24 жумадул аввал 1446
Намуна эканингизни энди англадим, ё Расулуллоҳ!
Ассолому алайкум, ҳабибим Расулуллоҳ! Сиз ҳақингизда Аллоҳ таоло: «لقد كان لكم في رسول الله أسوة حسنة», деб Сизда бизларга гўзал ўрнак, намуна борлигини таъкидлайди. Тўғрисини айтсам, бунинг маъносини юзаки тушуниб, унчалик англамаган эканман «Расулуллоҳнинг нималари бизнинг нимамизга ўрнак?» деган саволга қизиқиб, ўзимга бирор марта қалбан мурожаат қилиб, жавоб изламаганман ҳам. Аллоҳнинг Ўзи қалбимга солиб, мана, энди бироз англагандекман Сизнинг намунали эканингизни, ё Расулуллоҳ! Бирор олийгоҳга ўқишга кириш истагидаги йигит-қизлар ўша олийгоҳга қабул имтиҳонига борсалар, уларга керакли ҳужжатларни тўлдириб беришларини таъкидлаб, қўлларига бўш оқ қоғозни бериб: «Ана, ана у ерда, намуналар доскасида ҳужжатларингизни қандай шаклда тўлдиришингизга ёрдамлашувчи «намуна»лар илинган. Шунинг ёрдамида тўлдирсангиз, бир мартада беxато тўлдирасиз, марҳамат», дейилади масъуллар томонидан. Роббимиз бизга қарата: «Эй бандаларим, Менинг «Жаннат» номли хушманзара, инсоннинг кўзи кўриб, қулоғи эшитиши у ёқда турсин, ҳатто хаёлига ҳам келмаган лаззату неъматларни қамраб олган «Истироҳат боғим» бор. «Унга ҳаммани ҳам эмас, балки фалон-фалон ҳужжатларни тўлдириб кеганларнигина киритаман», деб «Номаи аъмол» номли ҳужжат варақларини қўлимизга тутқазган экан гўё. Шунда «Истироҳат боғи»га талпиниб, ҳужжатларни зудлик билан тўлдирамиз, деган мақсадда: «Эй Роббимиз, бу ҳужжатларни қандай тўлдирамиз?» деганимизда, буюк Парвардигоримиз: «Ана, ана у Менинг энг сўйган бандам, энг сўнги ва энг мукаммал, барча замон ва макон муаммоларини ҳаётий ечиб берувчи Ислом дини Пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳни сизга намуна қилиб, орангиздан чиқариб қўйганман. У ўз ҳужжатини қандай тўлдирган бўлса, сиз ҳам ундан намуна олиб тўлдиринг!» деб жавоб берган экан. Сизнинг пайғамбарлик муддатингиз инсониятга ҳамма соҳада ибрат, намуна, ўрнак бўла олар экан, ё Расулуллоҳ! Сиз қисқагина 23 йиллик пайғамбарлик фаолиятингизда ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини тўла қамраб олган намунали ҳаётни босиб ўтиб улгурибсиз ! Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтганларидек,Сизнинг хулқингиз Қуръон экан. Ўзингиз саҳобаларингиз орасида юрган тирик Қуръон экансиз! Ҳаёту сийратингиз ҳам Қиёматгача келадиган, ҳаёт йўлингизни ўрганадиган умматларингиз учун гўё тирик Қуръон, унинг амалий намунаси экан, эй Ҳабибим! Кечиринг, мени кечиринг, Расулуллоҳ! Сездингиз, «Ҳабибим», «суюклигим» деган сўзим тилимнинг учидан чиқаётганини, сиздан яширишни уддалай олмадим... Шунинг учун бироз уялганимданми пастроқ оҳангда айтмоқдаман... Мендан юз ўгирманг, ёлвораман, жавобимдан сўнг юз ўгирманг! Лекин бу саволингизга «Ҳа», деб жавоб бермай иложим йўқ.«Ҳа», «Ҳа», афсуски, «Ҳа»... Чунки мен ҳали Умардек муҳаббатли бўла олмадим. Умардек «Сизни ота-онамдан ҳам, фарзандимдан ҳам, ҳамма-ҳамма одамлардан яxши кўраман, эй Аллоҳнинг Расули», дея олганим йўқ ҳали. Айтган бўлсам, ёлғон айтганман, буни амалларим ҳам кўрсатиб турибди. Билмадим, мен ким ёки нимаман ўзи?! Нима десангиз, ҳақсиз, Расулуллоҳ! Сиз: «Эй умматларим, никоҳланиб яшаб, яxши насл колдиринглар! Чунки мен қиёмат куни бошқа пайғамбарларнинг умматларидан  умматларимнинг кўплигидан фаxрланаман», деганингизда, фақат одам сонини, умматингиз саноғини кўплигидан эмас, балки уларнинг мўминлик, умматлик сифатидаги вазифаларини қойилмақом қилиб бажарганларидан фаxрланишингизни назарда тутгансиз! Мендек беамал, тилида умматликни даъво қилиб, амалда кимлигини унутувчиларни эмас, албатта. Мен каби ноқису нотавонларни севикли умматингиз Сўфи Аллоҳёр бобом бундай баҳолаганлар: Бу умматлар ажаб зишт этди ҳолин, Ёпар бидъат билан суннат жамолин. Баҳойимдек иши ичмак-емакдир, Қуруқ тил бирла «умматмиз» демакдир. Ҳа, Расулуллоҳ! Туғри айтганлар, шундайман, балки бундан ҳам тубанман... Ҳузурингизда ҳижолатдаман, Расулуллоҳ! Сизга на чин амалий муҳаббат қила олдим, на сиз фаxрланадиган уммат бўла олдим. Ҳеч бирини уддасидан чика олганим йўк, Расулуллоҳ! Сиздан ҳаётий намуна олган фарзанд ҳам, эр ҳам, ота ҳам, уммат ҳам бўла олмадим, Жанобим! Дуо қилинг, Сизга хос уммат бўлай мен ҳам! Суннатингизни тутай мен ҳам! Сизга бу очиқ муножотим ҳаққи, Сизнинг ҳурматингиздан Аллоҳ таолонинг Ўзи мени ислоҳ қилиб, ўнглаб, қалбимни ҳам тилим билан бир xил қила олсам, кейин Сиз билан юзма-юз суҳбатга, муборак равзангиз зиёратига бораман, иншааллоҳ! У ҳам майли-ю асосий дийдор Жаннатда муборак жамолингизни кўриб, овозингизни жонли эшитишдан муосиво этмасин, Парвардигори олам. Ёнингизда туриб Жаннатнинг энг буюк неъмати бўлмиш Ўзининг жамоли меҳмонлари бўлишни насиб этсин! الصلاة والسلام عليك يا رسول الله «Саййид Муҳйиддин махдум» мадрасаси ўқитувчиси Баҳодир Баҳромжон ўғли.
06:14 / 19.01.2016
Аввалги мақола
Ошиқ қалб йиғиси
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...