Жаноб Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толиб ва рафиқаи муҳтарамалари ҳазрат Хадижа розияллоҳу анҳо иккилари вафот қилғонларидин кейин яна даъват-у таблиғ ишлариға зиёда масруф бўла бошладилар, ҳатто шул йўлда Маккадин хорижға чиқуб, Макка била Тоиф ўрталариндаги тамом қишлоқлар ва қабилалар ичларида ваъзу насиҳатлар қилдилар. Арабларни ширкдин қайтмак ва тавҳид ақидасиға ўтмакға тарғибларда бўлдилар.
Охир юра-юра Тоиф шаҳрига етдилар. Жаноб Зайд ибн Ҳориса бу сафарда Жанобға йўлдош эрдилар. Тоифға етганларида ул шаҳарнинг сардорлари бўлғон Абдуёлайл, Масъуд ва Ҳубайб номлик уч ака-укалар уйлариға боруб, аларни Ислом диниға дохил бўлушға даъват қилдилар.
Аларнинг бирлари деди: «Эй Муҳаммад, Худо агар сени пайғамбар қилуб юборган бўлса, мен Каъба қошида соқолимни тарошлаб ташларман».
Иккинчиси деди: «Худоға сендин бошқа одам топилмабдурмики, сени пайғамбар қилуб юборубдурки, Тоифға пиёда келубдурсан. Пайғамбар юбормак зарур бўлса, маккадин ё Тоифдин бирор давлатманд, буюк одамни юборса бўлур эрди».
Учунчилари дедики: «Мен сен била ҳаргиз сўзлашмасман, чунки сен фил-ҳақиқа (ҳақиқатда) рост пайғамбар бўлсанг, сенга мухолафат қилмак оғир бир масъулиятлик ишдур ва агар ёлғончи бўлсанг, сен била сўзлашмак менингдек улуғ бир одамға муносиб эмасдур».
Аларнинг бу хил сўзларин эшитгач, Жаноб Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам маъюс бўлуб дедиларки: «Эмди сизлардин умидим шулки, бу менга деган сўзларингизни ҳеч кимға сўзламанглар, токи бу хил сўзлар сабаб бўлуб, бир қанча Исломға дохил бўлмакчи бўлғонлар кофирлик ҳолларида қолмасунлар». Шундоғ деб алар қошларидин чиқуб, ҳар бир ерда ваъз ва иршод қила бошладилар. Юқоридагилар бир мунча шаҳар болаларин ва ғуломларин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға мусаллат қилуб кишкишлаб қўйдилар. Алар келуб Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васалламға тошлар отуб кўп паришон қилдилар. Бутун муборак вужудлари қонларға бўялди. Қонлар баданларидин оқа-оқа кафшлари тамом қонға тўлдики, таҳоратда муборак оёғларин кафшдин чиқармак мушкул бўлди. Яна бир дафъа Тоиф кофирлари, ҳароми болалар Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға шул қадар дашномлар ва ҳақоратлар бердиларки, ночорликдин бир қўрғон ичиға ўзларин олдилар ва бир гўшада Худоға йиғлаб ўлтурдилар. Ўлтурган жойлари Рабиъа авлоди Уқба ва Шайбанинг жойи эрди. Алар узоқдин Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳолатларин кўруб, диллари бузулди, раҳмлари келуб, Аддос ном ғуломларин қўлидин бир табақ узум беруб юбордилар. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғулом қўлидин узумни олуб: «Бисмиллаҳ» ўқуғон ҳолда тановул қила бошладилар. Бу ҳолатни кўруб Аддос ҳайратда қолуб, Жанобға тикилган ҳолда туруб қолди, чунки бу мамлакат халқи бу калимани истеъмол қилмас эрдилар. Анинг таажжубланғонин кўруб, Ҳазрат савол қилдилар: «Эй ғулом, сен қайси мамлакатдандурсан?» Аддос жавоб беруб дедики: «Мен ийсавийдурман, ватаним Найнаводур». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ундоғ бўлса, сен Ҳазрат Юнус мамлакатларидиндурсанми?» Аддос деди: «Сиз Ҳазрат Юнусни нечук танирсиз?» Ҳазрат дедилар: «Ул жаноб менинг биродарим бўлурлар, ул Зот ҳам набийдурлар, мен ҳам набийдурман». Бу сўзни Аддос эшитган замон Онҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошу кўзларин ўпа бошлади. Бу ҳолни узоқдин кўруб турган Уқба ва Шайба ўз ўрталарида ғулом кетди, деб қўйдилар. Вақтики, ғулом хожаларин қошлариға келуб эрди, алар анга дедилар: «Эй бенасиб инсон, на учун ул одамнинг қўл ва оёғин ўпдунг?» Аддос деди: «Бу биз турган асрда бу одамдин улуғ ва яхши одам ер юзида йўқдур, чунки бу одам менга шундоғ сўзларни қилдики, набийдин бошқалар мундоғ сўзларни қила олмаслар». Алар Аддосға танбеҳ бердиларки, мабодо мусулмон бўлуб қолмасун.
бир кун Жаноб Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифда халқға ваъз ва насиҳат қилиб туруб эрдилар, бир мунча беадаблар шул қадар бераҳмона урдиларки, Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бардошт қила олмай беҳуш бўлуб йиқилдилар. Жаноб Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу орқалариға кўтаруб олуб шаҳардин ташқари чиқиб бир ерға ётқузуб муборак юзлариға сув сочганларидин кейин ҳушлариға келдилар. Бу сафарларида тоифликлардин Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп озорлар ва кулфатлар чекдилар.
Муборак диллари Аллоҳ таоло муҳаббати ила тўлган ва Яккаю ягонани ўзиғагина эътимод этган ҳолда эрдилар. Мана шул мақомда ва шул ҳолатда Аллоҳ таолога йиғлаб қилган муножот ва дуолари будур:
"اللَّهُمَّ إِلَيْكَ أَشْكُو ضَعْفَ قُوَّتِى، وَقِلَّةَ حِيلَتِى، وهَوَانى عَلَى النَّاس، يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ، أَنْتَ رَبُّ المُسْتَضْعَفِينَ، وأَنْتَ رَبَّى، إلَى مَنْ تَكِلَنِى، إِلَى بَعِيدٍ يَتَجَهَّمُنِى ؟ أوْ إلى عَدوٍّ مَلَّكْتَهُ أَمْرِى، إنْ لَمْ يَكُنْ بِكَ غَضَبٌ عَلَىَّ فَلاَ أُبَالِى، غَيْرَ أَنَّ عَافِيتَكَ هِى أَوْسَعُ لى، أَعُوذُ بِنُورِ وَجْهِكَ الَّذِى أَشْرَقَتْ لَهُ الظُّلُمَاتُ، وَصَلُحَ عَلَيْهِ أَمْرُ الدُّنيا وَالآخِرَةِ، أَنْ يَحِلَّ عَلَىَّ غَضَبُكَ، أوْ أَنْ يَنْزِلَ بى سَخَطُك، لك العُتبى حَتَّى تَرْضَى، وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلا بِكَ".
Таржима: «Эй Аллоҳ, ўзунгга фарёд қилурман қувватимнинг заифлигидин, тадбиримнинг озлигидин ва одамларға хор бўлғонлигимдин. Эй ҳаммадин зиёда Меҳрибон Зот, Сендурсан нотавонлар Меҳрибони ва Сендурсан менинг Роббим! Мени кимға топшурурсан? Менга юзин тириштуродурган бегонағами ёки ул душманғамики, ани менинг ишимға молик қилубдурсан. Агар Сен менга ғазабнок бўлмасанг, мен ҳеч парво қилмасман. Лекин Сенинг офиятинг менинг учун ниҳоятда кенгдур. Мен паноҳ олурман Сенинг карамлик юзунгғаки, андин ёрубдур тамом зулматлар ва дуруст бўлубдур анинг ила дунёю охират ишлари. Шундинки, нозил бўлсун менга Сенинг ғазабинг ва шундинки пайдо бўлсун менга Сенинг хафалигинг. Ҳаққингдур итоб қилмак, то рози бўлгунунгча ва йўқдур гуноҳдин қайтмак ва тоатга юзланмак тоқати, магар Сенинг мададинг ила».
Кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдин Маккаға қайтуб келдилар. Маккада туруб, ҳар тарафдин келган одамларға турган ерлариға боруб, ваъз ва даъват қилуб турдилар. Баъзан Маккадин хорижға чиқуб, қабилаларға боруб, аларни Аллоҳ таолонинг тавҳидиға даъват этуб турдилар. Алардин баъзи саодатманд бандалар мусулмон бўлуб ҳам турдилар ва баъзилари Жанобға ҳеч ким қилмағон беадабликларни ҳам қилуб турдилар.
Шул кунларда Мадина тарафидин Хазраж қавмин вакиллари Маккаға Қурайш қавми ила муоҳада тузмак учун келган эрдилар. Ҳазрат Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам алар қошлариға таблиғ учун боруб дедиларки: «Эй муҳтарам меҳмонлар, менинг қошимда шундоғ бир давлат бордурки, ҳаммаларингиз учун ниҳоятда хайрлик бир нарсадур, агар рағбатларингиз бўлса баён қилай». Алар дедилар:«Ул нима нарсадурки, бу қадар таъриф этурсиз?» Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Мен Аллоҳ таолонинг юборган Пайғамбаридурман. Анинг бандаларин Ўзиға танҳо ибодат қилмакға ва ширкдин тавба қилмакға чақирурман. Аллоҳ таоло менга китоб нозил қилғондур. Менинг йўлумнинг номи Исломдур. Келинглар, сизлар шул динға кириб, икки дунё саодатин ҳосил қилинглар», деб Қуръони каримдин бир неча оят тиловат қилуб бердилар ва Ислом динин усулларин баён этдилар. Алар ичларида Иёз ибн Муоз ном бир навжувон йигит бор эрди. Ҳазрат Расули мақбул соллаллоҳу алайҳи васаллам таблиғларидин ғоятда асарлануб жамоасиға деди: «Эй менинг қавмим, Мен Худо номиға қасамёд этуб дерман, бу баён қилинғон нарса сизларнинг келишларингизға сабаб бўлғон нарсадин неча даража яхшидур». Иёснинг бу сўзин жамоа сардори Анас ибн Рофеъ эшитуб, қўлиға бир каф туфроғ олуб, Иёснинг оғзиға уруб: «Хомуш бўл!» деди. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрунларидин туруб чиқуб кетдилар. Кейин Иёз Мадинаға қайтуб кетуб, неча кундин кейин вафот қилди. Ўлар вақтида тили Худонинг зикриға тасбиҳ, таҳмид, таҳлил ва такбирға машғул турди, иймон уруғи сочилган экан, алҳамдулиллаҳ, ўлар вақтида оғзидин гул ва мева бўлуб кўрулди.
Ўшал кунларда Арабистоннинг биринчи дуохони бўлган яманлик Зимод Аздий ном бир киши Маккаи мукаррамаға келган эрди. Анга душманлар Муҳаммад алайҳиссаломға жинлар асар қилубдур, дебдурлар. Бу сўзни эшитуб Зимод Ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қошлариға келуб: «Ё Муҳаммад, кел, мен сенга дам солиб қўяй», деди. Жаноб дедилар: «Тўхта, сен аввал менга қулоғ солки, андин яхши нарсани ўқуб эшитдурурман». Кейин бу калималарни ўқудилар:
الحمد لله نحمده ونستعينه، من يهده الله فلا مضل له، ومن يضلله فلا هادي له، وأشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، وأشهد أن محمدا عبده ورسوله، أما بعد .
«Ҳамма сано Аллоҳ таоло учундур. Бизлар Анга ҳамд айтурмиз, Андин ёрдам талаб этурмиз. Кимни Худо йўлға солубдур, анинг учун оздургувчи йўқдур ва кимни Худо оздурубдур, анинг учун йўл кўрсатгувчи йўқдур. Мен шаҳодат берурманки, Аллоҳ таолодин бошқа ҳақ маъбуд йўқдур, ул Ўзи ёлғуздур, шериги йўқдур. Ва шаҳодат берурманки, Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Анинг маҳбуб бандаси ва Пайғамбаридурлар».
Шунчалик бир неча калима эшитган Зимод арз қилдики, Жаноб калималарни қайтаруб ўқусунлар. Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу калималарни икки-уч бор ўқуб бердилар. Бечора Зимод дедики:«Мен кўп коҳинлар, соҳирлар, шоирлар сўзларин эшитдим, лекин бу қадар лазиз жумлаларни ҳеч кимдин эшитмадим. Бу калималар дарёи бепоён каби маълум бўлур. Эй Ҳабиб, Худо учун муборак қўлларин менга узатсунларки, мен ночиз мусулмон бўлай», деб мусулмон бўлди.