Туббаъ уруш бошламоқчи бўлиб турганида, тўсатдан унинг олдига бани Қурайза қабиласидан икки яҳудий донишманди кириб келишди (Қурайза, Надир, Ан-Нажжом ва Амр (у Ҳадалдир) ҳаммаси Хазраж болаларидир. Хазраж эса, Сариҳ ибн Тавъамон ибн ас-Сибт ибн ал-Ясаъ ибн Саъд ибн Ловий ибн Хайр ибн ан-Нажжом ибн Танхум ибн Озар ибн Изро ибн Ҳорун ибн Имрон ибн Ясҳар ибн Қоҳас ибн Ловий ибн Яъқуб ўғлидир. Яъқуб эса Исҳоқ ибн Иброҳим – Халил ар-Раҳмоннинг ўғли Исроилдир (уларнинг барчаларига Аллоҳнинг салавоти бўлсин)).
Икки яҳудий Туббаънинг Мадинага уруш қилмоқчи экани ва Мадина халқини ўлдирмоқчилигини эшитгач, унинг олдига келиб: «Эй Подшоҳ, асло бундай қила кўрманг. Чунки барибир бу ниятингизни амалга ошира олмайсиз. Агар ниятингиздан қайтмасангиз, сизга шошилинч азоб етади», дедилар. Шунда подшоҳ: «Нима учун бундай деяпсизлар?» деди. Улар эса: «Бу ер охирзамон Пайғамбарининг ҳижрат қилиб келадиган еридир. Бу Пайғамбар Ҳарам томонидан, Қурайш қабиласидан чиқади ҳамда бу ер охир-оқибат унинг ватани ва қароргоҳи бўлиб қолади», дейишди. Шундан сўнг Туббаъ ниятидан қайтди. У иккисининг олим кишилар эканларини билгач, айтган гаплари маъқул келди ва уларнинг динларига кирди. Бу борада Холид ибн Абдулуззо ибн Ғазийа ибн Амр (ибн Абд) ибн Авф ибн Ғунм ибн Молик ибн ан-Нажжор Амр ибн Талла билан фахрланиб, қуйидаги узун шеърни айтди:
Ўз ҳолига қайтдимикан ёки хотираларин унутдимикан,
Балки лаззатлардан иборат ўз истакларин амалга оширдимикан?
Ё эсладингми йигитлик чоғларин,
Ҳолбуки бу чоғларни эслашингдан не нафъ?
Албатта, ёшлик йиллари алангали урушларда кечган. Бу урушлар йигитларга ўз таъсирин ўтказиб кетган.
Ишонмасанг, Имрон ёхуд Асаддан сўра,
Улар Зуҳра юлдузи ботган вақтда қўққис уруш бошладилар.
Бир қўшинки, ундан Абу Кариб жой олган,
Бутун танаси темир совутлар ила зирҳланган.
Сўнгра: биз кимга қарши ҳаракат қиламиз, дедилар.
Бани Авфгами ёки Нажжорга?
Балки, Бани Нажжоргадир, чунки улар бизнинг одамларимизни ўлдириб бизни ранжитдилар.
Сўнг улар ўзаро қиличбозлик ила тўқнашдилар.
Бу уруш ёйилиб кетган сел каби узоқ масофага чўзилди.
Улар орасида Амр ибн Талла бўлиб, у умрининг охиригача ўз қавми билан бирга бўлди.
У шундай подшоҳ эдики, қолган шоҳлардан ўзиб кетди,
Ким унга ёмонликни қасд қилса, ўзи хор бўлар эди.
Юқоридаги ансорлар маҳалласи аҳлининг даъвосига кўра, Туббаъ улар билан бирга яшайдиган яҳудийлар маҳалласига ғазаб қилиб, уларни ўлдирмоқчи бўлган. Шундан сўнг мазкур икки донишманд уни бу ишдан қайтарган ва Туббаъ уларни ўлдириш ниятидан воз кечган. Шунинг учун Холид айтган юқоридаги шеърнинг тўлиқ шаклида қуйидаги мисралар келтириб ўтилган:
Ясрибга тушган икки яҳудийга ўлим бўлсин,
Бузғунчи куннинг азоби уларга тушсин.
Ибн Ҳишом: мазкур байт қўшилган шеър уйдирма бўлиб, шунинг учун ҳам уни биз бу ўринда келтириб ўтмадик.