Бу уммат Пайғамбарининг қизи бўлиш!
Коинот Сарвари устидаги қат-қат кўрпалар остида ҳар бир зарраси нурдан иборат бўлган «Ўқи!» буйруғини мушоҳада этиб ётарди. Бутун вужудининг ҳужайраларигача илоҳий жараённи ҳис этган афандимиз муқаддас севги титроғида эдилар. Шу пайтгача бирор инсон туймаган, ҳатто тасаввур ҳам қила олмаган лаззат оғушида сузардилар. «(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзишни – хатни) ўргатган ўта карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди» (Алақ сураси, 1–5-оятлар). Ой юзли, қуёш боқишли, юлдуз табассумли башарият Афандиси бироздан сўнг ўрниларидан турдилар. Ҳазрат Хадижа дарҳол у Зотнинг ёнларига бордилар, не ҳол рўй берганини англашга интилдилар. Коинот сарвари барча воқеани бирма-бир айтиб бериб, охирида шундай дедилар: – Менга бирор нарса бўлишидан хавотирдаман! – Хавотирланманг, Аллоҳга қасамки, буюк Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди, маҳзун ҳам этмайди. «Сизга шу ишингизни қўйинг, дегандим-а! Бошингизга бало орттирасиз, деб огоҳлантирдим-а!» дея эрларини ношудга чиқарадиган аёлларга намуна қилиб кўрсатиш лозим буни. Аёлига бундай ишонишни ҳам эрларга ибрат қилиш керак. Бани башар тожига берган бу таскинидан кўнгли тўлмаган Хадижа онамиз у Зот билан амакиваччалари Варақа ҳузурига бордилар. Афандимиз айтганларига диққат билан қулоқ тутган кекса Варақа жойида ўтира олмай қолди. – Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ! Қуддус, қуддус! Хушхабар! Бу ҳазрат Жаброилдир, ваҳий келтирувчи фаришта. Отилиб чиққан бу сўзлардан сўнг Варақа жим қолди. Кейин деди: – Оҳ, қани эди, сен даъват эта бошлайдиган кунларингни кўрадиган даражада ёш бўлсам-да, қавминг сени бу ерлардан ҳайдайдиган маҳал ёнингда туриб ёрдам берсам… – Қавмим мени юртимдан ҳайдайдими? – Ҳа, қавминг сенга ишонмайди, озор етказади, зулм ўтказади, сени юртингдан ҳайдайди ва ҳатто сен билан жанг қилади! Чунки одам, айниқса, ўз миллати қарши чиқмаган, жанг қилмаган бирор Пайғамбар йўқ!.. Иккисидан ҳам садо чиқмади. Улар бир-бирларига савол назари билан қарашарди. Варақанинг сўзлари юракларига ханжардай ботиб, чуқур жароҳатлаган, жароҳатдан қон силқий бошлаган эди. Ҳазрат Хадижа яна у Зот билан бирга эдилар. Оғир, саросимали, мавҳум бир онда у Зотни қўллаб, англаб турардилар… Тўрт гулдаста, тўрт нодир чечак, нафис гул изғирин шамолда сўлий бошлади. Зайнаб тўнғич қиз сифатида сингилларини юпатиши, кўнгилларини кўтариши лозим эди. Аммо у ҳам оғиз очолмас, ўзига кела олмас эди. «Бундай бўлиши мумкин эмас!» дегандек боқар, Варақанинг сўзларига ишонгиси келмас эди. Руқайя, Умму Кулсумлар ҳам шу аҳволда эдилар. Фотиманинг эса кўзлари порлаб турар, ичида бир ўт жилваланарди. Бирдан жўшиб гапирди: – Бу уммат Пайғамбарининг қизи бўлиш сизларни хурсанд қилмаяптими? – !.. Жавоб бўлмади. Унга нима ҳам дейишарди? Энди 4-5 ёшга кирган бўлса. Қақажон, суюкли, шўх-шодон қизалоқ эди. Отасига жуда ҳам ўхшаши билан ажралиб турарди. Фақат Зайнабгина журъат топа олиб деди: – Албатта, хурсандмиз, Фотима. Лекин Варақанинг гапларини сен ҳам эшитдинг-ку! – Эшитишга эшитдим-у, аммо онамнинг гаплари ҳам ёдимда. Бу сўзларни яхшилаб эшитиб, яхши тушуниб олинг. Сизларга дона-дона қилиб ҳаммасини такрорлайман: «Аллоҳга қасамки, буюк Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди, чунки сиз яқинларимизга ғамхўрлик қиласиз. Ожизлар дардини тинглаб, ёрдам берасиз. Фақир, ғариб кишиларни пастга урмай, уларни ўзингиз ила тенг кўриб суҳбатлашасиз, чоғингиз етгани қадар мадад берасиз. Меҳмон кутиш ва уларга иззат кўрсатиш баҳрингизни очади. Катта-кичик демай ҳар кимга ёндашасиз. Ҳийла, ёлғон-яшиқ нималигини билмайсиз. Ҳамиша фақат рост гапирасиз. Бутун фазилатлар сизда жам… Шундай экан, қўрқманг, хавотирланманг, Аллоҳ бизни Ўз паноҳида асрайди!» Ҳа, опажонларим, Аллоҳ отамизни ҳам, бизни ҳам асрайди. Фотима 4-5 яшар қизалоқ бўлишига қарамай, масалани жуда нозик тушунган ва опаларига ҳам тушунтирмоқни истаган эди.