23 жумадул аввал
1446
НАБАВИЙ НАСИҲАТЛАР
Албатта, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий ходимлари бўлиш катта бахт ва қулай фурсат эди. У киши хизмат сабабидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дорилфунунларининг закий талабасига ҳам айланган эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўладиган ҳар лаҳзалари мисли йўқ дарс эди. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ўзларига алоҳида насиҳатлар ҳам қилиб турар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй болам, агар бировга нисбатан қалбингда эртаю кеч ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар. Сўнгра яна:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга:
«Эй болам», деб мурожаат қилмоқдалар ва:
«…агар бировга нисбатан қалбингда эртаю кеч ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», демоқдалар.
«Ғиллу ғаш» – бировнинг жонига, молига ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.
Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни хоҳламаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғишт сақламаслиги керак. Бу ҳақда, иншааллоҳ, шу мавзуга тегишли бобларда кераклигича сўз юритилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир», дедилар.
Яъни бировга нисбатан қалбда ғиллу ғишт бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.
«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш айниқса, амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади.
Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.
«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, жаннатда мен билан бирга бўлади», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш инсонни ана шундай олий мақомга эриштиради.
Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:
«Эй болагинам, намозда аланглашдан сақлангин. Албатта, у ҳалокатдир. Агар ҳеч имкони бўлмаса, нафлда майли, аммо фарзда эмас», деган эканлар».
Ушбу ҳадисдан атрофга аланглаш нафл намозда бир оз енгил саналса ҳам, фарзда мутлақо мумкин эмаслигини тушуниб оламиз.
Имом Бухорий ва бошқалар Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг», дедим.
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар у Зот».
Анас розияллоҳу анҳу доимо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларини ихлос билан қилиб юрганларидан баъзи вақтларда ушбу ривоятда зикр қилинганга ўхшаш нарсаларни у Зот алайҳиссаломдан сўрашга журъат қилиб қолар эдилар. Албатта, у киши розияллоҳу анҳунинг бу сафарги сўровлари катта сўров эди:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг».
Ҳар банда учун дуоси қабул бўладиганлардан бўлиш улкан бахтдир. Қолаверса, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг энг улкан орзуларидан бири ушбу нарсадир.
Албатта, бундай вақтда одатда Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога дуо қилиб, Анас розияллоҳу анҳунинг дуоларини қабул қилинадиган этиб қўйишини сўрашлари хаёлга келади.
Эҳтимол, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам худди шу нарсани ирода қилган бўлсалар керак. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига, яъни ҳозир ўзларидан бу нарсани сўраб турган Анас розияллоҳу анҳуга етадиган эмас, Қиёмат кунигача бутун Ислом умматига етадиган жавоб бердилар.
«Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», дедилар».
Охирги замон Пайғамбари, Ҳабиби Роббил оламин, Муҳаммад ал-Амин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавоблари умумий қоида бўлиб қолди.
Қайси замон, қайси маконда бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мўмин-мусулмон «Дуоим қабул бўладиган бўлсин», деса, ҳалол-пок касб қилсин, ейдиган луқмасини ҳалол-пок қилсин. Ана ўшандагина дуоси қабул бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу жавобларидаги:
«Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмас», деган жумлага алоҳида эътибор берайлик. Бу жумладан жуда оз миқдордаги ҳаром нарса инсонга боғлиқ бўлиб турса ҳам, унинг дуоси қабул бўлмаслигини англаб етамиз.
Бир луқма таом оз миқдордаги нарса бўлиб, у инсоннинг бир марта овқатланиши давомида ҳам деярли ҳеч нарсани ташкил қилмайди. Лекин сиз билан бизнинг назаримизда арзимаган бўлиб кўринган ўша бир луқма уни еган одамнинг дуосини қирқ кунгача қабул бўлмайдиган этиб қўяр экан.
Эҳтимол, тановул қилинган ҳар бир таомнинг юқи, маълум бир миқдори инсон жисмида қирқ кунгача турса керак.
07:13 / 24.03.2016
3396
Аввалги мақола
Муносиб посбон
Мақолалар
9173
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар