23 жумадул аввал 1446
Ҳабашистон ҳижрати

Ҳабашистон ҳижрати

Ислом қуёши чиққанининг бешинчи йили, Ражаб ойи… Шу беш йилдан бери мушрикларнинг мусулмонларга қилмаган ёмонлиги қолмади. Иш шунчалар ёмон тус олган эдики, ҳатто қон ҳам тўкилганди – бир неча мусулмон «Аллоҳ» деганлари учунгина шаҳид бўлишди. Қийноқ ва азобнинг ҳар тури қилиб кўрилган, ташқарига чиқиш ҳам имконсиз бўлиб қолган эди. Чунки мушриклар бирорта мусулмонни кўриб қолишса, унга ташланиб дўппослар, чалажон ҳолга келтиришарди. Вазият жуда танг эди. Мусулмонлар нафас ҳам ололмай қолишган эди. Севимли асҳобининг бу чорасиз аҳволини кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл излай бошладилар. Саҳобаларнинг бу ваҳшийларга ем бўлишига қараб тура олмасдилар. Ниҳоят, лойиқ бир чора топиб буюрдилар: «Сиз ер юзига тарқалинг! Аллоҳ сизларни яна бир жойда жамлайди». Саҳобалар аввал бир-бирларига қарашди. Қаерга, қандай кетишади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бу ерда ёлғиз ташлаб кетишадими? Йиртқичлар орасида нима қиладилар у Зот? Шундай ўйлаганлари ҳолда у Зот ихтиёрларига қарши чиқмай сўрашди: – Қаерга кетамиз, ё Расулуллоҳ? – Ҳабашистонга борсангиз, яхши бўлади. У ерда ҳеч ким сизга зулм қилмайди, у ер ишончли жой. Аллоҳ бошқа йўл кўрсатгунича ҳабашлар юртида бўлиб туринг! Ҳабашистон… Ҳабашистонга боришадими? Энди ўша юртда яшашадими? Қанақа жой экан ўзи? У ерда ҳам зулмлар, қийноқлар бормикин? Инсоний муомала кўришармикин? Пайғамбаримиз алайҳиссалом у ерни айтганларига қараганда сафарлари хайрли ва ҳикматли бўлиши керак. Ҳабашистонда роҳат, осудалик топишади. Аммо ватан-чи? Ватандошлари-чи? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари не кечади бу ерда? У Зотни қандай ташлаб кетишади? У Зотсиз  қандай чидашади? Бундай қилиш мумкин эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссаломни бу ваҳшийлар қўлига ташлаб кетиб бўлмайди. Ўз тинчларини ўйлаб, у Зотни қолдириб кета олишмасди. Ҳамма ишга бирга киришиб, натижасини ҳам бирга баҳам кўришади. У Зотсиз ҳеч қаерга кетишмайди! Аммо Ҳабашистон ҳижрати таклиф эмас, буйруқ эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Кетинг!» десалар, бўйсунишга мажбур эдилар. «Ҳозироқ!» десалар, дарҳол йўлга тушишлари лозим эди. У Зотга итоат этмаслик, қарши чиқиш мумкин эмасди. Тайёрлана бошлашди. Ҳеч нарса сездирмай бир кунда ишларини битиришди. Кимнинг қайси йўлдан кетишига қадар майда нарсаларгача кўздан қочирмаган Афандимиз бу тайёргарликка ҳам ёрдам бердилар. Ҳижрат этувчилар 10 эркак ва 5 аёлдан иборат эди. Туғилиб-ўсган, жондан азиз юртларини одам қиёфасидаги махлуқлар туфайли тарк этишга мажбур мусулмонлар! «Сиз ер юзига тарқалинг! Аллоҳ таоло сизларни яна бир жойда жамлайди», дея марҳамат қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида ҳам ҳозирлик қизғин эди: Руқайя хўжайини ҳазрат Усмон билан йўлга чиқаётганди. Ҳазрат Ҳадижа кўз ёшларини аранг тийиб турар, қизини бағрига босганча «Дийдор насиб этсин!» дердилар. Қизлар ёшларига эрк бериб, Руқайяни ҳижрат билан муборакбод этишарди. Ҳазрат Руқайя каби эри билан ҳижрат қилаётган аёллар бор эди карвонда. Ислом тарихидаги илк ҳижрат бошланган, илк муҳожирлар танланган эди. Сафар бошланди. Бири пиёда, бири уловда турли йўллар билан Маккадан чиққан муҳожирлар шаҳар ташқарисида учрашишди. Ҳазрат Лайлонинг қўрқувдан бўзариб кетганини кўрган йўлдошлари сўрашди: – Нима бўлди? – Умарни кўрдим. – Нима? Хаттоб ўғли Умарними? – Ҳа, ўшани… – Нима деди? – Нарсаларимни ортиб, туяга миниб, Маккадан чиқишим билан рўпарамдан чиқиб қолди… «Қаерга кетаяпсан, Абдуллоҳнинг онаси?» деди. – Қўрқиб кетгандирсан-а? – Ундан ҳамма қўрқади-ку… – Хуллас, қандай қутулдинг? – Нима деб баҳона қилсам ҳам, ишонмади. Охири тўғрисини айтишга мажбур бўлдим. – Ҳабашистонга кетаётганлигимизни айтдингми? – Мажбур бўлдим-да! – Умар нима деди? – Гапимдан таъсирланиб, маъюс тортди, «Оқ йўл!» деди. – Умар-а?! – Во ажаб! – Биласизми, унинг юзларида иймон аломатини кўрдим. – Умар мусулмон бўлади, демоқчимисан? – Худо билади, аммо унинг юзида иймон нури бор эди. – Ўша биз билган Умар бўлса, ҳеч қачон! Унинг эшаги Исломни қабул қилиши мумкин, аммо Умар… асло! – Қатъий ҳукм чиқарманг, ҳидоят Аллоҳдандир! – Шундай-ку, аммо Умардай одам Исломга кирармикин-а? – Худо билади, дедим-ку. Муҳожирлар Умарнинг келажакда иймон келтириб, ҳазрат Умарга, дунё тарихида кўрилмаган адолат тимсолига айланишини у пайтда билишмас эди… Макка ташқарисида тўпланган бу 15 киши яширина-яширина Қизил денгиз соҳилига келишди. У ерда бир кемани кира қилиб, ҳабашлар юртига равона бўлишди. Муҳожирлар йўлга чиқишганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Лут пайғамбардан кейин оиласини ёнига олиб, Аллоҳ йўлида илк ҳижрат қилганлар қизим Руқайя билан Усмондир». Улар иймонларини исботлаш, Аллоҳга қуллуқ (қуллик) этиш учун йўлга чиқишди. Улар учун Маккада бу имконсиз эди. Яна юртларида иймон билан яшай олишмасди! Муҳожирлар иккисидан бирини танлашлари керак эди – иймон ёки ватан! Улар иймонларига ватан излаб йўлга чиқишганди. Чунки ватанни топиш мумкин, иймон эса фақат насиб этади. Мушриклар бундан хабар топганлари ҳамон энг чопқир отларига миниб, муҳожирлар ортидан тушишди. Денгизга етиб, муҳожирларнинг кемада сузиб кетишаётганини кўриб аламдан ёрилгудай бўлишди. Вақт кетган, қўлларидан эса ҳеч нарса келмас эди. Ҳабашистон… Мусулмонлар ҳижрат қилган илк диёр, илк паноҳгоҳ… Ҳабашлар… Мусулмонларни қучоқ очиб кутиб олган Ислом ва муслимларнинг илк дўстлари… Қирол Нажоший ва бутун халқ муҳожирларни илиқ қаршилашди, иззатларини жойига қўйиб меҳмон қилишди. Аммо бутун бу ҳурматларга қарамай, Ҳабашистон ватан эмас эди. Бу ерда Пайғамбаримиз алайҳиссалом йўқ эдилар. Оилалари, ёр-биродарлари йўқ эди. Бу ер Макка эмас… Ҳабашистон эди. Ўзга юрт эди, мусофир эди муҳожирлар, жуда озчилик эди яна. Мусофирлик – ҳасрат, фироқ демакдир. Барчаси юрагининг бир парчасини Маккага ташлаб келганди. Ҳалитдан соғинч, қўмсаш ҳар бир муҳожирни қийнаётганди. Кунлари шу тарзда фироқ билан ўта бошлади. Оила, фарзандлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, она шаҳар соғинчи ўртаб юборган муҳожирлар ватанга хабар юбориш иложини қидиришарди. Ниҳоят, бир карвондан хат бериб юборишди. «Биз ҳаммамиз яхшимиз. Хавотир олманглар. Бу ерда яхши қўшнилар, динимиз ва ибодатимизга буюк рағбат топдик. Ҳеч ким кўнглимизни оғритмади. Ҳузур ва эътиқод билан Роббимизга ибодат қиляпмиз. Бизни изтиробга солган ягона ҳолат – сизлардан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганимиздир». Ҳабашистонга келганларига бир йил тўлмасидан маккаликларнинг барчаси мусулмон бўлганлигини эшитган муҳожирлар жойларида тура олмай қолишди. Ҳатто бир гуруҳ муҳожирлар йўлга тушиб ҳам кетишганди. Ҳазрат Руқайя билан эри ҳазрат Усмон ҳам қайтганлар орасида эдилар. Ҳабашистон муҳожирларининг қайтаётганини эшитган маккаликлар яширинча кутиб олгани чиқишди. Макка ташқарисида юз берган дийдорлашувда бутун Макка аҳли Исломга кирганлиги ҳақидаги хабар асоссиз, ёлғонлиги аниқ бўлди. Аксинча, қийноқ ва таъқиблар янада ортган, мушриклар зулми кучайган эди. Фақат дийдорлашув бахш этган ҳаяжон ва севинч бу қайғуларни бироз енгиллаштирди. Атиргул… гуллари… Гуллар бир-бирига чирмашди, бир неча асрлик фироқда қолган каби Руқайяга талпинишарди. Аммо мушриклар қийноқнинг ақлга сиғмас турларини ўйлаб топаётгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳабашистонга!» дея буюрдилар. Такрорий айрилиқ ўлим каби совуқ, ёқимсиз эди. Шу тарзда 82 эркак, 10 аёлдан иборат мусулмонлар иккинчи ҳабаш ҳижрати учун йўлга тушишди. Албатта 92 та одам бирданига чиқмади, кичик гуруҳларга бўлиниб олишди. Муҳожирларга йўлда уч эркак ва бир аёл қўшилди. Шу тарзда Ҳабашистондан бир тўпгина бўлиб чиққан муҳожирлар энди 101 киши бўлиб қайтмоқда эдилар. Мусулмонларнинг ўзларига дўст, Исломга ватан топганларидан ғазабланган мушриклар маслаҳатлашиб, Нажошийга бир гуруҳ вакил жўнатишди. Мақсад – мусулмонларни юртдан чиқариб, Маккага қайтариш, ўз қўлларига олиш. Бир шаҳарда ўсган, баъзилари ҳатто яқин қариндош бўлган мушриклар иймон аҳли ҳаётини ҳар турли усулларда заҳарлашдан, жаҳаннамга айлантиришдан чарчамасди. Мушриклар Ҳабашистонга келгач, ишни қирол аъёнларини сотиб олишдан бошлашди. Амр ибн Осс ва Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъалар Нажоший ҳузурига кириб, ҳадя ниқоби остидаги пораларини беришди. Қирол ҳам уларга ишонган каби эди. Дарҳақиқат, ўз юртида бузғунчилик қилиб юрганларнинг бу ерда тинч юришига ким кафолат бера олади? Бир дунё пораларини олган аъёнлар ҳам шу фикрда эдилар. Аммо нима деб ўйлашидан қатъий назар Нажоший, барибир, давлат бошлиғи эди. Икки тарафнинг фикрини эшитмай ҳукм чиқара олмасди. Мушриклар қанчалик қаршилик билдиришса-да, қирол мусулмонларни ҳузурига чақиртирди. Амр ва Абдуллоҳ улар келгунича мусулмонларни ёмон отлиқ қилишга тушишди. Акс ҳолда Маккага бўш қайтишлари ҳеч гап эмасди. Узоқ суҳбат ва тортишувлардан сўнг Нажоший қарор қабул қилди ва тарихий сўзини айтди: «Олдимга тоғларни тизиб қўйсангиз ҳам, мендан паноҳ тилаб келганларни сизга бериб қўймайман». Кейин улар ҳадя тариқасида келтирган порани ҳам қайтиб берди. Ҳабашистонда мусулмонларнинг янги ҳаёти бошланди. Ҳазрат Жаъфар Пайғамбаримиз алайҳиссалом амрлари билан уларга раҳбар эди. Сафарда ҳам, қирол ҳузурида ҳам муҳожирларнинг манфаатларини астойдил ҳимоя қиларди. Бу орада Макка мушриклари Исломга кирганлиги ҳақида яна бир миш-миш тарқалди. Энди гўё энг ашаддий мушриклар ҳам тавба қилиб мусулмон бўлганмиш. Муҳожирларнинг бир қисми яна йўлга тушди – зотан, уларни тўхтатадиган ҳеч бир сабаб йўқ эди. Ва 33 та эркак, 6 та аёл Маккага равона бўлишди. Ўтган галгидек, бу сафар ҳам уларни шаҳар ташқарисида қарши олишди. Яна кўз ёши, яна дийдор қувончи… Ҳабашистонда қолган 80 дан ортиқ мусулмоннинг дил соғинчларини олиб келаётган муҳожирлар Маккага 1-1,5 километр қолганда тўхтаб маслаҳатлашишди. Ҳали гаплари охирига етмай, Макка йўлида бир шарпа кўринди. Муҳожирлар дарҳол четга қочишди, келаётганни кузатиб туришди. Шарпа уларнинг рўпарасида тўхтади: – Ҳой, қаердасизлар? – … – Сизларни биламан, мендан қўрқманглар. Ҳеч ёмонлигим йўқ. Чиқинглар! Ҳазрат Руқайя, ҳазрат Усмон ва қолган муҳожирлар бир-бирларига қарашди. Шарпа қайсидир чўпонга ўхшар, аммо аниғини ҳеч ким эслай олмасди. Бир овоздан ҳамма ўртага чиқди. – Сизларга ёмонлигим йўқ, деяпман-ку. – Кимсан? – Чўпонман. – Қанақа чўпон? – Кимнинг чўпонисан? – Мени қўятурайлик, ўзларингдан сўрасак? – Қайтяпмиз. – Ҳабашистонданми? – Ҳа. – Маккагами? Бунинг иложи йўқ. – Нега энди? – Мушриклар Исломга кирганларини эшитиб келаётгандирсизларда-а? – Қаердан биласан? – Келишингиздан хабар топган «дўст»ларингиз йўл пойлаб ўтиришибди. – Улар қаердан билишибди? – Уларни қўятурайлик, сизларни хафа қилмоқчимасман-у, аммо… – Хўш?.. – Сиз эшитган хабар ғирт ёлғон! – Нима деяётганингни биласанми ўзи? – Бу ерда аҳвол биринчи ҳижратингиздан ҳам кўра ёмонроқ. – Лекин биз… – Мушриклар Исломга кирганини эшитдик, демоқчимисиз? – Шунинг учун қайтиб келдик. – Қайтишингиз керак. – Қайтолмаймиз. – Унда сизни ҳимоя қилиши мумкин бўлган яқинларингизни топинг. – Ҳимоячисиз бўлмайдими? – Мажбурсизлар! – … Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида буюк қувонч, чуқур ҳузун ҳукмрон эди. Она-бола дийдорлашуви, бўғизни куйдирган кўз ёшлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Она бағридан чиққан Руқайя ўзини Зайнаб қучоғида, сўнг Умму Кулсум оғушида кўрди. Ширингина Фотимани айрича меҳр билан қучди. Ҳазрат Усмон Руқайяни аввал отаси олдига олиб келган, шундан сўнг ўз уйларига боражак эдилар.

06:06 / 09.05.2012
Аввалги мақола
Сабр
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...