8 жумадис сони 1446
Зебигардон (маржон)

Зебигардон (маржон)

Пайғамбар афандимиз саҳобалари билан бирга Ислом тарихининг энг буюк зафарини қозониб Мадинага қайтдилар. Қайтганлари ҳамон дарҳол масжидга йўл олдилар. Ундан чиқиб хаста ётган қизлари ҳазрат Руқайянинг уйига ошиқдилар. Ҳамма бир-бирига ҳайрон аланглар, ҳеч ким ҳазрат Руқайя вафот этганини айта олмас эди. Ҳазрат Усмон ғамгин келаётганини кўрган коинот Сарвари бирдан тўхтаб қолдилар, ҳазрат Усмон келиб, юзларига йиғлагудек алфозда боқиб деди: – Ота-онам сизга қурбон бўлсин, ё Расулуллоҳ, суюкли қизингизни Аллоҳ ҳузурига жўнатдик! Ва Пайғамбар алайҳиссаломни қучганча йиғлаб юборди. Йиғи аралаш: – Уни тупроққа бердик, эй Аллоҳнинг Расули, – деди. Пайғамбар алайҳиссалом жуда шавқатли, нозик таъб киши эдилар. Кўнгиллари билан бирга кўзлари ёшга тўлган ҳолда ҳазрат Усмонга тасалли бердилар. Бошларини хам қилганларича қабристонга жўнадилар. Йўлда ҳазрат Усмон бутун воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга англатди. Ҳазрат Руқайяни Умму Айман ювгани, жаноза намозини ўзи ўқигани, қабрга ҳам ўзи қўйгани ҳақида сўзлади. Афандимиз унга сабр тиладилар ва ҳаққига дуо қилдилар. Бақиъ қабристонига етгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда маъюс ҳолда ҳазрат Руқайя қабрига яқинлашдилар. Бошида туриб узоқ дуо ўқидилар. Ким билади, балки биз идрок эта олмайдиган оламда қизлари билан сўшлашгандирлар?! Ким билади?!.

* * * Эшик тақиллашидан ҳазрат Зайнаб чўчиб сапчиб туриб кетди. Кейин тўхтаб нега бунчалар чўчиганидан ҳайрон қолди. Эшикнинг устма-уст тақиллаши уни ўзига келтирди. Хўжайини мушриклар сафида жангга жўнаганидан буён ҳаловати йўқ. Эшик яна тақиллади, апил-тапил бориб «Ким?» деди. Келувчининг аёл эканини билиб очди. – Қачондан бери тақиллатяпман, Зайнаб, эшитмадингми? – Узр, эшитмай қолибман. – Нега келганимни сўрамайсанми? – Тинчликдир… – Тинчлик, хушхабар билан келдим. – Яъни… – Пайғамбар отанг Бадрда ғалаба қозонди, соғ-саломат Мадинага қайтиб ҳам келди. – Минг бора шукр. – Ислом қўшини олдида бизникилар ёмон ҳолга тушиб қолишибди. Етмиш киши ўлибди. – Етмишта, – ичига титроқ кирди Зайнабнинг, таҳлика билан қизини бағрига босди. Хўжайини омонмикин ишқилиб? Иймонга кирмай ўлмадимикин? Қўшни аёлга қўрқув-ла тикилди. – Фикрингни тушуниб турибман, Зайнаб. – Нимани ўйлаяпман, хўш? – Очиқ гапиришга қўрқяпсан-а? – Унда очиқ гапира қолинг… – Қўрқувларинг беҳуда, эй Пайғамбар қизи. – Яъни… – Хўжайининг ҳам саломат, Пайғамбар отангга асир тушибди! – Худога шукр, – дея Зайнаб ичкарига югурди. Тиз чўкиб Яратганга шукр саждасини қилди. Зайнаб нега ичкарига чопганининг сабабини билган қўшни аёл ҳовлида кутиб турди. Зайнаб ҳам уйдан тезгина чиқди ва «Сиз менга хушхабар келтирдингиз, нима истайсиз мендан?» дея сўради. – Менга Исломни ўргат! – Тушунмадим… – Нимасини тушунмайсан, қўшнижон? Менга Исломни ўргат, дедим. – Ё Аллоҳим, демак, сиз… – Ҳа, мен ҳам Исломни қабул қилмоқчиман. Аммо, Пайғамбар қизи, ҳеч ким билмасин-а! Йўқса, бошим балоларга қолади. – Биламан, хавотирланманг. Қани, ичкарига киринг. Бадр жанги ва ҳазрат Руқайя вафотидан кейин бир неча кун ўтганди… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан кенгашиб, Бадр жангида асир тушган мушриклар тақдирини ҳал қилишга йиғилишди. Бу йиғин натижаси ҳаммани бирдай қизиқтирарди. Асирларни маълум тўлов эвазига озод қилишга келишишди. Фидя, яъни тўлов пул ёки бирор моддий бойлик шаклида бўлиши мумкин. Яқинлари фидя келтирган асирлар дарҳол озод қилинар ва ўз диёрларига бемалол қайтишарди. Навбат Абул Оссга келганда барча бир тебраниб олди: нима бўлар экан? Унинг фидяси берилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрамни очдилар – бир оз пул ва бир зебигардон чиқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам пулни бир четга қўйдилар, зебигардонни қўлларига олдилар. Гўё нозик гулни ушлагандай эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда таъсирланиб кетдилар. Бу ҳаяжон атрофдагиларга кўчди, энг бағритошларнинг ҳам кўзлари намланди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаяжонлари сабабини тополмай ҳайрон эдилар – қўлларидан бундан-да қимматроқ, нафис ва гўзалроқ безаклар ўтказган эдилар. Бирортасига эътибор ҳам бермагандилар, оддий зебигардонга эса шунча ҳаяжон… Нима гап ўзи? Йиғилганларнинг оз қисмигина масаланинг асл моҳиятини билишарди. Билиб, кўриб, тушуниб туриб ғазабланганлар ҳам бор эди. Зебигардон ҳазрат Хадижа онамизга тегишли эди. Зайнаб турмушга чиқаётганида ўз қўллари билан қизларининг бўйнига тақиб қўйгандилар. Зебигардоннинг моддийдан кўра маънавий қиммати каттароқ эди. У билан ширин хотиралар боғлиқ эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида худди ҳазрат Ҳадижани тутиб тургандек эдилар. Ҳазрат Хадижа ёнларига келиб ўтиргандек эди гўё. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаяжонлари ва ғамга ботганларини кўрган саҳобалар ҳам безовталаниб қолишди. Ҳатто йиғлаганлар ҳам бўлди. Ишнинг моҳиятини билмаганлар ҳам коинот Сарвари аҳволидан эзилиб кўзлари ёшланган эди. – Ота-онамиз, бутун борлиғимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Бу маъюслигингиз боиси недир? – Бу зебигардон Хадижаники эди. У ўз қўллари билан қизимиз Зайнабнинг тўйида бўйнига тақиб қўйганди! – ..! Барча саросимага тушиб қолди. Нима дейиш, нима қилишга ҳайрон қолдилар. – Агар қарши бўлмасангиз, буни эгасига топширардим. – Жонимиз билан, ё Расулуллоҳ! – Бош устига! – Дарҳол! – Топширамиз! – Қайтарамиз! – Сиз ранжимасангиз бўлди, эй Аллоҳнинг Расули, қайтариб берамиз! Воқеани кузатиб турган асирлар ҳайратдан лол эдилар. Бутун асҳобнинг у Зотга бунчалар боғланиб қолганининг сирини англай олишмасди. Жонларини ҳам у Зотга қувона-қувона бахш этишлари мумкинлиги фикри мушрикларга ғайритабиий туюларди. Ваҳоланки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни зўрламаган, ҳатто улар исташса, қарорларини ҳам ўзгартиришга шай эдилар. Абул Осс ҳам шошиб қолганди. Асирликдан қутулиш учун зарур маблағни сўраб Маккага хабар жўнатгани ҳамон ҳазрат Зайнаб юқоридаги ўрамни бериб юборган эди. Ўрамни очиб зебигардонни кўрган Абул Осс рафиқаси тутумини тушуна олмади. Ахир улар ўзларига тўқ яшашади, зарур маблағни топишга қурбилари етади-ку! Нима сабабдан Зайнаб тақинчоғини бериб юборди экан? Бу саволга жавоб излаш билан бирга хурсанд ҳам эди. Тақинчоқ унга аёли, оиласи, масъуд дамларни хотирлатган эди. Шу пайтгача Зайнаб умуман бўйнидан ечмаган бу зебигардон Абул Осс учун жуда катта қийматга эга эди. Рафиқасининг ундан ҳеч нарсани аямаслиги хаёли берган қувонч ёнига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаяжонлари ҳам қўшилиб Абул Оссни беҳад шод айлади. Аммо тақинчоқнинг ҳазрат Хадижага тегишли бўлганини билгач, маҳзун бўлди. Демак, ҳазрат Зайнаб бу зебигардонни жўнатиш билан Пайғамбар отасига хабар берган! «Оҳ, Зайнаб! Сен каби аёл дунёда яна бормикин?» дея ичида сўзланди Абул Осс. Зебигардон Абул Оссга қайтиб берилди. Ҳали юз бераётган воқеаларни тўла идрок этиб улгурмаган Абул Оссга пулни ҳам беришди. У нима дейиши, нима қилишини билмай, ич-ичидан эзиларди. Шу асно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий келгандаги ҳолга тушдилар. Саҳобаи киром чуқур сукунатда бош эгиб турди. Ақл билан англанмас ҳолат юзага келганди. Буни фақат иймон нури билан чароғон кўнгилларгина ҳис этиши мумкин эди. Ваҳий ҳолати ўтиб кетгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтариб атрофга қарадилар ва кетаётган Абул Оссни тўхтатишни буюрдилар. – Абул Оссни бу ерга чақиринг! Дарҳол бажо келтиришди. Нега ортга қайтарилганини англамаган Абул Осс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қизиқиш билан боқди. Куёвининг юзида афандимизнинг маҳзун нигоҳлари айланди. «Мусулмон бўл!» деяётгандек эди бу нуроний кўзлар гўё… Бўғин-бўғинларигача бўшашиб, дийдалари юмшаган Абул Оссга боқиб у Зот дона-дона ўқидилар: «… У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир…» (Мумтаҳана сураси, 10-оят.) Бу ояти карима Абул Осснинг бошига гурзи бўлиб тушди. Чунки унинг маъноси, оқибатини жуда яхши тушунган эди. Эзилиб тамом бўлса-да, оғиз очмади. – Абул Осс, қизим Зайнабни энди бу ерга жўнатишинг лозим. Сенинг қатъий сўзингни кутяпман – қизимни Мадинага юборасан! – Сўз бераман, юбораман! Яна гапириш у ёқда турсин, оёқда туришга ҳам ҳоли қолмаганди. «Юбормай қўя қолсам бўладими?» дейдиган аҳволда эмасди. «Йўқ, суюкли аёлимни жўнатмайман», деб эса асло айтолмасди. «Мени ундан айирманг, усиз яшолмайман», деб ҳам илтижо этолмасди. Энди нима қилади? Асирликдан қутулган одамдай эмас, балки кишанга кетаётган қулдай ҳорғин қадам ташларди. Абул Осс кетарди… Зайнабнинг ёнига кетарди… Зайнабни Мадинага жўнатиш ва буткул ёлғиз қолиш учун кетарди… Зайнаб ёнига Зайнабсиз қолиш учун кетарди…
06:10 / 09.05.2012
Аввалги мақола
Мадина
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...