у тинмай қасам ичарди.
Шунда ансорлардан бўлган киши: «Шоядки, бола сўзини гумон билан гапираётган бўлса», деди. Яъни яхши эшитолмай қолгандир ёки ким айтганини ажратолмай қолгандир ё бўлмасам, кишини нима деганини ёдида сақлаб қололмагандир, бу киши бу гапни айтмагандир.
Зайд уйига йиғлаганича кетди. Амакиси унга: Нима учун бундай дединг? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ғазаблантирдинг ва анавилар ҳам сени тасдиқламадилар, дерди. Зайд эса тинмай йиғлар ва ўзининг ростгўйлигини зоҳир қилишини сўраб Аллоҳга дуо қиларди. Шундан сўнг «Муноқфиқун» сураи нозил бўлганида Ибн Салулнинг нима дегани, унинг асхоблари нимани эшитганлари ва Ибн Салулнинг ичган қасами ҳам зикр қилинган эди.
Шу тарзда Аллоҳ уни тасдиқлади. Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бундан-да кўпроқ яхши кўриб яшади. Лекин бу севгининг сабаби нимада? Бу фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари, ёш болалар билан ўйнашлари, уларга ғамхўрлик қилишлари ва уларга хазил-мутойиба қилишлари учунгина эдими? Ёки уларнинг болаларга юмшоқлик билан муомала қилишлари учун эдими? Нима деб ўйлайсиз, бунинг сабаби нимада экан? Ҳа, барча зикр қилинган нарсалар сабабли. Шунингдек, бу муҳаббатнинг Зайдга тааллуқли сабаблари ҳам бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайднинг касал бўлиб, кўзларида оғриқ пайдо бўлганини билдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса жуда ҳам банд эдилар. Зеро бир пайтнинг ўзида у Зот масжидда имом, мусулмонларнинг ҳокими, ғазотлардаги қўмондон, Ислом даватчиси, эр, ота ва бободирлар. Лекин Зайд касал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қиладилар. Ахир уларнинг узрлари бор, улар жуда бандлар.Шундай бўлса-да, У Зот Зайдни яхши кўрадилар ва барча мусулмон болаларини яхши кўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳузурига бориб, зиёрат қилиб, ҳақига шифо сўраб дуо қилдилар ва агарда унинг кўзларидаги оғриқ кучайгудек бўлиб у билан ёмон нарса содир бўлса ва у бунга сабр қилса, унга жаннат бўлишини ва Аллоҳга гуноҳлардан пок бўлган ҳолда йўлиқишини башорат қилдилар.
Шундай қилиб, Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўп яхши кўрарди. Тобеинлардан бўлган шогирдларига у Зотдан кўплаб ҳадис ривоят қилиб берган. (Тобеин - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмасдан, саҳобалардан кейин келган кишилардир). Тобеинлар Зайдни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўргани, у Зотнинг ҳадисларини эшитгани ва орқаларида намоз ўқигани сабабидан кўп яхшиликка эришган, деб билардилар.
Ушбу қисса Воҳидийнинг «Асбобун-нузул» китобида ворид бўлган. Ва «Риёзус Солиҳийн» китобида «Ғийбатнинг мубоҳ ўринлари» бобида келган.