Робиъул-аввал ойининг 3-куни
Ҳижрий 1139-йил 3-робиъул-аввал куни (милодий 1779-йил 21-март) Усмонлилар империяси “Курижон” жангида эронликлар устидан ғалаба қозонганидан сўнг “Ҳамадон” шаҳрини қайтриб олди. Бу жангда эронликлардан 40минг жангчи қатнашди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан қайтгач, ҳаж қилишни истадилар ва шундай дедилар: «(Байтуллоҳни тавоф қилгани) мушриклар ҳам келишади, улар Каъбани яланғоч ҳолда тавоф қилишади, мен бу ҳолат тўхтамагунча ҳаж қилмайман». Кейин у Зот Абу Бакр билан Али розияллоҳу анҳумоларни ва яна бошқа саҳобаларни юборарканлар, уларга мушрикларни бу йилдан кейин ҳаж қилишдан қайтаришни ва уларга Исломга кириш учун тўрт ой муҳлат беришларини буюрдилар.
Аввалроқ билиб ўтганимиздек, ҳаж ибодати арабларга Иброҳим алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган. Замонлар ўтиши билан бу улуғ ибодатга жоҳилият кирликлари, ширкнинг ботилликлари аралашиб охир-оқибат тавҳид эътиқодига барпо бўлган ибодатлиги четда қолиб, ширкни ўзида акс эттирган манзарага айланиб қолган эди. Ибн Оиз айтади: Мусулмонлар билан мушриклар ҳам бирга ҳаж қилишар ва ибодат давомида уларни чалғитиш учун ўзларининг ширкка даъват қилувчи сўзларини айтишар эди. Яна улардан бир қанчалари эса Байтуллоҳни қип-яланғоч ҳолда тавоф қилишар ва бу ишлари билан Байтуллоҳга таъзим қиляпмиз - уни улуғлаяпмиз, деб ўйлашар эди. Улар шундай дейишар эди:«Мен Байтуллоҳни онадан қайта туғилгандек - эгнимда дунёнинг зулмлари аралашган бирон нарса бўлмаган ҳолда тавоф қиламан». Бу қабоҳат ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирига қадар давом этди. Яъни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қилган ҳажи ва мана шу ҳажда у киши билан бирга Али розияллоҳу анҳунинг мушрикларга етказган огоҳлантиришлари Масжидул-Ҳаромни ана шундай кирликлардан поклаш эълони бўлди. Қолаверса, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қилган бу ҳажи мусулмонларга ҳаж ибодатининг қоидаларини, уни адо қилиш йўл-йўриқларини таълим бериш ҳамда ундан кейин бажарилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги ҳажжатул-ислом - ҳажжатул-вадоънинг кириш қисми бўлди.