23 жумадул аввал 1446
БУЮК ИБРАТ СОҲИБИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ҳамдларнинг чексизи оламлар Роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таологадир. Унинг ҳабиби ва сўнгги Расули Муҳаммад Мустафога дуруди саловатларнинг сараси, маҳмуд мақомию васийла бўлсин. Ул Зотга эргашганларга Аллоҳ таолонинг ҳидояти ва раҳмати бўлсин! Аллоҳ таоло бу борлиқни яратар экан, уни Ўзига маълум қудрат ила бир нуқтага талпинадиган ва шу нуқтанинг атрофида харакатланадиган қилиб яратди. Биргина сайёрага бир ёки бир қанча йўлдошлари билан зийнат берган Аллоҳ таоло, ана шу сайёрани йўлдошлар учун талпинувчи ва харакат қилувчи нуқтага айлантирди. Ўз навбатида сайёралар бирлашиб, қуёшиниг атрофида айланади ва натижада қуёш бу сайёраларнинг марказий нуқтасига айланади. Бир неча миллион қуёшни жамлаган галлактикалар эса шу қуёш тизимлари учун талпинувчи ва харакатланувчи нуқтага айлана борди. Боиб-бориб, миллионлаб галлактикалар Аллоҳ таоло тузиб қўйган нуқтага талпиниб, харакатланиб турадиган бўлди. Лекин ана шу минглаб жамловчи нуқталар бирлашиб, оламларга раҳмат бўлиб юборилган Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламнинг доираларига талпинади. Ўз навбатида Муҳаммад Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам ҳам бутун оламларни талпинтирадиган ва харакатлантирадиган энг муҳим нуқтасига айланадилар! Аллоҳ таоло Қуръони Азимда марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад) Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик». Аллоҳ таолонинг сўнги Расули ва Ҳабиби Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат этиб юборилишларининг кичик бир исботи сифатида қалам юргизмоқчи бўлган хар қандай кишининг бу иш камолати олдида ожиз қолиши ёки жуз-жуз китоблар ёзишига тўғри келиши – бор гап. Буни сийрат уламолари ҳам, ҳадис уламолари ҳам Қуръон ва ақийда уламолари ҳам бошларидан ўткизганлар. Энди бу борада биз толиби илмларнинг ва оддий мусулмонларнинг фикр юритишлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аммо Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат эканликларини тушуниш ва англаб етиш ҳамда бу борада тафаккур қилиб, илм изланиш хар бир уммати Муҳаммадиянинг энг аввалги вазифаларидан бири ҳамдир. Шу сабаб, камина ҳам суюклигимиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат эканликларини ҳис этиш ва тафаккур қилиб, лаззатини туйиш мақсадида ҳажми кичик, аммо жуда катта масъулиятлик ишга қўл урдим. Бунда мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг айни ўзлари ҳақларида (масалан: «Мен Анбиёларниг сўнгисиман», каби) гапирган гаплари яъни ҳадисларидан фойдаланишни ўйлаб қолдим. Изланиб, бу каби ҳадислар юздан ортиқлигини к,ўрдим. Уларнинг ичидан ярмидан камроғини танлаб олдим ва шулар мен ва менинг каби Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламнинг раҳматлари шаббодасидан баҳраманд бўлмоқчи бўлган оддий мусулмонларга манфаатли бўлади, деб ўйладим, иншааллоҳ! Ишни устозларимизнинг баъзиларига ҳавола қилганимда, улар ҳадислар шарҳи камлигини, ибрат ва умумбашарий аҳамият қисмлари жуда оддийлигини айтишди. Хусусан ,Мубашшир Аҳмад домла биргина ҳадиснинг ўзини  шарҳлаш йўлини тушунтира туриб, унинг энг дақиқ жойларигача тўҳталишни маслаҳат бердилар. Мен мулоҳаза қилиб қарасам, домланинг тушунтириш давомидаги шарҳчаларининг ўзи ўттиз бетдан ортиқ қораламага айланди. Бундай усулда мен тўплаган мақсадли ҳадислар уч жузли китобга айланиб кетиши мумкин экан. Албатта, қўлимдаги мақолалар Мубашшир Аҳмад ва у киши каби олим ва устозлар тамонидан ёзилганда жуз-жуз китоб бўлиши тайин эди. Аммо мен бу каби илмга эга эмаслигимни ва мақсад ҳам қисқа усулда тезроқ тушунча олишга қаратилганини айтиб устоздан дуо олдим. Бу битикларни ўқиётган киши оз бўлса-да тафаккур юритса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига тегишли бўлган иш ва амаллардан хабар топиш билан бир қаторда ундан ўрнак ҳам олади. Ўрнак олиш билан биргаликда сўнгги Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу ишлари умумбашарий аҳамият касб этишини, бусиз дунё харгиз разолат ва қайғу ботқоғидан чиқа олмаслигини тушуниб етади. Зеро Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган. Ушбу ҳадисларни ўқиб ўрганишда хар бир кишига Аллоҳ таолодан фаҳм-фаросат ва ҳидоят беришини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан қалбимизда кучли муҳаббат уйғотишини илтижолар қилиб сўрайман. Охирги дуомиз оламлар Роббиси Аллоҳ таолага ҳамдлар бўлсин!

1. Ҳадис:

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур. Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур. Мен Оқибман», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Ҳадиснинг шарҳи:

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг асосий исмларига қўшиб яна тўртта сифатларидан келиб чиқадиган исмларни ҳам тилга олмоқдалар: 1. Муҳаммад. Бу муборак исмнинг луғавий маъноси ҳамд-мақтов айтилгандир. Араб тилининг хусусиятларидан келиб чиқиб тилшунос уламолар, айни шу сийғадан, Муҳаммад сийғасидан мақтови тинмай янгиланиб турувчи деган маъно чиқади, дейдилар... 2. Аҳмад. Бу муборак исмнинг маъноси кўп ҳамд айтувчидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога кўп ҳамд айтишларига ишорат... 3. Моҳий. Бу исмнинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари «Мен Моҳийман, Аллоҳ мен ила куфрни маҳв этур», деб баён қилиб бермоқдалар. Яъни Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила куфрни ўчириб ташлайди. 4. «Мен Ҳоширман, Аллоҳ менинг икки қадамим олдига одамларни ҳашр этур». Яъни Аллоҳ таоло қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари олдида ҳашр майдонида халойиқни тўплайди. 5. Оқиб. Бу муборак исмнинг маъноси ортдан келувчи деганидир. Чунки Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамма пайғамбарларнинг ортидан охирги Пайғамбар бўлиб келганлар, у кишидан кейин хеч пайғамбар келмайди.

Ибрат:

      Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларидан ҳам ибрат олишимиз мумкинми?! Албатта, мумкин. Тарихчилардан бири у Зот алайҳиссаломнинг оналари қорнидаги вақтдан ҳам инсонлар ибрат олишлари мумкин деган экан. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг исмий сифатлари ичида Аҳмад исми биз мусулмон умматига катта ибратдир. Шарҳда айтилганидек бу исмнинг маъноси кўп ҳамд айтмоқдир. Чуқурроқ киришадиган бўлсак, Аҳмад исмидаги «ҳамд» сўзига орттирилган А ҳарфи -роқ  вазифасини ўтайди. Масалан, ҳамд айтувчироқ. Шу билан бирга, у хар қандай ҳамд айтувчининг олдида роқ бўлиб, яъни ортиқ бўлиб тураверади. Мисол учун бирон киши мен энг кўп ҳамд айтувчиман деса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аҳмад» сифатлари ила ундан ҳамд айтувчироқ бўлиб қолаверадилар. Биз бу сифатга қандай эргашамиз?! Хар бир ишда Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга уринган уммат учун Аллоҳ таолога ҳамд айтишда ҳам афзалроқ бўлиш талаб этилади. Хар ерда ва хар жабҳада ҳамдни кўпайтириш ва уни чиройли суратда амалга ошириш (яъни намозда қоим турган ҳолда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олинадиган энг гўзал ибратлардан биридир. Аллоҳ таоло ҳам Ўз ҳабиби ва умматларини Ўзининг муборак каломида Ўзига ҳамд айтишга чорлайди. Қуръони Каримнинг очувчиси «Фотиҳа» сураси ҳам Оламлар роббиси Аллоҳга ҳамд ила бошланади. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини маҳкам тутмоқчи бўлса, Аллоҳга ҳамдни кўпайтирсин!

            Умумбашарий аҳамият:

     Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бутун дунёга раҳмат бўлишлари билан бир қаторда, ул Зот алайҳиссаломнинг исмлари ҳам умумбашарий аҳамият касб этиши ғайриоддий нарса эмасдир. Ҳадисга эътибор берадиган бўлсак, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сифатларини бирма-бир санаб ўтмоқдалар. Аммо «Муҳаммад» исмини, яъни ўзларининг асосий исмларини сифатлардан олдин айтмоқдалар. Бир қараганда «Мен Муҳаммадман» деб таъкидлашнинг хожати йўқдек. Негаки атрофларидаги саҳобаларининг ҳаммалари бу муборак исмнинг эгаси кимлигини яхши билишар эди. Лекин бошқа тарафлама эса бу таъкид фақат мусулмонлар учунгина эмас, балки бутун башарият учунлигини кўриш мумкин. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз исмларини таъкидлашлари илгариги илоҳий китобларда зикри келган ва башарият интиқлик билан кутаётган охирзамон Пайғамбарининг келганлиги ва у айни ўзлари эканликларини билдириб қўйиш учун ҳам бўлган десак, муболаға бўлмайди, иншааллоҳ! Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни туғилиш арафаларида араблардан бир нечалари бир подшохнинг хузурида бўлишган. Подшоҳ уларга ҳижоз тамондан яқин кунларда бир Пайғамбар чиқишини ва унинг исми Муҳаммад бўлиши хабарини берган. Меҳмонларининг ичида уч кишининг аёли ҳомиладор бўлган. Улар агар ўғил кўрсам, исмини Муҳаммад қўяман, деб ният қилишган. Устоз Абдул Азим домланинг таҳқиқларига кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларида Муҳаммад исмли кишилар ўн беш нафарни ташкил этган экан. Қадимги илоҳий китобларда бу исм бўлиши керак эди. Негаки Аллоҳ таоло Ўз Расулини сифатлари билан бир қаторда исмини ҳам айтиб ўтиши ҳам эҳтимол эмас эди. Аммо Яҳуд ва Насронийлар илоҳий китобларини бузиб ташлашлари оқибатида кўплаб ҳақиқатлар парда ортига олинди. Лекин барибир, улар Аллоҳнинг йўлини тўса олишмади. Яҳудийларнинг муқаддас деб атаган китобларида шундай жумла бор: «Ҳикко мам таккин Вехулло Маҳаммадин Зеро риве ререй ий Накиро Рушалал» Маъноси қуйдагича: «Унинг тили шакар, ўзи эса Муҳаммаддир. Мана, менинг суйганим кимдир. Мана, менинг дўстим ким, эй шаҳар қизлари?! Бугунги кунда ҳам олимларнинг илмий ҳисоб-китобларига кўра, Муҳаммад исми дунёдаги энг кўп тарқалган исм ҳасобланар экан. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллманинг бу муборак исмлари илоҳий мўъжиза ва башорат бўлиши билан бир қаторда, ҳисоб жиҳатидан ҳам умумбашарий аҳамиятда эканлигига эътибор беринг.! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк сифатларидан бири бўлмиш Аҳмад исми ҳам, қадимги муқаддас китобларда келган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: «Ийсо бинни Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)». (Соф сураси 6-оят). Бу оятда Ийсо алайҳиссалом томонларидан Исроил қавмига қарата бутун башариятга раҳмат бўлиб келувчи Пайғамбарининг исми айтилмоқда. Ҳўш, бунга Насроний дунёси нима дейди? Албатта, уларнинг кўплари буни тан олишмайди. Уларнинг Евангелияларида келган кўплаб башоратлар гўёки ҳали амалга ошмаган. Яҳудийлар ўша «Марҳаматли зот» ларини кутишаётгандек Насронийлар ҳам «Юпатувчи» яъни “Параклетос” ларини ҳали кутишмоқда. Аммо чин ихлосли ва Аллоҳдан қўрқувчи мусулмон бўлмаган Яҳуд ва Насроний дийни тоифаларнинг баъзи кишилари буни тан олишади. Кўплари айни шу оятлар сабаб мусулмон ҳам бўлганлар. Юҳанно Евангилеясида айтилади: «Мен Отамга мурожаат қиламан ва У тоабад сизлар билан қоладиган бошқа Юпатувчини юборади» . Яна «Ўша Юпатувчи, яъни менинг номимдан Отам юборадиган Муқаддас Руҳнинг ўзи сизларга ҳаммасини ўргатади, менинг сизларга айтган ҳамма сўзларимни у ёдингизга туширади» . Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа «Моҳий», «Хошир», «Оқиб» сифатлари ҳам қадимги самовий илоҳий китобларда башорат ўлароқ келган. Буни Жемс Берг, Бернард Шоу каби ғайридинлар ва Аҳмад Дидод каби мусулмон тадқиқодчилари таъкидлаб ўтишган. Яҳудий ва Насроний дунёси ҳақиқатларни қанчалар пардалар ичига олишмасин, барибир, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари ва сифатлари башарият учун ибрат ва башорат бўлиб қалаверади.!

Давоми бор...

Музаффар Муҳаммадзода

10:25 / 15.03.2016
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...