22 рабиъул аввал
1447
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 22-куни
- Ҳижрий 595-йил 22-робиъул-аввал куни (милодий 1119-йил 22-январ) “Муваҳҳидий” халифаси Абу Юсуф Яъқуб Мансур вафот этди. У Мағриб ва Андалус давлати халифаларининг энг буюкларидан бири бўлган. Шаҳарлар унинг даврида гуллаб яшнаган.
- Ҳижрий 626-йил 22-робиъул-аввал куни (милодий 1229-йил 18-феврал) Султон Айюбий Комил ибн Одил билан Рум давлати императори Фредрик II ўртасида шартнома имзоланди. Шартномага кўра, Султон Комил Байтул-мақдисни имераторга сулҳ эвазига топширадиган бўлди.

Қубога келишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қубога етиб келдилар. У Зотни Қубодагилар кутиб олдилар. Расулуллоҳ Кулсум ибн Ҳадмнинг уйига тушдилар. У ерда бир неча кун бўлдилар. Али розияллоҳу анҳу омонатларни ўз эгаларига топширгандан кейин ўша жойга етиб келди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у ерда «Қубо» масжидига асос солдилар. У Аллоҳ таоло қуйидаги оятида васф қилган масжиддир: «Биринчи кундан тақво асосига қурилган масжид борки, Сиз ўшанда туришингиз лойиқроқ. Унда покликни севадиган кишилар бордир. Аллоҳ эса ўзларини мудом пок тутгувчи зотларни севар» (Тавба сураси, 108-оят).
Сўнг пайғамбарликнинг ўн тўртинчи йили (яъни ҳижратнинг биринчи йили) Рабиъул аввалнинг ўн иккинчисида Мадинага етиб келдилар. Ансорлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ўраб олишди. Ҳамма у Зотнинг улови тизгинидан ушлаб ўзининг уйига туширишни умид қилар эди. Расулуллоҳ эса: «Уни қўйиб юборинглар. У буюрилгандир», дедилар. У Зотнинг уловлари Мадина кўчаларида сайрда давом этарди. Улов Абу Айюбнинг ҳовлиси олдидаги Бану Нажжор қабиласидан бўлган икки етим боланинг хурмо қуритадиган шийпонига етиб келгач, тўхтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Манзил шудир, иншаоллоҳ», дедилар. Абу Айюб келиб юкларни ўзининг уйига жойлаштирди. Абу Айюб розияллоҳу анҳу ўзининг уйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган кунлар ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Биз у Зотга кечки овқатни тайёрлаб берардик. Ортганини қайтарсалар, мен аёлим билан кўллари теккан жойдан табаррукона билиб ер эдик. Бир куни кечки овқатларини тайёрлаб киргиздик. Унга пиёз билан саримсоқ ҳам солган эдик. Расулуллоҳ қайтариб юборибдилар. Қарасам, қўлларининг изи ҳам йўқ. Бас, шошилиб у Зотнинг олдиларига бориб: «Эй Расулуллоҳ, ота-онам Сизга фидо бўлсин, таомингизни емасдан қайтариб юборибсиз, унга қўлингизни теккизмабсиз. Биз доим сиздан ортган таомни қўлингиз теккан жойдан барака истаб ер эдик», дедим. У Зот: «Мен унда мана бу (саримсоқ) дарахтининг ҳидини топдим. Мен (Парвардигорга) муножот қилувчи кишиман. Сизлар эса еяверинглар», дедилар. Бас, биз едик. Шундан кейин у Зотнинг таомига саримсоқ ёки пиёздан озгина ҳам қўшмадик».
Ибратли нукталар
1 . Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан бизга биринчи зоҳир бўладиган нарса, саҳобалар ичидан ҳижратда ҳамроҳлик қилиши учун фақат Абу Бакр розияллоҳу анҳуни танлашларидир. Уламолар бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни қанчалар яхши кўришларига ва саҳобаларидан у кишига энг яқини ва халифаликка энг лойиғи эканлигига далолат олганлар. Ушбу далолатни яна бошқа кўп ишлар қувватлаган. Масалан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолганларида намозда одамларга имом бўлиш учун Абу Бакрни ўринбосар қилишлари, ундан бошқаси ўқимаслигига қаттиқ туришлари каби. Яна саҳиҳ ҳадисда: «Агар дўст ушлайдиган бўлсам, Абу Бакрни дўст тутаман», деган сўзлари каби. Абу Бакр розияллоху анҳу ана шундай мақомга лойиқ эди. У киши чин дўст, балки жонини ҳам, молини ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам учун курбон қилувчи инсон эди. Юқорида у киши молини, ўғил-қизини, кулини ва қўй боқувчисини бу машаққатли сафар бошланишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ваалламнинг хизматига солиб қўйганига ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Умримга қасамки, Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган ҳар бир мусулмоннинг ҳолати шундай бўлмоғи лозимдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз то Аллоҳ ва Расули унга боласи, отаси ва барча инсонлардан суюклироқ бўлмагунича (комил) мўмин бўлолмайди», деганлар. 2 . Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умар розияллоҳу анҳунинг ҳижратларини бир-бирига таққослаб шундай дейиши мумкин: «Нима учун Умар ошкора, қўрқувсиз, мушрикларни олишувга чақириш билан ҳижрат қилган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яширин, ўзларидан эҳтиёт бўлган ҳолда ҳижрат қилдилар? Бундан чиқди, Умар Расулуллохдан журъатлироқми?!» Жавоб: Умар ибн Хаттобнинг ёки Расулуллоҳдек бошқа ҳар қандай мусулмоннинг тасарруфи, фаолияти шахсий тасарруф бўлиб, у шаръий ҳужжат бўлишга ярамайди. Улар ўзига маъқул кўринган, Аллоҳ таолога бўлган иймонига, журъатининг қувватига мувофиқ келган услуб ва воситаларни қўллаш ихтиёрига эгалар. Аммо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шариат соҳибидирлар. Яъни у Зотнинг динга алоқадор ҳар қандай тасарруфлари биз учун шариат - қонун бўлиб қолади. Шунинг учун Шариатнинг Қуръони Каримдан кейинги ўринда турувчи манбаси бўлмиш Расулуллоҳнинг суннати у Зотнинг сўзлари, феъл-амаллари ва сифатлари мажмуасидан иборатдир. Агар у Зот ҳам Умар каби йўл тутганда, одамлар мана шундай қилиш вожиб деб ҳисоблашган бўлар ва эҳтиёткорликни қўллаш, хавф пайтида яширин иш тутиш жоиз эмас, деган тушунчага борган бўлар эдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бу дунёда Ўзининг Шариатини сабаблар тақозоси устига барпо қилган. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби амалларда инсоний ақл талаб қиладиган барча моддий сабаблар ва услубларни қўлладилар. Масалан, Али ибн Абу Толибни Расулуллоҳнинг ётоқ ўрнида, у Зотнинг тўнига ўралиб ётишга буюрдилар ёки мушриклардан бўлган бир ишончли кишини (Абдуллоҳ ибн Урқутни) душманлар билмайдиган махфий йўллардан бошлаб бориши учун ижарага олдилар ёки ғорда уч кун яшириниб ётдилар. У Зот бундай қилишларининг сабаби Аллоҳга иймон келтириш Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати билан сабаб бўлишини ирода қилган сабабларни қўллашга монеълик қилмаслигини билидиришдир. 3. Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги омонатларни ўз эгаларига топшириш учун Маккада қолишида мушриклар тушиб қолган ажиб бир қарама-қаршилик бор. Яъни улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи қилаётган ва сеҳргар деб ўйлаётган бир пайтда атрофларида у Зотдан кўра ишончлироқ ва омонатдорроқ кишини топа олмасдилар ва барча ўзлари учун қадрли ва қимматли бўлган нарсаларини фақат у Зотнинг ҳузурига омонатга қўярдилар. Демак, уларнинг кофир бўлишлари у Зотнинг ростгўйлигига шубҳа қилганларидан эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Ҳақиқатдан юз ўгиришлари ва кибр қилишлари сабаблидир. 4. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ўғли Абдуллоҳнинг хизматига эътибор қаратадиган бўлсак, у киши Савр ғори билан Макка ўртасида бориб-келиб мушриклар орасида бўлаётган гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан отаси Абу Бакрга етказиб турди. Синглиси Асмо розияллоҳу анҳо эса сафар озиқ-овқатларини тайёрлашга қаттиқ аҳамият берди. Мана буларнинг барчасидан биламизки, мусулмон ёшлар хоҳ эркак, хоҳ аёл киши бўлсин, Ислом асосларини рўёбга чиқаришда ва исломий жамиятни барпо қилишда бор кучларини аямасликлари лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари қиссаси ҳақидаги мулоҳазамизни шу ерга келганда тўхтатиб, энди у Зот Мадинаи мунавварада, янги жамиятда адо қилишни бошлаган улуғ ишлари ҳақида сўз юритамиз.
15:56 / 26.06.2020
3088
Аввалги мақола
Машҳур уламолар
Уламолар
13894
Кейинги мақола
У зотдан инсоният қарздордир
624
Сийрат
Сийрат
Ислом пайғамбари аёл кишининг бир кун келиб эркаклар билан ёнма-ён ўз йўли (яъни, ўрни)ни топишини биларди. Шунинг учун уларнинг ҳам диндор бўлишини ихтиёр қилди. Уларнинг муайян либослари борки, у би...
10:37 / 04-сентабрь
Сийрат
Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни
тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу...
17:15 / 22-август
Сийрат
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулулло...
17:57 / 13-август
Сийрат
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Абу Талҳа ва Умму Сулаймлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни овқатга таклиф этишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан яна ўн киши бирга кел...
10:31 / 05-август
ٍКўп кўрилганлар