Сўнгра Туббаъ Маккадан ўзининг аскарлари ва икки донишманд билан бирга Яман сари юзланди. Яманга кирган пайтида халқини ўзи кирган янги динга даъват этди. Халқ эса унга киришдан бош ториб, Ямандаги оловни ўзлари ва унинг ўртасида ҳакам қилишини сўрадилар.
Ибн Исҳоқ: Менга Абу Молик ибн Саълаба ибн Абу Молик ал-Қуразий деди: Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг шундай деганини эшитдим: Туббаъ Яманга киришга яқинлашган вақтда Ҳимяр қабиласи уни тўхтатиб: «Сен у ерга кирмайсан. Чунки сен бизнинг динимиздан юз ўгирибсан», дейишди. Шунда Туббаъ уларни ўз динига даъват этди ва: «Шубҳасиз, бу дин сизларникидан яшироқдир», деди. Шунда улар: «Ундай бўлса, ўртамизга оловни ҳакам қиламиз», дейишди. У эса: «Хўп», деб рози бўлди.
Яман халқининг айтишича, Яманда бир олов бўлиб, бирон нарсада келишмай қолсалар, уни ҳакам қилар эдилар. Ушбу олов золимни куйдирар, аммо мазлумга зарар бермас эди. Шундан сўнг Туббаънинг қавми ўз бутлари ва динларидаги муқаддас санаган нарсаларини олиб чиқдилар. Икки донишманд эса китобларини бўйинларига осиб, у ерга бордилар ва олов чиқадиган тешик олдига бориб ўтирдилар. Бир оздан кейин олов уларга қараб чиқиб келди. Оловнинг яқинлашиб келаётганини кўриб, ундан қоча бошладилар. Шунда атрофдаги одамлар уларни маломат қилиб, сабр қилишга чақирдилар. Улар олов атрофларини тўлиқ ўраб олгунига қадар сабр қилиб ўтирдилар. Шу пайт олов бутлар ва бошқа илоҳийлаштирилган нарсаларни ҳамда уларни кўтариб келган ҳимярлик одамларни баробар ҳалок қилди. Икки донишманд эса бўйниларидаги мусҳафлари билан бирга, пешоналари терлаган ҳолда чиқиб келдилар. Ўт уларга зарар қилмаган эди. Шу онда Ҳимяр аҳли Туббаънинг динига кирдилар ва шундан сўнг Яманда яҳудийлик бошланди.
Ибн Исҳоқ: Менга бир муҳаддис сўзлаб деди: икки донишманд ва улар билан бирга чиққан Ҳимяр кишилари ўтни қайтариш учун Туббаъга эргашдилар. Улар: «Ким уни (оловни) қайтара олса, ўша ҳақ йўлда бўлади», дейишди. Шунда ҳимярликлар оловни қайтариш учун ўз бутлари билан унга яқинлашдилар. Олов уларга яқин келганида, қочдилар ва уни даф қила олмадилар. Кейин эса икки донишманд яқин бордилар. Улар Тавротни ўқиб борар, олов эса улардан қочар эди. Донишмандлар шу тарзда оловни ҳайдаб, ўз жойига қайтардилар. Шундан сўнг Ҳимяр аҳли уларнинг динларига тўлиқ кирди. Аслида қандай бўлганини Аллоҳнинг ўзи билади.