21 жумадул аввал 1446
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб
Эй Аллоҳнинг Расули! Эй қалблар султони, кўнгиллар қувончию кўзларнинг нури! Эй буюк устоз, муаллимлар муаллими! Сиз шундай буюк Зотсизки, Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай Зот васфингизни тўлиқ ифодалай олмайди. Буюклигингиз олдида фалаклар пастдир. Фалаклар пойингиз остида бир йўл бўлди меърож кечаси. Балки осмонлар сизга йўл бўлгани учун қиёматгача фахр ва ғурур туяр, яратилгандан бери ўша кунни кутгандир… Ё Расулуллоҳ, сиз инсон жинсидан бўлганингиз инсоният учун туганмас ифтихор, ҳадсиз ва чексиз сурурдир. Сиз тарбиялаган инсонлар дину диёнат учун, инсон зоти бу дунёда саодат ичра ҳаёт кечириши учун шундай хизмат қилдиларки, уни таърифлашга тил, ёзишга қаламлар ожиз. Нега бундай бўлмасин, ахир улар сизнинг таълимингизни олган инсонлар-да... Сиз уларга сабрни мукаммал ўргатган эдингиз. Чунки Сиз сабр бобида тоғу тошдан ҳам метинроқ эдингиз. Ёшлигингизда тенгдошларингиз оталари билан ўйнаб, улардан совғалар олаётганда, уларнинг қучоғида яйраб юрганда отангиз йўқлигидан ўксиндингиз, аммо сабр қилдингиз. Онангиз билан ота қабрининг зиёратига бориб садоқатингизни билдирдингиз, кўнглингиз бироз ёришди-ю,  лекин қайтишда онангиздан ҳам айрилиб Маккага ёлғиз кириб келишингиз эндигина олти ёшдаги мурғак қалбингизга туганмас маъюсликларни солгани маълум эди. Ўшанда онангиз аҳволи ёмонлашаётганини ҳис қилгач, сизни ёнига чақириб маҳкам қучоқлади, юзу кўзларингиздан ўпиб: «Эй Муҳаммад, ўғилгинам, мард инсон бўлгин!» дея васият қилди. Сиз буларни эслаб кўзингиз ёшланарди, қалбингиз онажонингизни соғиниб ўртанарди, аммо сабр қилардингиз. Орадан икки йил ўтар–ўтмас, сизни жуда қаттиқ яхши кўрган бобонгиздан ажралишингиз ҳам сизга яна мусибат бўлди. Унга ҳам сабр билан жавоб бердингиз. Сиз онангизни доимо эслардингиз, Унинг васиятига ҳар лаҳза амал қилдингиз ва ҳақиқий мард инсон бўлдингиз. Ҳаққа чақирганингизда ўзингиз, сизга эргашганлар, оилангиз ва қариндошларингизнинг бошига тушган азиятлар, тазйиқу мусибатлар-чи?.. Буларнинг ҳаммасига сабр қилиб ўз йўлингизда давом эттингиз.  Ё Расулуллоҳ, сизни буюк Аллоҳ севди,  бошқаларга ҳам сизни севишни лозим қилди. Аллоҳни севишнинг далили Сизга эргашишлик эканини билдириб У Зот мартабангизни шу қадар юксакларга кўтардики, бундай мартабага бирор мавжудот етолмаган, етолмайди ҳам. Эй Ҳабибим, Сизни севиш, Сизнинг чин умматингиз бўлиш Сизга эргашишлик билан бўлиши, ҳар ишимизда сизни ўрнак қилиб олиш билан бўлиши бизга маълум. Аммо Сизга муҳаббатимиз баланд деб тилда айтамизу, амалларимиз сизнинг йўлингиздан жуда узоқлашиб кетганини кўриб гоҳида ўксинамиз.   Иймонимда ҳаловат йўқ, қийнар алам,   Хушуъ топмас намозларим, оҳу нолам, Қуръон ўқиб кўзларда йўқ бир томчи нам,  Қалб ўртанса, писанд қилмас ушбу танам, Гуноҳлардан безиб жуда оғриндим ман,   Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим ман.   Сўзда гоҳо ёлғон кирса, қийналмас тил,   Гуноҳларга кўз қадалиб ўтмоқда йил, Нафсим билан мен ўртамда ўтмайди қил,   Маҳфийлиги мағрур қилди, қийналди дил, Зор кўнглимнинг сўроғидан оғриндим ман,   Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим ман.   Ошқозоним очлик эмас, тўқлик эзар,   Зиёфат деб оёқларим тинмай кезар, Парҳези йўқ, ҳаром, шубҳа қилмай ҳазар,   Бадкор нафсим қилмишидан қачон безар? Тўймаслиги хароб қилди, оғриндим ман,   Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим ман.   Ҳа, сизнинг қайтариб кетган ишларингиздан қайтмасдан ҳаётимни қанчалар ғам-ташвишга кўмаётганим Роббимга аён. Суюкли ҳабибим, ё Расулуллоҳ! Аллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан қайтмайдиганлар бошига бало тушади дейишади. Ахир Аллоҳнинг каломини ўқиб таъсирланмаслигим, Сизнинг суннатингиз ва сийратингизни эшитиб амал қилмаслигим – шунинг ўзи бошимга тушган катта мусибат эмасми?  Уҳуд ғазотида биргина кўрсатмангизни бажармаган саҳобаларнинг бошига тушган мағлубият, уларнинг қалбларига битмас яра бўлиб қолган йўқотишлар  сизнинг ҳидоятингиздан юз ўгирганларнинг оқибатини яққол кўрсатиб берган далил эди-ку! Ё Расулуллоҳ, Сизнинг кўрсатмаларингизга амал қилмаганлар касофатига бегуноҳ инсонлар ҳам қолиши – ўша жангда Ўзингизга ҳам катта зарарлар етиши билан исботланди. Сизни жонларидан ҳам ортиқ севган саҳобаларнинг хатоларини Аллоҳ ҳам авф этди, Сиз ҳам кечирдингиз..аммо Сизнинг йўлингиздамиз дея бонг уриб, нафсимиз йўлидан оғишмай юрган биздақаларнинг гуноҳи авф қилинишига ким кафолат беради?.. Ҳазратим, нур бўлиб туғилган, нур бўлиб яшаган ва бутун жаҳонни жаҳолат зулматидан нурга чиқариб, нурлантириб Аллоҳ ҳузурига кетган бўлсангиз-у, мен умматингиз бўла туриб қалбим зулматда қолса-я! Менинг қалбимни жаҳолат ва нафс зулмати қоплаб олса-я!  Ҳар қандай зулматни ёмон кўрганингиз учун ҳатто ер юзида муборак қоматингизнинг сояси тушмасди, мен эса умматингизман дея даъво қилиб, ер юзини фасод қилишдан бошқа корим топилмайди. Эй жалолат ва икром соҳиби, Расулуллоҳ! Қўлингизни ўпиш қаламга армон бўлди-ю, лекин сиз қалам ушламасдан бутун дунё аҳлига энг тўғри йўлни кўрсатдингиз. Сизни саводсиз дейишди, аммо сиз амалга ошириб кетган ишни бутун жаҳон савод аҳли бир бўлиб ҳам қилишолмайди. Бизга қолгани амал қилиш бўлса, буни ҳам эплолмаяпмиз-ку! Инсонларга шариат йўлларини баён қилиб берганингиз буни тушунганлар учун жуда катта раҳмат бўлди. Сиз чизган чизиқдан оёғини чиқарган одам токи чиққан чегарасига қайтиб кирмагунча оёғи қилган хатосига боши билан жавоб берди. Жувозкашнинг ҳўкизи ҳар қанча юрса ҳам, бир жойда айланавергани каби, сизнинг ҳидоятингиз чегарасидан чиққанлар ҳам қадамини эгри босгани учун ҳаргиз мақсадларига етолмайдилар. Мақсадларига етолмайдилар дейман-у, лекин сизнинг суннатингизга амал қилмай нафсим балосига гирифтор бўлиб юрганим учун ўзим ҳам бирор мақсадга эришолмаслигимдан эзиламан, ё Расулуллоҳ! Эй боши узра улуғворлик гавҳари порлаган ва жамики пайғамбарларнинг сардори бўлган Зот! Сизнинг амрингизни интиқлик билан кутиб турган ой биргина ишорангиз билан иккига бўлинса-ю, келтирган ҳидоятингиз қаршисида бизнинг қалбларимиз ёрилмасдан гуноҳда давом этса, бу бахтсизликдан эмасми? Сизнинг муборак нурингиз туфайли Аллоҳ еру осмонни ёритса-ю, ҳадисларингизни ўқиб қалбларимиз ёришмаса, бу маҳрумликдан эмасми? Сизга бўлган муҳаббатидан қуриган ёғоч ҳўнграб йиғласа-ю, биз, ҳа айнан биз  сизнинг умматингиз бўла туриб, ақлу идрокли инсон бўла туриб, вафотингизни эшитганда ҳам хотиржам ўтиб кетаверсак, бу муҳаббатнинг ёлғонлигидан эмасми?  Ҳа, Мусо алайҳиссаломнинг таёғи илонга айланиб атрофдагилар қалбига даҳшат солди. Бунинг мўжизалигини тўлиқ тушунган сеҳргарлар иймонга келдилар. Сиз эса инсонлар орасидаги аждаҳосимон золим ва нокасларни тарбиялаб шундай инсон қилдингизки, уни кўрган барча золимлар улар олдида ҳайратда ва қойил қолдилар. Мусо ёғочни аждаҳога айлантирган бўлса, ёғоч сиздан ажралганидан, муҳаббатдан дод солиб йиғлади. Наҳот бир ёғочдек ҳам бўлолмасак!! Муборак оғзингиздан чиққан ҳикматлар дунёни ҳайратга солаётган бўлса-ю, бизнинг қалбимиздан бу ҳикматлар жой ололмаса, жисмимиз буларга амал қилолмаса, бу иккиюзламачилик эмасми?   Ҳар бир исён қат-қат қилар қалбим кирин,   Қилганларим айтолмадим мингдан бирин, Меҳрибон Робб яширмоқда банда сирин,   Яширмоғи қувонтирди бўлиб ширин, Ошкор, пинҳон айбларимдан оғриндим ман,   Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим ман.   Бир келинг-у, аҳволларим ўнглаб кетинг,   Гуноҳ қилган қўлларимни боғлаб кетинг, Бўйсунмаган бу нафсимни тиғлаб кетинг,   Суннатингиз қилмас йўлим чоҳлаб кетинг, Ҳақни кўрмас кўзларимдан оғриндим ман,   Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим ман.   Соғиндим-у, кўрмоққа кўз лойиқмикан,    Гуноҳ юки бу бошимни қуйи буккан, Ҳаёсизлик ором бермай санчар тикан,    Ёнингизда қад кўтариш мушкул экан, Ул висолга мос келолмай оғриндим ман,    Расулуллоҳ, Сизни жуда соғиндим ман.   Эй қудрати чексиз, илму ҳикмати ҳадсиз, адлу марҳамати ниҳоясиз, мукаммал мақтовларга лойиқ Зот - Раббим! Бизларни ҳабибинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чин уммат қил. У Зотни васила қилиб сўраймизки, қалбларимизни ҳидоятда, ҳақ йўлда собит қил. Илму маърифатда пешқадам қил. Ватанга, халққа ва миллатга хизмат қиладиган мард инсонлардан бўлишимизни Ўзинг насибу муяссар эт! Бухоро шаҳар Мир Араб мадрасаси ходими Жиянов Улуғбек
05:16 / 24.12.2015
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...