21 жумадул аввал 1446
РАСУЛУЛЛОҲ ҲАЁТЛАРИДА СОДДАЛИКНИ ЖО ҚИЛГАН ЮКСАКЛИК.
Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига, хоҳ у рисолат дамларидан олдин ёки кейин бўлсин, чуқур, теран назар ташласак, шубҳасиз, у Зот алайҳиссалом молу давлат ортириш илинжида юрган ёки бирор мансаб, обрў кўзлаб пайғамбарликни даъво этган сохта Пайғамбар эмас, балки зиммасидаги масъулиятини адо қилиш йўлида дунё бойликлари ва мансабларидан юз ўгирган барҳақ Пайғамбар эканликларига гувоҳ бўламиз. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам нубавватдан олдин моддий қийинчиликка асло дуч келмаганлар. Чунки у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кирими яхши савдогарлардан эдилар. Бироқ нубувват соҳиби бўлганларидан сўнг моддий ҳаётлари оғир бир ҳолатга келиб қолди. Бунинг тасдиғини У Зот алайҳиссаломнинг ҳаётлари ёритилган ривоятлардан топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Оиша розияллоҳу анҳо: «Эй жияним, икки ой ўтибди ҳамки, Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари (таом тайёрлаш учун) ўчоққа ўт қаламадик», дедилар. Шунда жиянлари: «Нима еб кун кечирардингизлар?» деб сўради. Оиша онамиз: «Икки қора нарса (хурмо ва сув) билан», дедилар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ансор розияллоҳу анҳумлардан бир неча қўшнилари бўлар эди. Улар оламларга раҳмат бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг уйларига туя сутидан улашиб турар эдилар. Яна бир ҳақиқат Оиша онамиздан ривоят қлинади: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилалари у Зот Аллоҳнинг ҳузурига риҳлат этгунларича уч кун (кетма-кет) туйиб оқ буғдой нони емаган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам очиққаннамо бир неча кунларни ўтқазар, оила аъзолари эса кечки овқатга ҳеч вақо топа олмас эди. У Зотнинг одатий нонлари арпа унидан эди. Пайғамбаримизнинг ётоқлари қандайлиги ҳақидаги Оиша онамизнинг бу гаплари ақли расо одамни бир сескантирмай қўймайди: Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳнинг ётоқ тўшаклари хурмо пўстлоғи солинган тери эди». (Имом Бухорий ривояти) Саҳоба розияллоҳу анҳумлардан бири Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида минишга оқ ҳачирдан бўлак бирор улов қолдирмаган эдилар. Қурол аслаҳаларидан эса қилич, совут ва темир дубулғаларигина қолган эди. Буларга қўшимча садақа қилиб қолдирган бир оз ерлари ҳам бор эди».(Имом Бухорий). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зоҳид бўлиб ҳаёт кечирдилар. Ҳолбуки, барча мусулмонлар у Зот учун бор-будини беришга тайёр эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мана шундай камтарона ва зоҳидона ҳаётда кўриб, «Бу одам мансаб, бойлик ва обрў истаб нубувват даъво қилган», деб бўладими? Салтанат ва ҳукмронлик даъвоси олди таомларни истеъмол қилиш ва энг олди либослар кийиб, данғиллама қасрларда яшашга интилаётган одамда намоён бўлади. Тасаввур қилиб кўрайликчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васалламнинг ҳикмат-ла йўғирилган ҳаётлари шундай бўлганмиди? Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида қуйида у Зот алайҳиссаломнинг ҳаётларидан бир неча парчаларни келтирамиз: Аллоҳнинг элчиси, муаллим, давлат раҳбари ва қозиси (суд раиси) бўлишларига қарамай, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари ила эчки соғишни ўзларига одатий бир ишдек кўрар эдилар. Кийим-бошларини ўзлари қараб юрар, ҳатто оёқ кийимларини ҳам ўзлари таъмирлардилар. Яна ҳам эътиборлиси: уй ишларга ҳам бефарқ эмасдилар, оилаларига кўмаклашар эдилар. Ночор, касалларни зиёрат қилардилар. Тарих гувоҳ бўлган «Хандоқ ғазотида» асҳоблари ила тош ташиган эдилар. Беихтиёр у Зотнинг ҳаётларини инсониятга тавозеъ, камтарлик борасида Аллоҳ таоло тамонидан юборилган гўзал намуна дейсан киши! Асҳоблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ муҳаббат қўйганлари боис у Зот алайҳиссаломни жуда эҳтиром қилар эдилар. Бу эҳтиромнинг чегараси йўқ эди. Шундай бўлишига қарамай Набийюллоҳ: «Ибодат фақат Аллоҳ таолонинг ўзига бажо келтирилади, унга бирор шахс тенглаштирилмас», дея таъкидлар эдилар. Расулуллоҳнинг асҳобларидан бўлмиш Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:«(Бизга) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламданда суюкли киши йўқ эди. Шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб керганларида, бошқа мансабдор киши келганида одамлар ўринларидан турганидек, (асҳобларининг) туришликларига рухсат бермас эдилар». Пайғамбарликнинг илк онларида (Макка мушрикларнинг қармоғидалиги боис) бирор даъват ижобат этилишидан умид қилиб бўлмасди. Айни ўша дамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоблари ҳар турлик азоб, уқубатларни бошдан ўтказган эдилар. Ҳабибимиз эса Қурайш катталаридан залолатга чорловчи бир таклифга йўлиқдилар. Вoқеа қуйдагича эди: Қурайш ўз раҳнамолари Утбани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламнинг ҳузурларига бундай таклифлар билан юборишди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васалламга қарата: «Агар сенга мол-дунё керак бўлса, орамизда энг катта бойга айланишга етарли молни тўплаб берайлик. Агар бошлиқ бўлишни истасанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб оламиз ва сен рози бўлмаган бирор ишда қарор ҳам чиқармаймиз. Агар сенга подшолик керак бўлса, сени ўзимизнинг подшоҳимиз деб эълон қиламиз», – дея бор гапни айтди. Бу таклифнинг амалга ошиши Муҳаммад алайҳссаломнинг бир оғиз розиман, деган сўзларига боғлиқ эди, холос, лекин бу инсонларни «Ислом» динига даъват этишдан, шериксиз, ягона илоҳ – Аллоҳга ибодат қилишдан тўсишлик баробарида эди. Бу – дунё фойдасини кўзлаган киши учун йўлдан оздирадиган таклиф эмасми? Биласизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша таклиф билдирилган пайтда сал бўлса-да иккиландиларми? Йўқ ҳеч иккиланишсиз, жазм-ла Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини жавоб қилиб тиловат қилдилар: «Меҳрибон ва Раҳимли Аллоҳ номи ила «1. Ҳа-а. Мийм. 2. (Бу) Роҳман ва Раҳим томонидан нозил қилинган. 3. Биладиган қавмлар учун оятлари муфассал баён қилинган китобдир. 4. Хушхабар бергувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган ҳолидадир. Бас, кўплари ундан юз ўгирдилар. Энди улар эшитмаслар». Сураи каримани 38-оятигача ўқидилар. Бошқа бир сафар, ёшлик чоғида ота-онаси ўрнида боқиб катта қилган амакилари, Абу Толиб Пайғамбаримизни Исломга даъват этишдан тўхташларини сўраганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Эй амаки, Аллоҳга қасамки, агар (Қурайш) ўнг елкамга қуёшни, чап елкамга ойни қўйиб, бу ишдан қайтармоқчи бўлса, Аллоҳнинг ўзи бу динни изҳор этмагунча, тарк этмайман», дедилар. Расулуллоҳ ва саҳобаларнинг ўн уч йил мобайнида кечирган ҳаётлари фақат таъқиб ва тазйиқ билан кечкан эмасди? Кофирлар бир неча бор у Зот алайҳиссаломни ўлдиришга уриниб кўришди. Бадабхтлар бир сафар ҳеч кимнинг кўтаришга тоқати етмайдиган катта улкан тошни у Зот алайҳиссаломнинг муборак бошларига улоқтиришди. Бошқа сафар эса таомларини заҳарлаб ўлдиришга уриниб кўришди. Душманлар устидан ғалабага эришгунча, бундай қийинчиликлар ва захматли ҳаётда яшашга нима ундади экан? Нусрат қозониб, устунликни қўлга киритиб, албатта, нажот Аллоҳнинг ўзидангина берилиши ва бу ўринда шахсий бирор истеъдод йўқ эканини таъкидлаб, кўрсатган тавозеълик ва олийжанобликларини қайси сўз, қандай гап билан ифодалаб бериш мумкин? Энди айтинг-чи? Агар у Зот худбин, мол ва обрўга ружу қўйган шахс бўлганларида, мана шу олийжаноб сифатлар худбин ва дунёпарасат одамга мос келадими? (Йўқ, албатта). Аллоҳ барчаларимизни ҳидоятда бардавом айласин. Андижон Саййид Муҳйиддин махдум  номидаги ўрта махсус Ислом билим юрти 4-босқич талабаси Қурбонов Салоҳиддин.
02:51 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...