Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Аҳқоф» сурасида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Бас, азиймат соҳиби бўлган Расуллар сабр қилгандек сабр қил», деган (35-оят). «Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган пайғамбарлар: Нуҳ алайҳиссалом. Иброҳим алайҳиссалом. Мусо алайҳиссалом. Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк пайғамбарларнингг бошига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб, қийин ҳолга тушганларида улардан ўрнак олишга чақирилмоқда. «Бас, азиймат соҳиби бўлган Расуллар сабр қилгандек сабр қил!» У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам улар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар. Баъзи муҳтарам уламоларимиз пайғамбар алайҳиссаломларнинг қиссасини келтиришда аввал «Улул азм»ларининг қиссасини баён қилиб, кейин бошқаларига ўтганлар. Бошқалари эса тарихий силсила тартибига риоя қилганлар. Биз иккинчи услубни ихтиёр қилдик.
«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан