Ибн Исҳоқ: Менга Язид ибн Зиёд, «Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан ҳамда нажронлик бир киши Нажрон халқи ҳақида шундай дедилар: Нажрон халқи мушрик бўлиб, бут ва санамларга топинар эди. Нажрон ўша атрофдаги қишлоқларнинг энг каттаси бўлиб, у ерга атроф қишлоқларнинг одамлари йиғилар эдилар. Бу ерга яқин қишлоқда бир сеҳргар нажронлик болаларга сеҳр илмидан сабоқ берарди. Файмиюн у ерга келганидан сўнг Нажрон билан сеҳргар яшовчи қишлоқ ўртасига ўзи учун чодир қурди. Нажрон халқи ўз болаларини сеҳргар ҳузурига, сеҳргарликни ўргатиши учун юборар эдилар. Бир куни Сомир исмли шахс ҳам ўғли Абдуллоҳ ибн ас-Сомирни Нажрон болаларига қўшиб сеҳргар ҳузурига жўнатди. Абдуллоҳ сеҳргар ҳузурига кетаётиб, Файмиюннинг чодири ёнидан ўтар, чодир эгасининг намоз ва ибодатларини хуш кўрар эди. Бола чодир ичига кириб, Файмиюннинг суҳбатларини эшитар ва у билан бирга қолиб кетарди. Унга Файмиюннинг гаплари таъсир этди ва ўша вақтдаги ҳақ динни қабул қилди. Абдуллоҳ Аллоҳнинг яккалигини тан олиб, унга ибодат қила бошлади. У ўз устозидан барча шаръий ҳукмларни ўрганарди. Абдуллоҳ ниҳоят олим инсон бўлиб етишиб, устозидан Аллоҳнинг энг улуғ исми бўлмиш «Исми Аъзам»(1) ҳақида сўрай бошлади. Устози бу исмни биларди, аммо шогирдидан яширди ва унга: «Эй жиян, сен уни кўтара олмайсан, мен сенинг заифлигингдан қўрқаман», деди. Абдуллоҳнинг отаси Сомир эса, ўғлини бошқа болалар каби сеҳргар ҳузурига қатнаяпти, деб ўйларди. Абдуллоҳ устозининг Исми Аъзамни қизғанганини ва ўзининг бу исмни кўтара олмаслигидан қўрққанини кўргач, бир нечта ёй ўқларини тўплади. Сўнгра ўзи ўрганган Аллоҳнинг исмларини ўқларга бирма-бир ёзди. Кейин олов ёқди ва унга ўқларни навбат билан ташлай бошлади. У Исми Аъзам ёзилган ўққа етганида уни ҳам оловга ташлади. Ўқ ўша заҳоти оловдан отилиб чиқди, ўт унга зарар қилмаган эди. Сўнг Абдуллоҳ ушбу ўқни олиб, устози ҳузурига келди ва унга Исми Аъзамни билиб олганини айтди. Устози Исми Аъзамни сўради. Абдуллоҳ айтиб берганда, устози буни қандай билиб олганини сўради. У эса қилган ишини айтиб берди. Шунда устози: «Эй жияним, дарҳақиқат, уни тўғри топибсан, энди ўзингни эҳтиёт қил, аммо бунинг уддасидан чиқа олмайсан, деб қўрқаман», деди.
(1) - Исми Аъзам-Аллоҳнинг энг улуғ исми бўлиб, у билан дуо қилинса, албатта, ижобат бўлур. Ҳадисдан.