Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирдан-бир сифатлари маъсумликларидир. Яъни маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур етказадиган ва инсонлик қадрини кетказадиган нарсалардан четда бўлишларидир.
Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг гўзал ахлоқлилари, энг пок амал қиладиганлари ва тасарруфотлари энг тўғриларидир.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликлари «исмат» тушунчаси асосидадир.
«Исмат» сўзи луғатда «ман қилиш», «сақлаш» маъносини англатади.
«Исмат» сўзининг шаръий маъноси эса «Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбар ва набийларини гуноҳ ва маъсият ҳамда мункар ва ҳаром ишларни қилишдан сақлашидир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини хулқий ва жасадий айблардан ҳамда бошқалар нафрат қиладиган касалликлардан ҳам асрагандир.
Чунки Аллоҳ таоло одамларни у зотларга эргашишга, иқтидо қилишга ва уларнинг йўлидан юришга амр қилган. Пайғамбар алайҳиссаломлар барча башарга яхши ўрнакдир. Агар улардан маъсият ва мункар ишлар содир бўлиши жоиз бўлса ёки мазкур нуқсонлардан бирортаси мавжуд бўлса, у нарсалар шариатда бор нарсаларга айланиб қолади. Бу эса мутлақо мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини маъсум қилган. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни Ўзининг доимий инояти ила ўраган. У зот пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб:
«Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен риоятимиздасан», деган («Тур» сураси, 48-оят).
Афсуски, бошқа динларда пайғамбарларга турли гуноҳларни қилганлик нисбати берилади.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан