21 жумадул аввал
1446
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган масжидлар
ХАЙФ МАСЖИДИ
Тоғ сатҳидан пастда, сел сувидан баландликда бўлгани учун «Хайф масжиди» деб номланган ушбу ибодатгоҳ Мино тоғининг жанубий ёнбағрида, кичик жамрага (шайтонга тош отиш ўрни) яқин ерда жойлашган. Ушбу масжид ўрнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотдан олдинги набийлар намоз ўқишган.
Язид ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳаж қилдим. У Зот билан бирга Хайф масжидида бомдод намозини ўқидим» (Имом Термизий ривояти).
Абдураҳмон ибн Муоз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Минода хутба айтдилар… Кейин муҳожирларга буюргандилар, масжиднинг олд томонидан тушишди. Ансорларга буюргандилар, масжид орқасидан тушишди. Бундан кейин қолган одамлар тушишди», деганлар («Сунани Абу Довуд»).
Тарих давомида мусулмон халифалари учун ушбу масжид аҳамиятли жой бўлган. Ҳижрий 1407 (милодий 1987) йили 90 миллион риёл маблағ сарфланиб, бино кенгайтирилган. Ушбу масжид биносининг тўртта минораси бор. Бино ёнида минг ўринли ҳожатхона, уч минг жўмракли таҳорат олиш жойи бор.
МАШЪАРУЛ-ҲАРАМ МАСЖИДИ
Қуръони каримда: «Энди Арафотдан тушганингиздан кейин Машъарул-Ҳарамда Аллоҳни зикр қилинг» (Бақара сураси, 198-оят), дейилган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Муздалифанинг барча жойи Машъарул-Ҳарамдир», деганлар.
Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида, Муздалифада шом билан хуфтонни жамлаб ўқиганлар. Ушбу макон 9 зулҳижжа куни қуёш ботгандан кейин Арафотдан тушилаётган пайтда ҳожилар ётиб қоладиган жойдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Машъарул-Ҳарам масжидига ҳам кирардилар. У узун масжид бўлиб, шарқдан ғарбга узунлиги 90 метр, эни 56 метр, ўн икки минг намозхонни сиғдиради. Масжиднинг орқа томонида 32 метр баландликдаги икки минора бор. Унинг шарқий, шимолий ва жанубий томонларидан кирадиган жойлари бор. Ёнида эркак ва аёллар учун махсус ажратиб қўйилган ҳожатхона ва таҳоратхона мавжуд. Муздалифадаги масжид билан Намира масжиди ораси етти чақирим.
НАМИРА МАСЖИДИ
Бу масжиднинг ғарбий томонида Намира деган тоғ бўлгани учун у шу ном билан аталган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа куни Намирадаги чодирга тушганлар. Қуёш заволга кетганидан кейин Арана водийсига кўчиб ўтиб, у ерда хутба айтиб, намоз ўқидилар. Кейин Сахротга кўчиб ўтдилар. Қуёш ботганидан кейин Муздалифа томонга юра бошладилар. Жобир розияллоҳу анҳу Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари хусусида бундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб Арафотга келдилар. Намирага чодир ўрнатилган экан, ўша ерга тушдилар. Қуёш бироз мойил бўлган эди, Батнул водийсига келиб, одамларга хутба айтдилар… Аввал азон, кейин такбир айтиб пешин ўқидилар. Сўнгра такбир айтиб аср ўқидилар. Кейин уловларига миниб, туялари Қасвони Сахротга қаратиб қўйдилар. Қуёш ботгунича қиблага юзланиб тик турдилар», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Арана водийсида қилган хутбалари ва ўқиган намозлари ўрнида иккинчи ҳижрий асрнинг ўрталарида, яъни Аббосийлар халифалиги даврининг аввалида, масжид бино қилинди. Батнул водийси Арафотга тегишли эмас. Тарих давомида масжид кенгайтирилаверганидан масжиднинг олд томони Арафот ташқарисида, орқа томони эса Арафот ҳудудига кириб қолган. Ҳозирги кунда ана шу ерда кўрсатувчи белгилар қўйилган. Ҳожилар пешин ва аср намозини ўқишганидан кейин Арафот ҳудуди ичидан кўчишлари лозим.
САХРОТ МАСЖИДИ
Ушбу масжид Арафотдаги Жабалур-Роҳмага кўтарилишда ўнг томонда жойлашган. У ердан озгина баландда бўлиб, пастак девор билан ўраб қўйилган. У ерда катта харсанг тош бор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа кечаси Қасво деган туяларига миниб, шу тош устида турганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келтирилишича, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин билан аср намозини Намира масжиди ўрнида ўқиб, туриш лозим бўлган маконда туяларини Сахрот томонга қаратиб қўйганлар. Юрадиган йўлларида қиблага юзланиб, то қуёш ботгунича тик ҳолда турганлар, кейин қуёш гардиши йўқолгунча Суфрага бориб бироз турганлар. Худди шу ўринда Моида сурасининг 3-ояти нозил бўлган. Ушбу маконнинг қибла томонда ўнгда узунлиги 13,3 метрли, чап томонида эса 8 метрли девори бор. Шайх Бакр Абу Язид: «Тоғнинг тепасига кўтарилишнинг ўнг томонида, жанубда, ярим метрга яқин калта девор билан ўралган супача бор. Мана шу масжид Сахрот деб аталади», деган.
ДОРУЛ АРҚАМ ҲОВЛИСИ
«Дорул Арқам», яъни Арқам ҳовлиси Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстлари Арқам ибн Абул Арқамга тегишли бўлиб, Фахри Коинот Пайғамбар этиб юборилганларининг бошланишида у Ислом даъватининг маркази эди. Мусулмонлар бу ҳовлида жамланиб, яширин ҳолатда намоз ўқишар эди. Умар ибн Хаттоб Исломга кирганларидан кейин мусулмонлар сони қирқтага етиб, Исломлари ва намозларини очиқчасига эълон қилишни бошлашди.
Ҳижрий 171 (милодий 787) йили Аббосийлар халифаси Маҳдийнинг жорияси Бинти Хайзурон бу ҳовлига масжид қурди. Ҳовли саъй қилинадиган ўриннинг ташқарисида, Сафодан 36 метр нарида жойлашган. Бу ҳовлига мусулмон халифалари томонидан катта аҳамият берилиб, таъмирлаб келинган. 1375 ҳижрий (1955 милодий) йили Каъба атрофини кенгайтириш мақсадида бузиб юборилди. Номи сақланиб қолиши учун Сафо ёнидаги саъй қилинадиган жойда ўрнатилган аввалги эшик шу ҳовлига яқин бўлгани учун «Дорул Арқам эшиги» деб номланди.
БАЙЪАТ МАСЖИДИ
Биринчи Ақоба байъати Минонинг мана шу масжиди ўрнида нубувватнинг 12-йили, яъни 621 милодий сананинг июль ойида бўлиб ўтган. Ушбу байъатда Мадинадаги Авс ва Ҳазраж қабиласидан ўн икки нафар бошлиқ иштирок этган. Иккинчи Ақоба байъати ҳам худди шу ерда, орадан бир йил ўтгач бўлди. Ушбу байъатда эса Мадина аҳлидан етмиш уч эркак ва икки аёл иштирок этди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинаи мунавварага келишга чорлаб: «Қачонгача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка тоғларида қочиб юришларига қараб турамиз?» дейишди. Иккинчи байъат «Катта Ақоба байъати» ҳам деб аталади. Ҳижрий 144 (милодий 761) йили Абу Жаъфар Мансур томонидан ушбу байъат қилинган ўринда масжид қурилган. Бу ҳақда масжиднинг қибласи ташқарисига ёзиб-маҳкамлаб қўйилган тахтача ҳам бор.
Бу тарихий масжидга ўтган давр мобайнида мусулмон халифалари томонидан аҳамият бериб келинган. Усмонийлар томонидан қурилган ҳозирги бино тош ва алебастрдан. У Минодан Маккага тушишдаги кўприкнинг ўнг томонида, Ақоба тош отиш томонидан 300 метр нарироқдадир.
ЖИН МАСЖИДИ
Пиёдалар ўтадиган кўприк ёнида, Муъаллога кўтарилишнинг чап томонида жойлашган ушбу масжиднинг алоҳида тарихи бор: жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиш учун келишганида, у Зот алайҳиссалом ушбу масжид ўрнига доира чизиб, Абдуллоҳ ибн Масъудни ўша ерда қолдирганлар. Шу сабабдан бу ерда жойлашган ибодатгоҳ «Жин масжиди» деб номланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нубувватнинг ўнинчи йили Тоифдан қайтишлари асносида Нихла ўрнида жинлар билан учрашганлар. Бу масжид яна Ҳарс деб ҳам аталади. Ушбу масжид ҳижрий 1421 йили қайта таъмирланиб янгиланган.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадалик пайтларида саҳобаларга: «Ким жинлар билан учрашишни хоҳласа, келсин», деган эдилар, мендан бошқа ҳеч ким келмади. Набий билан бирга юриб, Макканинг юқорисига етиб борганимизда оёқлари билан ерга бир чизиқ чизиб, кейин ўша ерда қимирламай ўтиришимни буюрдилар. Сўнгра ўринларидан туриб Қуръон ўқидилар. Кўпгина қора нарсалар ўраб, мен билан у Зотнинг ўрталарини тўсиб қўйди. Ҳатто овозларини ҳам эшитолмай қолдим. Қора нарсалар булут парчалари каби тўзғиб кетиб боришарди. Уларнинг бир қисми ортда қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод вақтидагина кўриндилар. Кейин олдимга келиб: «Анави бир жамоа – жин нима қилди?» деган эдилар, мен: «Улар жинлармиди, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинларга озуқа қилиб суяк ва тезакни бердилар. Кейин бизларга тозаланиш мақсадида тезак ёки суякдан фойдаланишини ман қилдилар» (Ибн Касир тафсири).
ШАЖАРА МАСЖИДИ
Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳужунда эканларида мушриклар у Зотнинг даъватларини рад этишди. Шунда у Зот: «Аллоҳим, бугун менга бир аломат кўрсатгинки, бундан кейин мени ёлғончига чиқарган кишига аҳамият бермай», дедилар. Сўраган нарсалари берилиб, у Зотга: «Дарахтни чақиргин», дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган эдилар, (Жин масжидидаги бир) дарахт юриб келди-да, у Зотга салом берди. Кейин амр қилган эдилар, ўз ўрнига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди бундан кейин қавмимдан бирор киши ёлғончига чиқарса, аҳамият бермайман», дедилар.
597 ҳижрий санада вафот этган Ибн Жавзийнинг айтишларича, Макканинг юқорисидаги ўша жойда барпо қилинган масжид «Шажара», яъни «Дарахт масжиди» деб номланган. У Жин масжидининг қаршисида жойлашган. Дарахтнинг келиб салом бериши ҳодисаси рўй берган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жин масжидида бўлганлар.
Фокиҳийнинг ривоятидан англашиладики, жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувватларига далил талаб қилишган. Шунда мана шу мўъжиза зоҳир бўлиб, улар Исломга (кириш учун) байъат қилишган. Шажара масжиди ҳам Жин масжиди каби 1421 ҳижрий санада қайта таъмирланиб, янгиланди.
РОЯ МАСЖИДИ
Имом Бухорий ривоятида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни Ҳужунга байроқ ўрнатишни амр қилганлар. Ибн Ҳишом: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни Макканинг юқори қисмига тушдилар ва ўша куни ушбу жойда чодир ўрнатилди», деб ёзган.
Кейинчалик Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу маконда масжид қурдилар. Бу масжид Роя – «Байроқ масжиди» деб танилган. 272 ҳижрий санада вафот этган Фокиҳий: «У Жубайр ибн Мутъим қудуғи олдидаги катта тўғон ёнида жойлашган, Макканинг тепасидаги масжиддир. Водий тепасидаги ушбу тўғонни Умар ибн Хаттоб қурдирганлар», деган.
Ибн Можа ҳасан санад билан Кайсон розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, бу зот: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк қудуқ олдида бир кийимда намоз ўқиганларини кўрдим», деганлар. Ушбу ҳадисни Имом Аҳмад ҳам ривоят қилганлар. Мана шу ривоятлар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ерга келиб, шу масжидда намоз ўқиганларини таъкидлайди.
986 ҳижрий йили вафот этган Ибн Заҳира Роя масжиди Макканинг юқори қисмидаги Муддаъий олдида эканини айтади. Шуни таъкидлаш жоизки, бу масжид ҳозирги кунда «Жавдария масжиди» деб аталади. У Ғазо кўчасидаги Жавдарийяда ўрнашган. Масжид ҳижрий 1361 (милодий 1942) йили подшоҳ Абдулазиз томонидан, кейинчалик подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан қайта қурилган.
ХОЛИД ИБН ВАЛИД МАСЖИДИ
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни Холид ибн Валидга Макканинг пастки қисмидан кириб, энг паст уйлар олдига байроқ ўрнатишни буюрдилар. Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лийт томондан, яъни Макканинг пастки қисмидаги Жарвал томондан киришни буюрганларида Холид бу топшириқни бажарганлар. Ўшанда байроқ ўрнатилган ўринга масжид қурилган. Ҳозир бу масжид жойлашган кўчанинг номи ҳам Холид ибн Валиддир. Бу масжид ва унинг минораси 1377 ҳижрий (1957 милодий) йили қайта қурилган.
ЖУМУМДАГИ ФАТҲ МАСЖИДИ
Жумум – Марраз-заҳрон водийидаги бир жой бўлиб, Бани Сулайм қабиласининг сув манбаи ўша ерда эди. У Мадинаи мунаввара йўлида, Маккадан йигирма беш чақирим шимолда жойлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерга ҳижратнинг 6-йили рабиъул-аввал ойида Зайд ибн Ҳориса бошчилигида отлиқларни юборган эдилар. Бир хотинга йўлиқишган эди, у отлиқларни Бани Сулаймга қарашли бир маҳаллага йўллаб қўйди. Улар бу ерда бир қанча мол ва асирларни қўлга киритишди.
Ҳижратнинг 8-йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ерга тушиб, Макка фатҳ этилишидан олдин бир кеча тунаб қолдилар. Ўша куни у Зот билан ўн минг саҳоба бирга эди. Бани Сулайм қабиласидан бир қанча жамоа ҳам мазкур фатҳда иштирок этишганди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушган ва намоз ўқиган ўринларига масжид қурилган. У «Фатҳ масжиди» деб танилади. Тарих давомида бу макон мусулмонлар учун аҳамиятли бўлиб, у 1397-ҳижрий йили шайх Бакр Муҳаммад Қутбнинг шахсий жамғармасидан қайта қурилди. Масжидга кираверишда бу ҳақда лавҳа ёзиб қўйилган. Масжиднинг қибла томондан узунлиги йигирма, эни ўн беш метр. Энига беш метр бўлган очиқлик ҳамда ўн метрли усти ёпиқ зали ҳам бор. Ҳижрат йўлидан юрганлар бу масжидни кўришга муяссар бўлишади.
Доктор Муҳаммад Илёс Абдулғанининг
«Маккаи мукарраманинг эски ва янги тарихи» китобидан
Анвар АҲМАД таржимаси.
11:21 / 26.06.2020
3771
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар