3 жумадис сони 1446
Пайғамбаримиз ва аёл киши (давоми...)
Умар розияллоҳу анҳу бу гапларни эшитиши билан ридосини олди-да, тўғри қизи Ҳафса розияллоҳу анҳонинг олдига бориб: «Эй қизим, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маслаҳат берасанми? Бунинг натижасида у Зот кун бўйи жаҳллари чиқиб юрадими?»  деди. Ҳафса розияллоҳу анҳо: «Ҳа, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маслаҳат берамиз», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишининг жинсий ҳожатига ҳам эътибор берганлар. Шунинг учун эркакларни аёлнинг мана шу ҳожатини қондиришга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингизнинг аёлига яқинлик қилишида садақа бор», дедилар. Саҳобалар: «Ё Аллоҳнинг Расули, биримиз шаҳватини қондирса ҳам, савоб бўладими?» деб сўрадилар. У Зот: «Эътибор беринг! Агар ўша шаҳватини ҳаром жойда қондирганда гуноҳ бўлар эдими? Шунингдек, уни ҳалол жойда қондирса, албатта, савоб бўлади», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эр-хотинни бир-бирининг тўшакдаги сирларини тарқатишдан қаттиқ огоҳлантирганлар. У Зот: «Аёлига яқинлик қилган, у ҳам эрига яқинлик қилгандан сўнг аёлининг сирини бошқаларга тарқатган эркак қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида инсонларнинг энг ёмони бўлади», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларни эҳтиром қилганларига яна бир далил шуки, у Зот эркакларни хотинлари ҳақида ёмон гумонга бориш ва уларнинг хатоларини қидиришдан қайтарганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эрни аёлининг олдига тунда хиёнат устида ушлаш ёки унинг хатосини топиш мақсадида кириб боришдан қайтарганлар». Аёл кишини бундан ортиқ яна қандай эҳтиром қилиш мумкин. Уйида бир неча кун бўлмаган кишини аёли олдига келганини билдирмасдан туриб, тунда кириб боришдан қайтармоқдалар. Боз устига эр хотини орқасидан айғоқчилик қилаётган ва у ҳақда ёмон гумонда бўлса. Ислом динида нафақа қилиш эрга фарз бўлса-да, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни хотинларига қўлидан келганича кўпроқ нафақа қилишга қизиқтирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эр аёлига қилган нафақасига ажр олишини айтганлар. Бу башоратни эшитган эр нафақани хурсанд ва очиқ қалб билан беради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Сен Аллоҳ таолонинг розилиги учун нафақа берсанг, бу ишингга савоб оласан. Ҳатто аёлингнинг оғзига солган таомингга ҳам ажр оласан», деб марҳамат қилганлар. Яна у Зот: «Энг афзал динор бу эр оиласига инфоқ қилган динордир», деганлар. Яна у Зот: «Киши аёлини сув билан суғорса ҳам, бу қилган ишига савоб олади”, деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишига, у ким бўлишидан қатъи назар, меҳрибон ва раҳмли эдилар. Биз қуйида бева аёл у Зотнинг қўлларидан тутиб, ўзининг хоҳлаган юмушини бажаришга олиб кетиши ҳақида айтамиз. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳрибончиликлари ҳақида шундай дейди:«Бир аёлнинг ақли ноқис эди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Аллоҳнинг Расули, менинг сизда ишим бор», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй фалончининг онаси, хоҳлаган кўчангни айт ва ўша ерда тур. Мен ҳам ўша ерга бораман», дедилар. У Зот ўша ерда у билан гаплашиб,  ишини битиргунча унинг ёнида бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини у хоҳ қиз бўлсин, хоҳ сингил бўлсин, эҳтиром қилганлар. У ЗЗот:«Кимнинг уч қизи ёки уч синглиси ёки икки қизи ёки икки синглиси бўлса ва уларга гўзал муносабатда бўлиб, уларга муомала қилишда Аллоҳ таолодан қўрқса, у жаннатийдир»,  деб марҳамат қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини турмуш ўртоқ бўлгани учун эҳтиром қилганлар. У Зот: «Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинг! Зеро сизлар уларга Аллоҳнинг калимаси ила эришдингиз ва фаржларини ҳалол қилиб олдингиз», деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини она бўлгани учун эҳтиром қилганлар. Бир киши у Зотнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули, инсонлар ичида биринчи бўлиб кимга яхшилик қилишим керак?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Онангга!» деб жавоб бердилар. У киши: «Кейин-чи?» деди. У Зот:«Онанга!» дедилар. У киши: «Кейин-чи?» деди. У Зот: «Онангга!» дедилар. «Кейин-чи?» деди. У Зот: «Отангга!» дедилар.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай аёлни эҳтиром қилгандар. У Зот: «Аёлларга яхши муомалада бўлинг!» деб марҳамат қилганлар. Шулардан кейин ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани хоҳлайдилар? Нима учун у Зотга қарши тиш қайрайдилар? У Зот аёл кишига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмадиларми?! Аёл кишини жинс савдогарлари ва номус даллолларининг чангалидан сақламадиларми?! У Зот аёл кишини ҳимоя қилиб, хиёнаткор кўзлар тегмаслиги ва ифлос қўллар етмаслиги учун муҳофаза қилинадиган дур, беркитиб сақланадиган жавҳар қилиб қўймадиларми?! Улар:«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишини уйга қамаб қўйди!» деб айбладилар. Ёлғон гапирибдилар. Аёл кишининг уйидан чиқиб, масжидга боришга, бозорга бориб, бирор нарса сотиш ёки олишга ҳуқуқи бор. Қолаверса, аёл кишига урушда қатнашиш фарз қилинмаган бўлса-да, юртга ғаним бостириб келганда ярадоларни даволаш, жароҳатларига малҳам қўйиш ишларида қатнашса бўлади. Аёл кишининг уруш ва жангда қатнашиши, бу – ҳаж ва умрадир. Улар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишига ҳуқуқ бермаган, унинг дардига қулоқ солмаган ва бирор ишда ундан маслаҳат сўрамаган!» деб айбладилар. Бу гап ҳам ёлғон! Юқорида бу гапларнинг барчаси уйдирма эканига далолат қиладиган маълумотларни келтириб ўтдик. Уларни қайтаришнинг ҳожати йўқ. Улар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор чекловсиз кўпхотинликка рухсат берган», деб айбладилар. Бу гап ҳам ёлғон! У Зот: «Кимнинг икки аёли бўлса ва бирига кўпроқ мойил бўлса, қиёмат куни бир тарафи эгик ҳолда тирилади», деганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)» (Нисо сураси, 3 оят), яъни биттага уйланинг. Улар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни уришга рухсат берган», деб айбладилар. Бу гап ҳам ёлғон! У Зот: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар. Лекин шундай вазиятлар ҳам бўладики, ўша вазиятларда Ислом дини эрга хотинини мисвок, қалам ва шунга ўхшаш нарсалар билан уришга рухсат беради. Бундан жасадга озор бериш эмас,балки кўнглига дакки бериш назарда тутилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бирор марта аёл кишини урмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинига азият берадиган кишилар мўминларнинг яхшиси эмаслигини айтганлар. Лекин Ислом дини инсон дуч келадиган барча вазиятларга ўз ҳукмини олиб келган. Улар орасида мана шу нодир ҳолат ҳам мавжуд. Келинг, маданият ва цивилизация эгаси бўлган ғарбликлар ҳаётида аёлнинг ўрни қандайлигига бир назар ташлайлик! Американинг 1987 йилги статистика маълумотлари шуни кўрсатадики, мамлакатдаги 79 фоиз эркак аёлларни, хусусан, хотинини урар экан. F.P.T. тайёрлаган бошқа бир статистика маълумотида Америкада ҳар 18 сонияда бир эркак хотинини уриши айтилган. Европа иттифоқининг 1988 йилги статистика маълумотларига кўра иттифоқдаги ҳар тўртта аёлдан бири жисмоний азиятга дучор бўлар экан. Оилавий жанжаллар ҳам кўп тарқалган экан. Ирландияда ўлдирилган аёлларнинг ярмини эри ёки дўсти ўлдирар экан. Финландияда ҳар бешта аёлнинг бири эри ёки дўсти томонидан зулм кўрар экан. Булар қаёқда-ю, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари ва аёлларга бўлган муносабатлари қаёқда?!
14:03 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...