24 жумадул аввал 1446
Бу кимнинг жойи эканини биласизми?
Меҳроб. Бу сўзни эшитсангиз ё кўрсангиз, дарров имомнинг одамларга намоз ўқиб берганда турадиган жойи эканини хаёлингиздан ўтказасиз. Бу тушунча сизга жуда яқин бўлганидан, эҳтимол, хаёлингиздан ҳам ўтказмассиз! Халқимиз меҳробда туриб одамларга намоз ўқиб берган кишини, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, хоҳ мансаб эгаси бўлсин, хоҳ мансаб эгаси бўлмасин, бирдек ҳурмат қилишга ўрганган. Бу ҳам меҳроб ва у ерда турадиган кишининг халқимиз наздидаги мартабасини кўрсатиб турибди. Лекин инсонлар орасида «меҳробда турадиган киши бизга имом бўлиб намоз ўқиб берадиган инсон, меҳроб эса қибла томонни кўрсатиш учун қурилган», деб ўйлайдиганлар ҳам мавжуд. Эътибор беринг, биринчи меҳробда туриб одамларга намоз ўқиб берган Зот ким? Албатта, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир! Бундан кўриниб турибдики, у ерда туришнинг ўзи катта масъулият юклайди. Биз ҳар куни меҳробда туриб инсонларга намоз ўқиб бераётган одамни кўрамиз ёки ўзимиз имом бўлиб намоз ўқиб берамиз. Қачонлардир бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турганларини кўз олдимизга келтирганмизми?! У Зот: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридир», деб марҳамат қилганлар. Демак, меҳробда туриб имомлик қилган, инсонларга ваъз-насиҳат қилган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўри экан. Бу нарсалар ҳақида ўйлар эканмиз, имом бўлсак, бу жойда туришга лойиқ эмаслигимизни ич-ичимиздан ҳис этамиз. Оддий намозхон бўлсак, бу ерда турган одамга бўлган ҳурматимиз янада ортади. Лекин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юрган, у Зот билан энг хатарли лаҳзаларда ҳам бирга бўлган, у ҳақида «агар имкони бўлганда ўзимга халил қилиб олар эдим» деб айтилган киши ўзини қандай ҳис этган экан?! Билол розияллоҳу анҳу ҳар куни ўзининг сеҳрли овози билан намозга азон айтар экан, такбир айтилиш вақтига қадар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳужраларидан чиқишларини кутиб турарди. Бу зот:  «Расулуллоҳдан бошқа одам имом бўладиган намоз учун қандай қилиб азон ва такбир айтай?!»деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Мадинадан бош олиб кетган бўлсалар, ажаб эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дардлари оғирлашгач, «Абу Бакр одамларга имом бўлиб намоз ўқиб берсин», деб буюрдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳали келмаган эдилар. Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Абу Бакр йўқ экан, сиз намозга ўтиб бера қолинг», деди. Бу гапни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ва унинг Расули буни хоҳламайди», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу нималар бўлаётганини тушунмаётган эди. Ахир, ҳар куни Расулуллоҳ меҳробда туриб намоз ўқиганларида у Зотнинг муборак овозларини эшитиб, тақвоси янада зиёда бўлар эди. Бугун-чи, наҳотки, у Зотнинг овозларини эшита олмаса, бу ҳаётни Расулуллоҳнинг ҳаёт эканликларида кўрадиган кўзлар бугун у Зотни кўра олмайдими?! Бор вужуди билан Расулуллоҳнинг оғизларидан чиққан гапни қабул қиладиган қалби бугун Расулуллоҳсиз нима қилади?! Наҳот меҳробда фақат у Зотни кўрган кўзлар бошқа одамни кўрса! Умар розияллоҳу анҳуга бу ҳолни кўрадиган кўзнинг кераги йўқ эди. Эҳтимол шуларни хаёлидан ўтказгани туфайли у Зот вафот этганларидан сўнг «ким Муҳаммад ўлди, деса уни асфаласофилинга юбораман», деган бўлсалар, ажаб эмас! Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намозга имом бўлишлари нимани англатиши саҳобаларга аён эди. У Зотсиз бу дунёда бир нафас олишни ҳам тасаввур қила олмас эдилар. Бундан кейин нима бўлади? Доимо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўрадиган жойда бошқа инсонни кўрадиларми?! Масжидга кира солиб, минбарда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб, қалблари сурурга тўлган лаҳзалар қайтиб келмайдими?! Ҳамма саҳобаларнинг ҳолати мана шундай эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етиб боргани заҳоти, у зотнинг кўнгиллари тўлиб, кўзларидан ёш оқа бошлади. Нима қилсинлар, жамоат кутиб турибди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар, деган сўзни эшитиб, дарҳол сакраб ўринларидан турдилар. Турдилар-у, нима қилишларини билмай қолдилар. У зотни туришга ундаган нарса «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар», деган сўз эди. Ноилож ҳолатда олдинги саф сари борар экан, ўзларига ўзлари «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам турган жойда қандай қилиб тураман, мен Аллоҳ таоло томондан ваҳий тушадиган жойда туришга лойиқ эмасман-ку!» дер эдилар, саҳобаларнинг ичидан кўзлари тушганига ишора қилиб «имомликка шу ўтса бўлар эди, бу ўтса ҳам бўлар эди», деб кетар эдилар. Охири «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам буюрдилар-ку, у Зотнинг айтганларини қилмайманми?!» деб намозга такбир айтдилар. Ўша кунларда Абу Бакр розияллоҳу анҳу одамларга имом бўлиб намоз ўқидилар. Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дардлари озгина енгиллашганини ҳис этганларида пешин намозига чиқдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўрган Абу Бакр розияллоҳу анҳу орқага тисарилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «жойингизда тураверинг», деган ишорани қилдилар. Одамлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг бу чиқишларидан жуда хурсанд бўлдилар. Лекин у Зотнинг намозга охирги чиқишлари эди. У Зотга, аҳли оилаларига, саҳобаларга Аллоҳ таолонинг салоту саломлари бўлсин! Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли
05:44 / 29.12.2015
Аввалги мақола
БИЛДИРИШНОМА
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...