4 жумадис сони 1446
РАМАЗОН САБОҒИ

Рамазон – мусулмон киши учун ғафлатдан уйғониб, унинг  барокотидан баҳраманд бўладиган, икки дунё саодатига эришишига сабаб бўладиган буюк ойдир.

 Бу ой бошқалари каби эмаски, биз уни фаҳму идроксиз, бирор нарсани англамасдан ўтказиб юборсак!

Бу улуғ ойдаги ибрат, насиҳат ва фойдали малака ва кўникмаларнинг барчасини айни дамда зудлик ила ўзимизда мужассам этишимиз анча мушкул, албатта.

Бироқ  катта аҳамиятга эга дарс майдони ҳисобланмиш бу муборак ойдан юқорида айтилган эътиборга молик дарсларга атрофлича тўхталиб ўтамиз. Айниқса, якка шахснинг ҳам, бутун бир жамоанинг ҳам ҳаётида катта бир таъсирга эга бўлган сабоқларларига.

Албатта, сизу биз мансуб бўлган бу уммат бугунги кунда, ўзининг бошланғич давридаги аслига қайтишга жуда муҳтождир. У шундай даврки, унда Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг асҳоблари ва умматларини гўзал тарбия этган эдилар ва у Зотдан кейин бу умматнинг салафи солиҳлари (аввалги уч ҳижрий асрда яшаган мусулмон зотлар) ана шу йўналишда ўзларининг ҳаёт сўқмоқларини очган эди.

Албатта, биз қуйида айтмоқчи бўлаётган тарбиявий сабоқларни тафаккур қилиб кўришимизга арзирли ва унда айтилганларга амал қилсак, «инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат» бўлишдек олий мартабани қўлга киритишимиз мумкин бўлган энг зарур ва энг керакли дарслардир.

Ана ўша ибратли, кишига ҳаётий сабоқ бўладиган нарсалардан бири:

Тақво тушунчасини англашдир.

Тақво – рамазон рўзасининг фарз этилишидан назарда тутилган энг асосий ва энг олий мақсаддир. Зеро Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:

: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ}

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз», - дея марҳмат қилади (Бақара сураси 183-оят).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан, «Тақво нима?» деб сўраганларида;

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: «Эй мўминлар амири, тиканли йўлда юрмаганмисиз?»– дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:«Ҳа, юрганман», деб жавоб қилдилар. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:«Қандай қилиб юргансиз?» дедилар.

Ума розияллоҳу анҳу:«Астойдил киришиб, анча тиришганман, яъни тиканларни босиб олмаслик учун роса эҳтиёткорлик билан юрганман»,  дедилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:«Ана ўша (эҳтиёткорлик, яъни доимо гуноҳ ишлардан тийилиш илинжида туриш ) тақводир», дедилар.

Демак, бутун мусулмонлар амири Умар ал-Форуқ – жаннат башорати берилган зот тақво нима эканин суриштирса, унинг таҳқиқига етишга интилаётган бўлсалар, бизга қандай хушхабар (яъни Жаннатга кирасиз деган билет) бор эдики, бу каби ҳақиқатларни ортда қолдириб, четга суриб юраверамиз! Арзимас, майда-чуйда масалалар билан овора бўлаверамиз. Энг долзарб, муҳим муаммоларни жумбоқлигича ташлаб қўяверамиз!

Шундоқ экан, вазиятнинг ўзи биздан уни англашимизни ва ўзимизни қўлга олиб, мана бундай ибратли дарслардан четда эканлигимизни ҳис этишимиз зарурлигини талаб этмоқда.

Савол: Аллоҳга тақво қилиш нима дегани?

Аллоҳга тақво қилиш, У Зот яхши кўрган ишларни қилиб, ғазабига сабаб бўладиган ишлардан ўзимизни тиймоқлигимиздир.

Али розияллоҳу анҳу тақво ҳақида сўралганларида:«Аллоҳдан қўрқиш, Қуръонга амал қилиш, (дунё неъматларининг) озига ҳам қаноат қилиш ва қиёмат кунига тайёргарлик кўришдир», деб жавоб қилдилар. Шу ўринда шоирнинг қуйидаги гаплари нечоғлик тўғри эканлигини ҳис этасан киши!

Ташла гуноҳнинг катта-кичигин,

айни тақво шу эрур, дўстим!

Кўрганингдан айлаб ҳазар,

Мисли тиканзорда кетмоқдасан.

Юргин аста, бўлиб эҳтиёт,

Кичик деб асло бўлма бепарво!

Ёдда тут, буюк тоғлар ҳам,

Ахир, яралмиш кичик тошлардан!

Али розияллоҳу анҳунинг тақвога берган таърифларининг бирортаси ҳақида фикр юритиб кўрсак! Масалан, озгина нарсага қаноат қилиш;

Ўзимизга савол берайлик, ози у ёқда турсин ,кўпига қаноат қила оламизми?

Қачон озгина нарсага ҳам қаноат қилиб, рамазон ойидан кўзланган олий мақсадлардан бирига эришамиз? (Майли,    жавобни ҳеч кимга сездирмасангиз ҳам, билсангиз бас…).

Аниқланишича, биргина хонадон рамазон ойида еб-ичишнинг ўзига, бошқа

ойлардагинга нисбатан тўрт баравар кўп ҳаражат қилар экан.

Яъни бир ойда тўрт ойлик озуқа истеъмол қилади. Бу рўза – тийилиш ойини сарф-харажат ва исроф этиш ойига айлантириш-ку! Қолаверса, нафс ва унинг истаклари ортидан чопиш эмасми?

Агар аҳвол шу бўлса, биз тарихнинг зархал варақларига бўкиб ҳалокатга учраган қавмлардан бири бўлиб битилиб қоламиз-ку!

Буни қўя турайлик, орамизда меъда сустлигидан ташвишланаётган, озишга жон-жаҳди билан тиришиб юрган инсонларни кўряпмиз. Ҳолбуки, яқин мусулмон ўлкаларда ёшу қари очликдан азият чекмоқдалар.

Ўйлаб кўрайлик-чи, биз Аллоҳ ирода этгандек рўза тутяпмизми? Ўша Аллоҳ таолонинг «Шоядки тақводор бўлсангиз» деган оятининг маъносидан назарда тутилган рўзани тутаётган мусулмонлар сафига кира оляпмизми?

Рўза фақат еб-ичиш, жинсий алоқадан тийилиш дегани эмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким лайлатул қадр кечасини иймон билан, савоб умидида бедорлик ила  ўтказса, унинг аввалги қилган гуноҳлари мағфират қилинади ва яна кимки, рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, аввалги қилган гуноҳлари мағфират қилинади», - дедилар.

Мавзумизни ёритишда давом этадиган бўлсак, тақво – Аллоҳ таолонинг ҳузурида хору зорликда, хокисорлик билан, дунёдан буткул ажраб, иймонни қалбга жо этиб, савоб умидида ҳаёт кечиришда намоён бўлар экан!

Шунингдек, рўзани  иймон ва савоб умидига қориштирилгандагина у  тақводорлар мартабасига олиб борадиган бир маслак-воситага айланар экан!

Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«(Рўзадор) ёлғон гап ва унга амал қилишни ташламас экан, унинг еб-ичишни тарк этишига Аллоҳнинг муҳтожлиги йўқдир»,- деганлар.

Юқорида айтиб ўтилганидек, рўза – еб-ичиш, жинсий  алоқа кабилардангина тийилиш эмас, балки бутун аъзойи-баданимизни ҳар турлик гуноҳ, маъсиятдан тиймоғимиз ҳамдир.

Қалбда иймон жўш уриб, савоб умиди қалқиб турмоғи рамазон рўзасидан кўзланган асосий мақсад, тақвога эришишнинг асосий нишоналридан биридир.

Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир. Сизлардан бирортангиз  рўза тутса, беадаб гапларни гапирмасин, овозини кўтармасин. Уни бирор ким сўкса ёки ҳақорат қилса, «Мен рўзадорман » десин»,– дея марҳамат қилганлар.Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Агар рўза тутсанг, қулоғингни, кўзингни, тилингни ёлғон ва гуноҳлардан тийгин. Қўшнингга азият берма! Рўза тутган кунинг сени виқор, сакинат-сокинлик қуршаб олсин. Рўза тутган кунингни тутмаган кунинг билан бир хил қилиб қўйма!» - деганлар.

Шу ўринда бир талай фаразий саволлар туғилади:

Кундузи билан ухлаб, бир қанча маҳал намозни (буткул ёки жамоат билан адо этишни) тарк қилаётган киши тақво малакасини қўлга кирита оладими?

Аллоҳ ҳаром этган ишлар илинжида кечани тонгга улаган одам ўзида таво малакаси мужассам деб ўйлаши мумкинми?

Ёки рамазонни исрофгарчилик мавсумига айлантирган киши тақвога эришдим, деб ўзини ишонтириб, овута оладими?

Рамазонда ибодатга берилиб, ой тугагач яна асл ҳолига қайтиб олган шахс, ўзини тақовонинг асл маъносини англаб етдим деб ҳисоблайдими?

Албатта, тақво дегани қуруқ даъво  эмас. У инсоннинг қалбига ўрнашгандан кейин, бутун вужудида зоҳир бўладиган ҳақиқатдир. Зеро тақволилар пешвоси бўлган Зот «(кўксиларига ишора қилиб) Тақво мана бу ерда, мана бу ердадир», деганлар. Зеро Аллоҳ таоло: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатингизни келтиринг, деб айт», дея марҳамат қилади.

Аллоҳ табарока ва таолодан биз билан гуноҳ ва маъсиятларнинг орасини тўсадиган қўрқинчни ва жаннатига элтажак амалларга муяссар айлашини сўраймиз. Алҳамду куллуҳу лиллаҳи таоло аввалан ва охиран.

Таржимон: Салоҳиддин Муҳаммад.

Муҳаррир: Баҳодир Баҳромжон ўғли.

13:48 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...