Ҳозирги кунимизда Ислом дининг бутун дунёда кенг ёйилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Европа давлатлари ҳамда уларга қўшни бўлган Россия ва Украинада ҳам Ислом кенг ёйилмоқда. Шу йил Ислом динига кирганлар биринчи бор Исломнинг беш рукнларидан бири бўлган рўзани қаршиламоқдалар. Ҳозир сизларга Украинадаги Рамазон ҳақида гапириб бермоқчимиз. Бу йил Рамазон ойида Украинадаги масжидларга келадиганлар сони кўпайди. Бу эса ўз навбатида маҳаллий матбуотларда Рамазон ойи ҳақида бир неча бор хабар берилишига сабаб бўлди. Бу нарса Ислом дини у ерда тез суръатда ривожланаётганидан дарак беради. Исломни янги қабул қилган мусулмонлар ўз ҳаётларининг барча жабҳасида Исломни татбиқ қилмоқдалар. Хусусан, Рамазон ойида рўза тутишни ҳам. Рўза тутиш янги Исломга кирган кўпчилик украиналикларнинг фикрида энг қийин ишлардан ҳисобланади. Айниқса, ёзнинг узун ва иссиқ кунларида.
Бугун сизлар билан янги икки мусулмон оиласига меҳмонга борамиз ҳамда уларнинг нималарни ҳис қилаётганларини сўраймиз.
Юла Исломни янги қабул қилганлардан, ёши 32да. У бизларга биринчи бор тутаётган рўзасидаги қийинчиликларни айтиб бермоқда. У очлик ва чанқоқликка одатланмаганини, баъзан рўза тутуш давомида билмасдан ейиш ёки бирон нарса ичиб қўйиш каби хатоларни қилиб қўяётганини айтиб ўтди.
Лекин унинг айтишича, ҳурсанд бўладиган нарса, эсидан чиқиб еб қўйиши рўзасини бузмаслиги, балки Аллоҳ таолонинг Ўзи уни таомлантириб, суғорганини ҳис қилиши экан. Унинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзи таомлантириб, суғорганидан ортиқ лаззат йўқ эканини бизларга ҳам тили, ҳам қалби ва ҳам ҳолати билан айтиб берди.
Иккинчи Исломни янги қабул қилган акамиз Украина пойтахти Киевдаги Ислом марказига бориб ўзини мусулмон бўлганини эълон қилган Виктор. У 43 ёшда.
Ажабланарлиси шундаки, Виктор насронийлар институтини тамомлаган. Унинг айтишича, унга черковда бир каттагина масъулятли вазифада ишлаш таклиф қилинганда, у бош тортган экан. Диний таълим олган, ўқимишли бўлишига қарамай, қурувчилик касбини танлаган экан. У китоб ўқишга берилиб кетиб, Ислом дини ҳақида бир нечта китобларни ўқиб чиқибди. Охири билибдики, динларнинг энг тўғриси «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!» дейдиган Ислом дини экан.
У Ислом динида фарз қилинган рўзани тутишга киришган. У «Рўзани тутишимиз шарт!», деб ҳис қилади. Бошқа вақтларга қараганда Викторнинг қорни қаттиқроқ оч қолиб, жуда ҳам қаттиқ чанқаганини ҳис қилмоқда. Чунки унинг касби қурувчилик. Бу эса ўз навбатида иссиқ ҳавода оғир нарсаларни кўтариш, қаттиқ ишлашни талаб қилади. Шунга қарамай, у бир сўзни таъкид билан қайтаради: «Ислом динига киргандан кейинги роҳатим очлик ва чанқоқликни сезишимдан кўра анча кучли!»
Виктор бўш вақтларида одатда оила аъзолари ва қариндошларига қўнғироқ қилиб улар билан Ислом дини ҳақида гаплашар экан.
У оиласи даврасида узоқ вақт насроний дини таълимотларига эргашиш лозим эканлигини тарғиб қилган. Лекин ҳозир у янги кирган динида топган халоватлари ҳақида гапирмоқда.
Виктор Рамазон ойида барвақт масжидга бориб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганди. Ифторлик қилгандан сўнг қўлига намоз ўқишни ўргатадиган китобни олиб, мутолаа қилар эди. Чунки у намоз вақтида қандай оят ва зикрлар ўқилишини ҳали билмайди. Лекин Виктор доимо намозда топадиган роҳатидан хурсанд эканлигини таъкидлайди.
Хулоса қилиб айтганда, бу Исломни янги қабул қилган икки мусулмоннинг биринчи Рамазон рўзасини тутишидир.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасдан қиёматда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд қилсин!
Тошкент вилояти Қибрай тумани Саъдулла ота номли жоме номли жоме масжиди имом хатиби.