Сўнг Абдулмутталиб у билан бирга кетди. Ўғилларидан бирини ўзи билан олган эди. У Абраҳа аскарлари жойлашган ерга етганда Зу Нафрни сўради. Чунки Абдулмутталиб у билан дўст эди. Уни Зу Нафр ётган ҳибсхонага олиб кирдилар. Шунда Абдулмутталиб: «Эй Зу Нафр, сен бизни бошимизга тушган балодан қутқара оласанми?» деди. Зу Нафр: «Мен бир асир бўлсам, подшоҳ мени хоҳласа эрталаб, хоҳласа кечқурун қатл этиши мумкин бўлса, менинг қўлимдан нима ҳам келарди? Мен бунга қодир эмасман, лекин подшоҳнинг филини етаклаб келаётган Унайс менинг дўстим бўлади. Унга одам юбориб, сенга ёрдам беришга ундайман, у сенга подшоҳ олдида истаган нарсангни сўрашингга ижозат олиб беради», деди. Шундан сўнг Зу Нафр Унайсга одам юборди ва унга: «Абдулмутталиб Қурайшнинг саййиди ва Макканинг карвонбошисидир. У ерда одамларга ва тоғлар тепасида йиртқичларга таом беради. Подшоҳ унинг икки юз туясини олиб қўйибди, сендан илтимос, унинг подшоҳ ҳузурига киришига кўмаклаш ва унга қўлингдан келган ёрдамингни бер», деди. Унайс «хўп» деди ва Абраҳа ҳузурида: «Эй подшоҳ, мана бу Қурайшнинг саййиди, эшигингиз олдида киришга изн сўраб турибди. У Макка карвонининг эгаси, ерда одамларга, тоғу тошда йиртқичларга таом беради. Изн берсангиз, у бир ҳожати хусусида сиз билан сўзлашмоқчи, унга яхшилик қилсангиз», деди. Шунда Абраҳа Абдулмутталибга ҳузурига киришга изн берди.