20 жумадул аввал 1446
Пайғамбарларнинг фазл даражалари

Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун «Бақара» сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади:

«Ана ўшалар Расуллардир. Уларнинг баъзи­ларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор. Баъзиларининг дара­жасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас Руҳ билан қўлладик» (253-оят).

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Кишилар бу ҳақиқатни тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Булар» деган сўз келмоқда. Бу Пайғамбар алайҳиссаломларга нисбатан кўрсатилган эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан

«Ана ўшалар Расуллардир» дейилиши улкан ҳурматга далолат қилади.

Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг фазли баъзиларидан устун эканлиги ва ўша устунлик нимада эканлиги ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».

Мазкур фазл пайғамбар алайҳиссаломларни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча умматлар ва барча авлодларга юборилган бўладилар.

Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

«Улардан Аллоҳ гаплашгани бор».

Яъни, пайғамбарлар ичида Аллоҳ у билан гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Мусо алайҳиссаломнинг лақаблари «Калиймуллоҳ»дир. Бу эса «Аллоҳ ила сўзлашган» деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам оятда у кишининг номлари айтиб ўтирилмаган.

«Баъзиларининг даражасини кўтарган».

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

«Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас Руҳ билан қўлладик».

Қуръони Карим доимо Ийсо алайҳиссаломни оналари Марямга нисбат бериб, зикр қилади. Бу билан у зотнинг инсон эканлигини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканлигини исбот ҳам қилади.

У зотга берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар»га у кишига туширилган Инжил китоби ва бошқа турли мўъжизалар киради. «Муқаддас руҳ» Жаброил фариштадир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фаришта. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом юборилсалар, бу катта қўллаш ҳисобланади.

Ояти каримада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад алайҳиссаломга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пай­ғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зот ҳаммадан устун турадилар. У зотнинг пай­ғамбарликлари барча авлодлар, барча умматлар ва халқлар учундир. У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У зотнинг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам у зотдан ке­йин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга берган фазийлатларни жамлаб, Муҳаммад алайҳиссаломга берган. Шундай бўлса ҳам, пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», дейдилар.

Бу нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозеъ. Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб, «Оятда воқеъликдан хабар берилган, ҳадисдаги даъват эса пайғамбар алайҳиссаломнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканлигига далолат», деганлар.

Аммо пайғамбарларнинг пайғамбар эканликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқ қилинмайди. Бу ҳақда «Бақара» сурасининг охирида айтилади:

«Унинг Расулларидан бирорталарини ажратмаймиз» («Бақара» сураси, 285-оят).

Яъни Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.

Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди. Чунки мазкур пайғамбарларнинг барчасига тушган дин Ислом бўлган.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

14:07 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Ражаб ойининг 4-куни
Анбиёлар
УЛУЛ АЗМ ПАЙҒАМБАРЛАР
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Аҳқоф» сурасида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Бас, азиймат соҳиби бўлган Расуллар сабр қилгандек сабр қил», д...
04:30 / 27.06.2020 Батафсил...
Анбиёлар
Қуръонда зикри келган пайғамбарлар
   Қуръони Каримда исмлари зикр қилинган пайғамбарлар қуйидагилар: Одам алайҳиссалом. Идрис алайҳиссалом. Нуҳ алайҳиссалом. Ҳуд алайҳиссалом. Солиҳ алайҳиссалом. Иброҳим алайҳиссало...
23:28 / 26.06.2020 Батафсил...
Анбиёлар
Пайғамбарларнинг вазифалари
Аллоҳ таоло нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Ал...
07:10 / 27.06.2020 Батафсил...
Анбиёлар
Пайғамбарларнинг фазл даражалари
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун «Бақара» сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади: «Ана ўшалар Расуллардир. Уларнинг баъзи­лари...
14:07 / 26.06.2020 Батафсил...