23 жумадул аввал 1446
Мадина

Мадина

Мадинада катта ўзгаришлар рўй берганди… Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар ҳижрат қилишгач, Ясриб Мадина бўлганди. Яъни мукаммал, мунтазам ва ишончли шаҳар… Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофларида йиғилиб уйғун режа ва оғир меҳнат билан янги шаҳар қуришган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари эса бу шаҳар ва уйларни гулистонга айлантиришга киришдилар. Умму Кулсум билан Фотима бирга, ҳазрат Руқайя билан ҳазрат Усмон бирликда ишлашарди. Қанчалар ишлашмасин, қизларнинг хаёллари Маккада қолган опалари ҳазрат Зайнабда эди. Унинг аҳволи яхшилиги, Абул Осс қанчалар ардоқлаши, моддий бадастирлигини билишса-да, қайғуришарди. Ҳазрат Савдо қизларни имкон қадар аяр, дам олишларини мудом назорат қилиб турарди. Аммо улар бир дақиқа ҳам тин олмай ишлашарди. Оталарига келган илоҳий каломларни бошқаларга англатишар, бор-будини бошқаларга улашарди, ҳатто ўзлари оч-яланғоч бўлсалар ҳам. Улар Пайғамбар алайҳиссалом қизлари эди… Шундай қилиш уларнинг бурчи эди…

Ҳазрат Руқайянинг вафоти Бирдан ҳамма саросимага тушиб қолди. Нима гап ўзи? Ҳазрат Оиша ҳазрат Руқайянинг ўғли Абдуллоҳни хўроз чўқиб олганини айтган эди: соғлиги заиф гўдак хўроз чўқиганидан янада оғирлашган, ўлим ёқасида эди. Ҳазрат Умму Кулсум билан ҳазрат Фотима дарҳол йўлга тушишди. Эшик олдида поччалари ҳазрат Усмон ҳол сўраб келганларни қаршилаётган эди. Ичкарига кирган сингилларини кўрган ҳазрат Руқайя йиғлаб юборди. Аҳвол, дарҳақиқат, аянчли эди: Абдуллоҳ ўлаётган эди. Бу вақтда Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада эмасдилар. Шаҳар муҳофазаси учун ҳар жойга кичик гуруҳлардан иборат соқчилар тайинлаб чиқаётгандилар. У Зот шаҳарга қайтгунча гўдакнинг жони узилди. Ҳазрат Усмон уйини ғам босди. Ҳазрат Руқайя аҳволини йиғисиз кузатиб бўлмасди. Барча аёллар, сингиллари унга тасалли берганлари ҳолда яширинча кўз ёш тўкишарди. Ҳабашистонда ҳам турли кулфатларни бошдан кечирган, аҳволи заиф аёл буни кўтара олмади. Тўшакка ётиб қолди… * * * Бадр жанги… Ҳижратнинг иккинчи йили эди… Маккадан келган хабарга кўра, мушриклар мусулмонлар уйини талон-тарож этишган ва каттагина карвонни Мадинага йўллашганди. Карвон етиб келиши билан улар муслимларга ҳужум бошлашар экан. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ ҳифзу ҳимоясига тўла ишонганлари ҳолда ҳимояни мустаҳкамлашга қаттиқ аҳамият бердилар. Саҳобалар билан кенгашиб, мушриклар устига юриш қилишга келишиб олдилар. Дарҳол қизғин ҳозирлик бошланиб кетди – темирчилар қилич-қалқон ясашга, қолганлар ўқ-ёй, озиқ-овқат жамғаришга киришдилар… Улов муаммосини ҳам имкон даражасида ҳал қилишди. Қисқа фурсатда ҳозирланиб йўлга тушган бу илк Ислом қўшини уч юз уч кишидан иборат эди. Сафардан олдин улар яқинлари билан видолашиб, қарзларидан қутулиб, ҳамма ишларини битириб кетишди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам йўлга чиқишдан олдин қизлари ҳазрат Руқайядан хабар олиш учун кириб, унинг аҳволи янада ёмонлашгани, иситмада ёниб, юзлари сарғайиб кетганини кўрдилар. Ҳазрат Руқайя отаси келганини кўриб ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо Пайғамбар алайҳиссалом бунга йўл бермадилар, такрор ўрнига ётқиздилар. Аёли бошида ўтирган ҳазрат Усмон қайнотасига билдирмай кўз ёшини артди, тетик овозда «Хуш келибсиз», деди. Ҳазрат Руқайяга таскин бераётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим ҳақлигини теран ҳис қилар, ич-ичидан босиб келаётган йиғини базўр босганча қизи билан видолашардилар. Ҳазрат Руқайядан «Кўнглинг нимани тусайди, қизим?» деганларида, у «Пайғамбар отамнинг… соғлиғини!..» деди… «Ой бориб, омон қайтинг!» дея отасига далда бўлди… Суюкли қизини охирги марта бағрига босиб хайрлашган Пайғамбар алайҳиссалом ташқарига чиқдилар. Ортларидан етиб келган куёвларига қарадилар: ҳазрат Усмон қилич тақиб олган, сафарга ҳозир эди. Қандай вазиятга тушган бўлмасин, мусулмонлик вазифасини ўз навбатида адо этарди. Унинг завжаси ўлим тўшагида бўлса-да, қуролланиб Ислом қўшинидаги ўрнини эгаллашга тайёр эди. Куёвига ҳазин боққан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: – Сен аёлинг ёнида қол, эй Усмон! – Лекин мен сиз билан жангга киришишни истайман. Мени бундай шарафдан маҳрум этманг! – Аҳли аёлингга қараш ҳам жиҳоддир! Ва Ислом қўшини Мадинаи мунавварадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўмондонликлари остида йўлга чиқди. * * * Ҳазрат Зайнаб ғоят мушкул ҳолда эди… Қизалоғи Умомани бағрига босганча «Бугун ё мен, ё сен етим қоламиз», деб йиғларди. Одамгарчиликдан йироқ, жоҳил, бадбин фикрли мушриклар Ислом пайдо бўлгандан то ҳозирга қадар илоҳий низомга қарши тиш-тирноғи билан курашиб келдилар, қўлларидан келган барча ёвузликларни қилишди. Мусулмонларни Ҳабашистонда мултажи, Мадинада эса муҳожир бўлишга мажбур этишганди. Энди Мадинада ҳам тинч яшашга қўймай қўшин тортиб келаётир, яна муҳожирларгина эмас, ансорларга ҳам қарши… Ислом ва муслимларни маҳв этиш учун йўлга чиққан мушриклар ичида Абул Осс ҳам бор эди. Ажиб ҳол: пайғамбарнинг куёви Исломга қарши қилич кўтариб келмоқда… Жангда қатнашмаслигини ҳазрат Зайнаб қанча ёлвориб сўрамасин, Абул Осс қулоқ солмади. Аслида ўзи ҳам бу жангни маъқулламас эди, аммо мушриклар уни ҳеч ўз ҳолига қўйишмади, қўрқоқликда айблашди. Қўрқув нелигини билмайдиган Абул Осс ҳам бу ўйинга қўшилиб, Бадрга йўл олди… Ортда жондан ортиқ севикли ёри кўзлари тўла ёш билан қолди. Фақат бу ёшлар, илтижолар мушрикларнинг «Хотинидан қўрққани учун жангга бормаяпти», деган иддаолари олдида кучсиз эди. Ҳазрат Зайнаб тинимсиз дуо қиларди… мусулмонлар ҳаққига, Пайғамбар отаси соғлигини тилаб ва Абул Осснинг мушрик сифатида ўлиб кетмаслиги учун. * * * Ҳазрат Усмон умрининг сўнгги онларини яшаётган завжаси олдидан бир дақиқа ҳам айрилмай ўтирди. Аёл шу аҳволда ҳам Қуръон ва намозни тарк этмаганди. Қуръон ўқий олмай қолгач, хўжайинидан ўқиб беришини сўради. Ҳазрат Усмон нозил бўлган оятларни ёқимли овозда ўқий бошлади. Илоҳий ҳузур билан тинглаётган ҳазрат Руқайянинг нафас олиши ўзгаргандай бўлди. Қуръон саҳифаларини бир четга олиб қўйиб, ҳазрат Усмон сўради: «Яқинларингни чақирайми?» Ҳазрат Руқайя кўзлари билан «ҳа» ишорасини қилди. Ҳазрат Усмон дарҳол қўшнисини юборди. Ҳазрат Руқайянинг ҳарорати яна кўтарилди. Ҳазрат Усмон бир парча латтани дамба-дам ҳўллаб пешонасига босарди. Ҳазрат Умму Кулсум, ҳазрат Фотима, ҳазрат Савдо ва ҳазрат Оишалар ҳам етиб келишди. Ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима «Опа, опажоним», дея йиғлаб ҳазрат Руқайя бўйнига осилиб олишди. Ҳазрат Савдо ва улар билан келган аёллар қизларни тутиб, бу ишлари ҳазрат Руқайяни қийнашини айтишди. Қизлар ҳазрат Савдо кўксига бош қўйиб сассиз йиғлай бошлашди. Ҳазрат Руқайя тинимсиз калимаи шаҳодатни пичирларди. У ўлимни қарши олишга руҳан тайёр эди. Барча оғирликни унинг ортида қолаётган севувчи қалблар тортаётганди. Оғир-оғир нафас олаётган ҳазрат Руқайя бирдан жимиб кўзларини очиб ёпди. Аранг ютинганча калимаи шаҳодатни келтирди. Атрофидагиларга бир-бир назар ташлади, худди шу вақтнинг ўзида ҳазрат Зайднинг овози эшитилди: «Хушхабар, хушхабар! Буюк Аллоҳ Бадр жангида бизни ғолиб этди. Мушриклар тум-тарақай бўлишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам соғ-омон ҳолда мужоҳид ва ғозий қўшин билан ортга қайтмоқда!» Бу қувончли хабарни эшитган ҳазрат Руқайя табассум билан «Алҳамдулиллаҳ!» деди ва сўнгги бор калимаи шаҳодат келтириб жон таслим этди. «Ҳукм фақат Аллоҳдандир», «Биз Аллоҳдан келдик ва яна Унга қайтамиз»… Севимли аёлининг кўзларини ёпиб қўяётган ҳазрат Усмон шу оятларни овоз чиқариб ўқиди. Томоғини куйдираётган йиғини босиб, атрофдагиларга тасалли беришга ўзида куч топди. Бадрда буюк ғалаба қозонган Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада буюк йўқотишга учраганди. Ҳабашистонга ҳам, Мадинага ҳам ҳижрат қилган, Ислом учун ақл бовар қилмас қийноқларга чидаган ҳазрат Руқайя эндигина 22 ёшни қаршилаган эди…
06:09 / 09.05.2012
Аввалги мақола
Ҳижрат
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...