Мисрдаги Азҳар шайхи доктор Аҳмад Тоййиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларини гавдалантирувчи бирорта ҳам санъат асари яратишдан Эронни огоҳлантирди. Азҳар уламолари ва аҳли сунна вал жамоа бундай асарнинг дунёга келиши ва мусулмонларга кўрсатилиши ҳаром эканини таъкидлайди.
Доктор Аҳмад Тоййиб Миср телевидениясига қарашли «Миср ахбороти» сайтига берган баёнида: «Албатта Азҳар уламолари ва аҳли сунна бундай асарнинг чиқишини қаттиқ қоралайди. Эроннинг бу хатти- ҳаракати масъулиятсизлик бўлиб, ғарбнинг Пайғамбаримизни ҳақоратловчи расмлар нашр қилгандаги ҳаракатидан фарқ қилмайди» деди. Доктор Аҳмад Тоййиб ўз сўзида аввал Азҳар аҳли сунна вал жамоа уламоларини ўз ичига олган Исломий Тадқиқотлар Академияси орқали ҳар қандай санъат асарларида, қайси бири бўлишидан қатъий назар − фильм ёки ҳужжатли фильм ёки спектакллар бўлсин пайғамбарлар ва уларнинг сулолаларини гавдалантириш ҳаром деб фатво чиқарганига ишора қилиб ўтди. Пайғамбарлар ўзларига хос хусусиятга эга бўлиб уларни ҳар қандай санъат асарида гавдалантириш мумкин эмаслигини ва бу иш мусулмонлар ичида тортишувлар келтириб чиқаришини таъкидлади. Азҳар шайхи доктор Аҳмад Тоййиб сўзига қўшимча қилган ҳолда Ислом мусулмонга фойда келтирувчи санъат асарларини рад қилмаслигини ва қарши курашмаслигини айтиб ўтди. Лекин бу санъат асарлари пайғамбарларни гавдалантирмаслиги кераклигига ва бу каби ҳаракатлар пайғамбарларни менсимаслик эканига эътибор қаратиб, бу ишга нафақат Азҳар, балки ҳар қандай мусулмон ҳам қарши эканини айтиб ўтди. Айтиб ўтамизки, эронлик бир режиссёр Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни гавдалантирувчи фильм ишлашлигини эълон қилган эди. Ушбу фильм «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли бўлиб Пайғамбаримиз сийратларини ва Исломга даъватларини ҳамда Расулуллоҳ туғилган йиллари содир бўлган ҳабашистонлик Абраҳанинг Маккага қилган ҳужумини ўз ичига олади.
Муҳаммад Али тайёрлади Islamtoday.net