22 рабиъул аввал 1447
Тарихда бугун

Робиъул-аввал ойининг 22-куни

  • Ҳижрий 595-йил 22-робиъул-аввал куни (милодий 1119-йил 22-январ) “Муваҳҳидий” халифаси Абу Юсуф Яъқуб Мансур  вафот этди. У Мағриб ва Андалус давлати халифаларининг энг буюкларидан бири бўлган. Шаҳарлар унинг даврида гуллаб яшнаган.
  • Ҳижрий 626-йил 22-робиъул-аввал куни (милодий 1229-йил 18-феврал) Султон Айюбий Комил ибн Одил билан Рум давлати императори Фредрик II ўртасида шартнома имзоланди. Шартномага кўра, Султон Комил Байтул-мақдисни имераторга сулҳ эвазига топширадиган бўлди.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрати

Саҳиҳ ҳадислар тўпламларида ва сийрат уламоларининг ривоятларида келганки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг Мадинага кетма-кет ҳижрат қилаётганларини кўриб, Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломдан ҳижрат қилишга изн сўраганида, у Зот: «Бир оз кута туринг. Мен ўзимга (ҳижрат қилишга) изн берилишини умид қилиб турибман», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди: «Ота-онам Сизга фидо бўлсин, Сиз шуни истайсизми?» У зот: «Ҳа», дедилар.

Шундай қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ бўлиш учун ҳижрат қилмади ва ҳузуридаги икки уловни емлаб тўрт ой (ҳижрат учун) парвариш қилди. Шу аснода курайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа қавм ва бошқа шаҳардан тарафдорлар, саҳобалар топганини кўришиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг юртига чиқиб кетишидан ва улар билан бирга Қурайшга қарши уруш қилишга келишиб олишидан хавотирга тушиб қолдилар. Шу сабабдан улар маслаҳат қилиш учун Дорун-надвада тўпландилар. (У Кусай ибн Килобнинг ҳовлиси бўлиб, қурайшликлар муҳим ишларини мана шу жойда- муҳокама қилишар эди). Тўпланганлар фикрларини бирма-бир билдиришгач, ахири қуйидаги тўхтамга келишдилар: ҳар бир қабиладан биттадан навқирон, бақувват йигитни олиб, уларга кескир қилич бериладиган бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга худди бир киши ҳужум қилгандай ташланиб, ўлдирадилар. Шунда бани Абдуманоф у қабилаларнинг ҳар биридан ўч олишга қодир бўлмайди. Бу иш учун маълум бир кунни белгиладилар. Жаброил алайҳис-салом Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломга ҳижрат қилиш буйруғини олиб келиб, ўша куни ўз ётоғида ухламасликларини айтди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди:«Бир куни иссиқ туш пайтида Абу Бакр розияллоҳу анхунинг уйида ўтирган эдик, (ўтирганлардан) бири Абу Бакрга «Ана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини беркитган ҳолда келяптилар. Бундай пайтда бизнинг олдимизга ҳеч келмас эдилар», деди. Абу Бакр: «Ота-онам у Зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, у Зот бундай пайтда муҳим бир иш бўлмаса, келмайдилар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб киришга изн сўрадилар. Изн берилгач, кирдилар ва Абу Бакрга: «Ҳузурингиздагиларни чиқариб туринг», дедилар. Абу Бакр: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, улар ўз аҳлингиз, эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ: «Менга (ҳижратга) чиқишга изн берилди», дедилар. Абу Бакр: «Отам Сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ, икки уловимдан бирини олинг», деди. Расулуллоҳ: «(Фақат) пулга», дедилар. Оиша онамиз айтади: (У икки уловни) тезлик билан жиҳозладик. Ҳар бирига озиқ-овқат ва сув солинган меш юкладик. Асмо бинти Абу Бакр ўзининг белбоғидан йиртиб мешнинг оғзини боғлаб қўйди. Шу боис Асмо Зотун-нитоқ - белбоғ эгаси деб ном олган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибнинг олдига бориб,  ва одамларнинг омонатларини эгаларига топшириш учун Маккада қолишини буюрдилар. Чунки Макка аҳли ўзларининг энг эҳтиёт қиладиган нарсаларини ростгўй ва омонатдорлигини билганликлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига қўйишар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни кундузи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр ҳақида қандай сўзлар айтишса, эшитиб олиб, кеч кирганда Савр ғорига бориб айтиб беришини буюрди. (Озод қилган қули) Омир ибн Фуҳайрани эса кундузи қўйларни ўтлатиб, кеч кирганда ғорга ҳайдаб киришини, уларнинг сутидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккисига соғиб беришини тайинлади. Қизи Асмога эса кечаси таом олиб боришини буюрди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган кечада мушриклар у Зотни ҳалок қилиш ниятида эшик олдида пойлашга тушдилар. Расулуллоҳ эса ўзининг ётоқ ўринларига Али розияллоҳу анҳуни қолдириб ва унга ҳеч қандай ёмонлик етмаслигини айтиб, душман орасидан чиқиб кетдилар. Аллоҳ таоло уларнинг кўзларига уйқу-мудроқни ташлаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстлари Абу Бакр билан Савр ғорига бордилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиёт қилиб, ғорга аввал ўзи кириб, илон ёки йиртқич бор-йўклигини билиб чиқди. Улар у жойда уч кун турдилар. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чиқиб кетганларини билишгач, Мадина йўлига тарқалиб, барча шубҳа остидаги жойларни текшира бошлашди. Ҳатто Савр ғорига ҳам етиб келишди. Оёқ товушларини эшитгач, Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўрқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай деб пичирлади: «Агар биронтаси оёғининг остига қараб қолса, бизни кўриб қолиши аниқ!» Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом: «Эй Абу Бакр, икки кишининг учинчиси Аллоҳдир», деб жавоб бердилар. Аллоҳ таоло бу мушрикларнинг кўзларини «кўр» қилиб қўйди. Биронтасининг хаёлига бу ғорга қараш ҳам, унинг ичида нима борлигини сўраш ҳам келмади. Мушриклар қайтиб кетишгач, Абдуллоҳ ибн Урқут келгандан кейин икковлари ғордан чиқишди. (Абдуллоҳ ибн Урқут мушриклардан бўлишига қарамасдан ишончли бўлгани сабабли Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр уни Мадинага элтувчи махфий йўллар орқали йўлбошчилик қилиши учун ижарага олишган эди.) Бас, улар соҳил томон йўлга чиқдилар. Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам билан Абу Бакрни ушлаб келган кимсага ҳар бирининг товон ҳақини мукофот қилиб қўйишган эди. Бир куни бани Мудлиж қабиласидан бўлган жамоат бир мажлисда ўтирган эди. Уларнинг ичида Суроқа  ҳам бор эди. Шу пайт ўзларидан бир киши келиб: «Мен ҳозир соҳилда бир неча кишининг қорасини кўрдим. Менимча, улар Муҳаммад билан унинг шериклари бўлса керак», деди. Суроқа уларнинг ўшалар эканлигини билди-ю, лекин ўтирганларни қувиб бориш ниятидан қайтариш учун шундай деди: «Сен фалон ва фалончини кўргансан. Йўқолган нарсаларини излаб бизнинг олдимиздан ўтиб кетишган эди», деди-да, мажлисда бироз ўтириб,   сўнг туриб отига миниб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганда оти тойилиб, ундан йиқилиб тушди. Сўнг иккинчи бор миниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироати эшитиладиган даражада яқинлашди. У Зот ҳеч ўгирилиб қарамас, Абу Бакр эса у ёқ-бу ёққа кўп қарар эди. Шунда Суроқанинг отининг туёқлари қумга тиззасигача ботиб қолди. У отдан тушиб уни тургизди. Оти оёқларини қумдан базўр суғуриши билан осмону фалакка чанг тутундек кўтарилди. Суроқа билдики, у Расулуллоҳга зарар етказишдан тўсилган экан. Уни кучли қўрқув қуршади ва омонлик сўраб уларга нидо қилди. Бас, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ва у киши билан бирга кетаётганлар тўхтаган эдилар, Суроқа етиб келиб, улардан узр, Аллоҳдан мағфират сўради. Сўнг озиқ-овқат ва баъзи ашёларни таклиф қилган эди. Улар: «Эҳтиёжимиз йўқ, фақат биз ҳақимизда ҳеч кимга айтмасанг, бас», дедилар. Суроқа: «Хотиржам бўлинглар», деди. Шундай қилиб, Суроқа Маккага қайтиб одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб овора бўлмасликка чақирди. Қаранг, эрталаб уларни ўлдириш ниятида чиқиб кетиб, кечаси уларни одамлардан ҳимоя қилиб қайтди.
07:31 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Сийрат
У зотдан инсоният қарздордир
Ислом пайғамбари аёл кишининг бир кун келиб эркаклар билан ёнма-ён ўз йўли (яъни, ўрни)ни топишини биларди. Шунинг учун уларнинг ҳам диндор бўлишини ихтиёр қилди. Уларнинг муайян либослари борки, у би...
10:37 / 04-сентабрь Батафсил...
Сийрат
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сийратлари
Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъин­лар бу...
17:15 / 22-август Батафсил...
Сийрат
Сийрат – етакловчи нурли йўл
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулулло...
17:57 / 13-август Батафсил...
Сийрат
Енглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Абу Талҳа ва Умму Сулаймлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни овқатга таклиф этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан яна ўн киши бирга кел...
10:31 / 05-август Батафсил...