22 жумадул аввал 1446
ЗАМЗАМ ТАРИХИ, ФАЗИЛАТЛАРИ ВА УНИ ИЧИШ ОДОБЛАРИ
Замзам нима маънони англатади? Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: عن عبدالله بن عباس رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: خير ماء على وجه الأرض ماء زمزم ، فيه طَعام الطُعْم ، وشِفَاء من السقم. رَوَاهُ الطبراني Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. Унда очга таом, касалга шифо бордир», - дедилар» (Табароний ривояти). Замзам сўзига луғавий жиҳатдан тўрт хил маъно берилган: 1. Кўп. Яъни ушбу қудуқнинг суви кўп бўлгани учун «замзам» (кўп) деб номланган; 2. Тўпланган. Яъни Ҳожар онамиз ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда сувга қараб: — Эй муборак сув «зам, зам» (тўплан), – деган. Сув ёйилиб кетмасдан тўпланиб қолган. Шундан ўша «тўхта-тўхта» маъносидаги «замзам» сўзи унга ном бўлиб қолган; 3. Тўсилган. Яъни ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда Ҳожар онамиз тупроқ билан унинг атрофини тўсиб чиққан. Шундан ўша «тўсилган» маъносидаги «замзам» сўзи унга ном бўлиб қолган; 4. Замзам. Яъни замзам номи бошқа бирор маънодан олиниб унга ном бўлиб қолган эмас. Истилоҳда эса замзам деганда Масжидул ҳаромдаги машҳур қудуқдан олинадиган сув тушунилади. Каъба ва замзам қудуғи орасидаги масофа 21 метрдир. Замзам қачон пайдо бўлган? Ҳожар онамиз ёш гўдаги Исмоил (алайҳиссалом) билан чўлу биёбонда сувсиз ва озуқасиз қолган вақтда Сафо тепалигига чиқиб ўғли Исмоилга Аллоҳ таолодан сув етказишни сўраб дуо қилади. Сўнгра ундан тушиб Марва тепалигига йўл олади ва унинг устига чиқиб дуо қилади. Етти марта иккаласи орасида шундай ҳаракат қилади. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)ни юборади ва у замзам қудуғи ўрнини ишқайди ва ўша жойдан сув отилиб чиқади, яъни замзам қудуғи пайдо бўлади. Замзам қудуғи халифа Муътасимнинг давригача усти очиқ бўлган. Кейинроқ усти ёпилган. Аббосийлар халифалиги даврида Замазам суви қудуқдан тортиб олиниб усти очиқ ҳовузларга қуйиладиган бўлган. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар ўрнатилган ва замзам одамларга мешкобларда тарқатилган. Ҳижрий 1377 йилда тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам қудуғи устига қурилган бино пастга олинган ва унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилган. Ҳижрий 1399 йилда Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр олтмиш сантиметр бўлган. Ҳижрий 1383 йилдан бошлаб замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилган. Ҳозирда Марва тепалигининг остида замзамни тўплайдиган ва уни совутадиган марказ ташкил қилинган. Совутиш учун замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Замзам сувидан миллионлаб ҳожилар ва умрачилар олиб кетишади ҳамда доимий равишда Мадинаи мунаввара ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига тўхтовсиз равишда ташиб турилади. Уламолар кичкина бир қудуқдан шунчалик кўп сув чиқиб туришининг ўзи ҳам катта мўъжизадир – дейдилар. Замзамнинг қандай фазилатлари бор? Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. Унда очга таом, касалга шифо бордир», - деганлар. Яъни эзгу ният билан ичилган замзам очликдан тўсганидек, турли касалликларга ҳам шифо бўлади. Аллоҳ таоло замзам сувини Исмоил (алайҳиссалом)га ва у зотнинг оналарига таом ва ичимлик қилиб берган. Шунга кўра бу сувда ана шу хусусият бор. Бунга Абу Зар Ғифорий (розияллоҳу анҳу)нинг Маккада бир ой бирор озуқасиз фақат замзам ичиб яшаганлари далил сифатида ривоят қилинган. Динаврий Ҳумайдийдан ривоят қилади: «Биз Суфён ибн Уяйнанинг ҳузурида эдик. У бизга:«Замзам нима мақсадда ичилса, ўша учун бўлади» ҳадисини айтиб берди. Шунда бир киши мажлисдан туриб кетди-да, бироздан сўнг қайтиб келиб: «Эй Абу Муҳаммад, бизга замзам ҳақида айтган ҳадисингиз саҳиҳми?» – деди. У зот: «Ҳа», деди. Ҳалиги киши: «Мен ҳозир сиз менга юзта ҳадис айтиб беришингизни ният қилиб бир челак замзам ичиб келдим», – деди. Суфён: «Ўтир», деди ва унга юзта ҳадис айтиб берди. Шунинг учун ҳар бир мухлис киши замзам ичишда эзгу ниятларини айтиб дуо қилишга ҳаракат қилади. Уламолар замзамнинг кўплаб хусусиятларини баён қилганлар: - Замзам қудуғи суви ҳеч қачон қуриб қолмаган; - Замзам суви таркиби ҳеч қачон ўзгармаган; - Замзам суви таъми йиллар давомида ўзгармай туради; - Замзам суви уни ичган кишини тетиклаштиради; - Замзамни жунублик, ҳайз ва нифосдан покланиш учун ғусл қилишда ишлатиш ёки истинжо қилишда ишлатиш одобсизликдир; - Замзам дуо ижобат бўлишига сабаб бўладиган сувдир; - Тўйиб-тўйиб ичиш суннат ҳисобланадиган сувдир; - Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Кафанликни замзам билан ювиш фазилатли ишми? Ҳозирги кунда ҳаж ё умрага борган баъзи кишилар кафанлик мато олиб уни замзам билан ювиб келаётганлари ва уни «келажаги» учун асраб қўяётганлари ёки борувчилардан ушбу ишни бажариб келишларини илтимос қилаётганлари ҳам сир эмас. Шу ўринда табиий равишда бу ишга шариат ҳукми нима? деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: 1. Қуръонда, суннатда кафанни замзам билан ювиш лозимлигига ёки фазилатли иш эканига далолат қиладиган далил келмаган. 2. Саҳобалар, тобеинлар ва улуғ олимлар бу ишни қилгани ҳақида хабар йўқ. Манфаат бўлганида, албатта, улар буни қилган бўлишар эди. 3. Ҳадиси шарифда «Замзам очга таом, касалга шифодир», дейилган. Демак, динимизда замзамни ичишга тарғиб қилинган, у билан кафанликни ювиб қўйишга эмас. Эътибор бериладиган бўлса ,Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичганлар, аммо уни бирор нарсани ювишга ишлатмаганлар. Шунга кўра кафанлигини замзам билан ювган киши бидъат ишни қилган бўлади. 4. Бу ишни қилган кимса оддий халқ ўртасида «Қабрдаги сўроқ-савол осон бўлишига замзам билан ювилган кафаннинг фойдаси бор» деган нотўғри тушунча пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун бу ишдан сақланиш лозим. 5. Баъзи уламолар тўғри эътиқоддаги киши табаррук ниятида кафанлигини замзам билан ювиб қўйишининг зарари йўқдир, деганлар. Яъни биров шариат ҳукмларини яхши тушунса ва бошқаларда нотўғри тушунча пайдо бўлишига сабабчи бўлиб қолиш хавфи ҳам бўлмаса, кафанлигини табаррукан замзам билан ювиб қўядими ёки унга сепиб қўядими, бирор зарари йўқдир, деганлар. Замзамни сотиш мумкинми? Аслида дарёда ё қудуқда турган сувларни сотиб бўлмайди. Аммо биров улардан идишга олиб ўзининг мулкига айлантирган бўлса, ўша идишдагини сотиш жоиз бўлади. Шунга кўра замзамни ҳам қудуғида турган вақтда сотиб бўлмайди. Аммо ундан бирор идишга олиб ўзининг мулкига айлантирган киши уни сотиши жоиз бўлади. Шунинг учун замзамни турли шаҳарларга олиб бориб сотиш мумкин ҳисобланади. Замзамга сув қўшилса, сувнинг барчаси замзамга айланадими? Замзамга оддий сув қўшилса, мазкур аралашма замзам ҳукмида бўлиши ё бўлмаслиги ҳақида уламолар шундай деганлар: 1. Замзам ер юзидаги энг муборак покиза сув бўлгани учун уни бошқа оддий сувларга аралаштирмасдан ичиш мутлақо афзалдир. 2. Замзам ичишга бўлган тарғиб умумийдир. Шунга кўра уни бошқа оддий сув, чой ва сут каби нарсаларга аралаштириб ичиш ҳам мутлақо жоиздир. Замзам ичишда қандай одоблар бор? Ҳаж ва умра қилувчилар замзам ичишлари мустаҳаб ҳисобланади. Замзам ичишда тўйиб-тўйиб ичиш суннат бўлади. Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакрдан ривоят қилинади:«Ибн Аббоснинг ёнида эдим. Бир киши кириб келди. Ибн Аббос ундан: «Қаердан келаяпсан?» деб сўради. У: «Замзамдан» деб жавоб берди. Шунда у зот: «Одобларига риоя қилиб ичдингми?»  деб сўради. У: «Унга қандай риоя қилинади?»  деди. У зот: «Замзам ичмоқчи бўлсанг,  Каъбага юзланасан, Аллоҳни зикр қиласан, учга бўлиб ичасан, тўйгунингча ичасан, ичиб бўлгач,  Аллоҳга ҳамд айтасан», – деди. Каъбанинг ёнида замзам ичаётган киши қуйидагиларга риоя қилади: - Ҳар бир бўлиб ичиш орасида Каъбага қарайди; - Замзамдан бошига, юзига ва кўксига қуяди; - Ичиш чоғида имкон қадар кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилади; - Ичиш олдидан қуйидаги дуони ўқийди: «Эй Аллоҳим, менга элчинг бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг: «Замзам нима мақсадда ичилса, ўша учун бўлади», деганлари хабари етди, мен уни «фалон нарса учун ичаман» (шу ўринда дунё ва охиратга тааллуқли нима мақсади бўлса ўшаларни айтади). Эй Аллоҳим, фазлинг билан мақсадларимга муваффақ қилгин. - Шунингдек, ичиш олдидан Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) замзам ичиш олдидан ўқиган қуйидаги дуони ҳам ўқийди: «Эй Аллоҳим, Сендан манфаатли илм, кенг ризқ ва барча касалликлардан шифо сўрайман». Замзам ичишда бошқаларни ҳам дуо қилиш мумкинми? Уламолар замзам ичишда бошқаларнинг ҳаққига дуо қилиб ичиш ҳам мумкин деганлар. Масалан фарзанди ё дўстининг ҳожати раво бўлишини дуо қилиб ичса ҳам, жоиз бўлади. Замзам тик туриб ичиладими ёки ўтириб? Замзамни тик туриб ё ўтириб ичиш афзаллиги ҳақида атрофлича баҳс-мунозаралар қилинган. Уларни умумий уч турга ажратиш мумкин: Замзам тик турган ҳолда ичилади. Бу қарашни айтган уламолар қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар: «Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га бир челакда замзам олиб келдим, у Зот тик турган ҳолда ичдилар». «Саҳиҳ Бухорий»да қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Али (розияллоҳу анҳу) тик турган ҳолда ичиб: баъзи инсонлар тик турган ҳолда ичишни ёқтиришмайди, ваҳоланки, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни менинг ҳозир қилганимни кўрганларингдек қилганларини кўрганман», – деди. Ушбу қарашни айтган уламоларнинг гаплари тик туриб ичиш замзам ва таҳоратдан ортиб қолган сувга хос эканига далолат қилади. Яъни замзам ва таҳоратдан ортиб қолган сувни ичишда уларнинг баракасини тана аъзоларига тўлиқ етказиш мақсадида тўйиб ичишга ҳаракат қилинади. Тик туриб ичиш эса мазкур мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо бошқа сувлар ўтириб ичилади. Шунинг учун Замзамни тик туриб ичса ҳам, ўтириб ичса ҳам бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизга Каъба ёнида энг эзгу тилаклар билан тўйиб-тўйиб замзам ичиш бахтига такрор-такрор муваффақ қилсин. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у Зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Абдулқодир Пардаев, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.
08:10 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...