Қадрли болажонларим, ёмон сўздан, ҳақорат ва сўкишдан сақланинглар. Албатта, суюкли Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: «Мўмин одам ёмонловчи, лаънатловчи, бузуқ ва ахлоқсиз бўлмайди». (Термизий ривояти, ҳасан ҳадис деганлар).
Сизлар биласизларки, эй суюклиларим, Аллоҳ таоло бу тилни бизларга дўстларимизни хақоратлаш, биродарларимизни сўкиш, бузуқ сўзларни айтиш учун ато қилмаган. Балки тилни Аллоҳ менга Ўзи рози бўладиган, фойда берадиган нарсаларни айтишим ва у билан эҳтиёжларимни ифодалашим учун яратгандир.
Шунингдек, мени жаннатга олиб кирадиган амалларни айтиш учун берган. Масалан: Аллоҳни зикр қилиш , Аллоҳнинг Расулига саловат айтиш , салом бериш Қуръон ўқиш, рост сўзлаш , ҳақни гапириш , насиҳат қилиш , шукр қилиш ,изн сўраш... кабилар.Шу билан тилни сақловчи кишилардан бўламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каби тил иффатини сақловчи бўламан. Энди Аллоҳнинг Расулини яхши кўрувчи мусулмон тилини Аллоҳдан бўлган неъмат экани, у билан Аллоҳ рози бўладиган нарсаларни гапириш керак эканини билади.