Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Ибн Исҳоқ: Маъадднинг насабини ўрганган олимларнинг айтишларича, Қунус ибн Маъадднинг қолган авлоди, яьни қабиласи ҳалок бўлиб кетган ва Ҳийра шоҳи Нўъмон ибн ал-Мунзир ҳам улардан бўлган.
Ибн Исҳоқ: Менга Муҳаммад ибн Муслим ибн Абдуллоҳ ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий айтишига кўра, Нўъмон ибн ал-Мунзир Қунус ибн Маъадд болаларидан бўлган.
Ибн Ҳишом: Қунусни «Қанас» ҳам дейишади.
Ибн Исҳоқ: Менга Яъқуб ибн Утба ибн ал-Муғира ибн ал-Ахнас, Бану Зурайқ қабиласидаги ансорлардан бўлган бир шайхдан ривоят қилиб, деди: Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳуга Нўъмон ибн ал-Мунзирнинг қиличини олиб келишганида у Жубайр ибн Мутъим ибн Адий ибн Навфал ибн Абдуманоф ибн Қусайни чақиртирди. Жубайр Қурайш орасида насаб илмини яхши билувчи кишилардан бўлиб, у барча арабларнинг насабини яхши билар ва шундай дер эди: «Мен насаб илмини Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳудан ўрганганман». Абу Бакр розияллоҳу анҳу араблар орасида насаб илмининг энг билимдони эди. Умар розияллоҳу анҳу қилични унга бериб, ундан: «Эй Жубайр, Нўъмон ибн ал-Мунзир кимдан эди?» деб сўради. Жубайр: «Қунус ибн Маъадднинг бир аъзоси, яъни унинг авлодидан бўлган эди», деб жавоб берди.
Ибн Исхоқ: Бошқа араблар эса у (Нўъмон)ни Лахмдан бўлган деб ҳисоблайдилар. Лахм эса, Рабиъа ибн Насрнинг боласидир. Булардан қайси бири тўғрилигини Аллоҳнинг ўзи билувчироқдир.